Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилади

Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. 

Ушбу фармонга мувофиқ Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди асосий вазифалари белгиланди. 

2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи: 

ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилади; 

пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади. 

Мазкур имтиёзлар барча диний-маърифий ташкилотлар ходимларига татбиқ этилади. 

Ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилади. 

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда мазкур давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш топширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқи ахборот” канали хабар берди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

3631 марта ўқилди