Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон байрами

Қуръон Аллоҳнинг Каломи! Уни ўқиган, ўрганган кишининг қалби покланади, ахлоқи гўзаллашади, ўқиган жойига барака ёғилади, сакина тушади.

Юртбошимизнинг ташаббуслари билан бошланган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг барча вилоятлардаги туман-шаҳар ҳамда вилоят босқичлари ўтказилиб, Республика босқичига етиб келдик. Кеча 21 апрел куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар Ёшлар марказида Мусобақанинг Республика босқичи бошланди.

Қуръонни тинглаш, мусобақани бевосита томоша қилиш мақсадида юртимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган Қуръони Карим мухлислари, мусобақа иштирокчиларининг яқинлари қорилар томонидан ўқилаётган оятларни ихлос, кўзда ёш, қалбда титроқ билан тингладилар.

Олдинги босқичларда сараланиб-сараланиб келган қориларимиз бир-бирларидан гўзал тарзда тиловат қилиб, барча Қуръон шайдоларининг қалбларини эришига сабаб бўлдилар. Мусобақа чин маънода ҳақиқий Қуръон байрамига айланиб кетди. Ҳар бир иштирокчи Қуръон тиловатини бошлаганда, меҳмонларнинг кўзларида ёш қалқир эди. Бундай ҳолат мусобақани онлайн кузатиб турган юртдошларимиз ва хориждаги ватандошларимизда ҳам бўлган бўлса ажаб эмас.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизийлар ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Бир киши сураи “Каҳф”ни қироат қиларди. Унинг оти олдига икки арқон ила боғлаб қўйилган эди. Уни бир булут ўраб олиб, айланиб унга яқинлаша бошлади. Оти эса чўчиб ундан қоча бошлади. Тонг отгандан сўнг ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб У зотга бўлган ҳодисани зикр этди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана ўша сакийнадир. Қуръон учун нозил бўлибдир”, дедилар

ЎМИ Матбуот хизмати

2486 марта ўқилди

Янгиликлар

Top