Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарё вилояти ҳокими: Хўжа Илғор қишлоғида йирик масжид қурилади

Бугун Амир Темур таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғида буюк Соҳибқирон, давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги катта тантана қилинмоқда.

ЎзА хабарига кўра, тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этиб, журналистларга интервью берди.

– Амир Темур бобомиз дунё халқлари цивилизацияга ҳам салмоқли ҳисса қўшган, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев. – Шу боис биз Соҳибқирон бобомиз билан фахрланамиз. Бу йил Соҳибқирон таваллуд санасига Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан алоҳида тайёргарлик кўрилди.

Қашқадарёда 500 мингдан ортиқ оила истиқомат қилади. Бугун уларнинг барчаси оиласи даврасида, маҳалла-кўйларда, таълим муассасаларида, Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Оқсарой ёдгорлик мажмуаси атрофида Амир Темур хотирасига Қуръон тиловат қилиб, бобомиз ҳақида фарзандларига сўзлаб бермоқда. Хусусан, Хўжа Илғор қишлоғида халқ сайли кўринишида илк бор ўтказилаётган бугунги тадбир халқимиз кайфиятини кўтариб юборди. Келгусида бу қишлоқда Амир Темур таваллуд кунини анъанавий ўтказишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари Хўжа Илғор қишлоғида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу ерда йирик масжид бунёд этилиши режалаштирилмоқда. Бу ерга зиёрат туризми учун келган сайёҳлар ибодат амалларини бажаришлари мумкин бўлади. Ҳудудда Амир Темур ва темурийлар даврига оид музей ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2904 марта ўқилди

Янгиликлар

Top