Ўзбекистон янгиликлари

Жўқорғи Кенгес раиси Қуръон мусобақасининг мутлоқ ғолибини қабул қилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жорий йилнинг 21-24 апрель кунларида Ўзбекистон Мусулмонлари бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган Қуръон мусобақасининг “Ҳифз” йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳиби, мусобақанинг мутлақ ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси, қорақалпоғистонлик Жолдасбой Нуритдиновни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов мусобақа ғолибини ажойиб ғалаба билан табриклаб, ҳурматли Президентимизнинг раҳбарлигида мустақил давлатимизда диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, буюк боболаримиз томонидан қолдирилган бой илмий-маънавий меросни ўрганишга қаратилаётган алоҳида эътиборни таъкидлаб ўтди. 

Юртбошимизнинг ташаббуси билан ўтказилган ушбу мусобақа Қорақалпоғистон Республикасининг вакиллари учун жуда муваффақиятли бўлди. Жумладан, Жолдасбой Нуритдинов мутлақ ғолиб сифатида Президентимизнинг совғаси “Жентра” автомашинаси билан тақдирланган бўлса, 18-25 ёшдаги эркаклар ўртасида “Тиловат” йўналиши бўйича яна бир Қорақалпоғистон вакили Нурмуҳаммед Аметниязов учинчи ўринни, диний таълим муассасаларининг талабалари ўртасида “Тиловат” йўналиши бўйича Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус Ислом билим юртининг талабаси Ҳамидуллоҳ Ҳикматуллаев иккинчи ўринни эгаллади. 

Мусобақанинг мутлоқ ғолиби Жолдасбой Нуритдинов 1995 йил 9 январьда Хўжайли туманининг Кенегес қишлоғида туғилган. 2010-2014 йилларда Нукус шаҳар Ислом билим юртида таълим олган. Ҳозирги вақтда Тошкент Ислом институти талабаси.

 

 

2011 йил ХХI республика Қуръон мусобақасининг, 2012 йил XXII республика Қуръон мусобақасининг ғолиби бўлган бўлса, 2013 йилда Қувайт давлатида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасига қатнашиб, дастлабки ўнликдан ўрин эгаллаган. Бундан ташқари, 2016 йил Тошкент Ислом институтида бўлиб ўтган “Қуръон зиёфати” танловида, шу йилнинг ўзида ушбу институтда бўлиб ўтган дастлабки Азон айтиш мусобақасида ғолиб бўлган. 

Ўз навбатида, мусобақа ғолиби Жолдасбой Нуритдинов алоҳида эътибори учун Жўқорғи Кенгес Раисига миннатдорчилик билдирди. 
 
Қабул якунида ғолибга эсдалик совғалар топширилди. 
 
 
  
 
А.Насирлаев, ЎзА
 
2809 марта ўқилди

Янгиликлар

Top