Ўзбекистон янгиликлари

Андрес Ауэр: бу серқуёш ўлка менга бегона эмас

Бугун, 10 май куни Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов кутиб олди.

Иброҳим домла Иномов меҳмонларни ташриф билан самимий қутлаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломларини етказди.

Шундан сўнг, Иброҳим домла Иномов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, диний соҳадаги ижобий янгиликлар ҳақида гапириб ўтди.

У нутқида давом этиб, диний идора, унинг тузилмаси ва фаолияти ҳақида атрофлича  тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили бир неча юз минглаб ададда китоб, журнал ва газеталар чоп этилаётганини таъкидлади. Бугунги тезкор замонда, ахборот олиш ва алмашишнинг энг қулай воситаси интернет бўлгани учун ҳозирда диний идора тизимида ҳам бир неча ўнлаб сайтлар фаолият юритаётгани, уларда кундалик хабарлар, турли мавзудаги мақолалар, онлайн дарслар ва тезкор савол-жавоблар бериб борилаётганини алоҳида қайд этди.

Учрашувда сўз олган делегация раҳбари Андреас Ауэр диний идора вакилларига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. У ўз нутқида бу серқуёш ўлка унга бегона эмаслиги, Ўзбекистонда анча йиллардан бери ишлаши, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида озми кўп ҳисса қўшаётганидан мамнун эканини билдирди. Шунингдек, у Германия давлат университети билан ҳамкорликда ижтимоий-диний масалаларга бағишланган кўплаб лойиҳалар, жумладан, ҳозирда Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйича янги лойиҳа устида иш олиб бораётганини айтди.

Самимий руҳда кечган мулоқот давомида жаҳолатга қарши кураш бўйича Диний идора ва имом-хатиблар томонидан олиб борилаётган ишлар, айниқса, маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув якунида делегация раҳбари Андреас Ауэр юртимизда амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар ва янгиланишларни эътироф этиб, Ўзбекистонда ёшларни радикал ғоялардан ҳимоя қилиш борасида жуда катта ишлар қилинганини юксак баҳолади.

Меҳмонлар қабул ва самимий суҳбат учун миннатдорлик билдирдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2617 марта ўқилди

Янгиликлар

Top