Ўзбекистон янгиликлари

Тақдимот: олимлар даврасига файз ёғилади

Бугун пойтахтдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Камтарлик ва кибр” ҳамда “Эзгулик кушандаси” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олиму уламолар, Тошкент ислом инситути  раҳбарлари ва ходимлари, таниқли ноширлар, Шайхонтоҳур тумани отинойилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имоми ноиби Муҳаммадлойиқ Аминов тиловати ва Абдуллоҳ Исмоилов домланинг дуойи хайрлари билан бошланди.

Шундан кейин ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг тадбир иштирокчиларига йўллаган саломини ва тақдим этилаётган китоблар муаллифига табригини етказди. Ушбу китобларнинг фазилати ҳақида сўз юритган  Абдуллоҳ Исмоилов:

– Кибр икки хил бўлади: биринчиси – “кибр” деб аталгани – молу давлат, ҳасабу насаб, мақому мартаба билан мағрурланишдир; иккинчи – ақли, илми, фаросати ва заоксига кибрланишга “ужуб”, деб аталади. Ана шуниси кибрнинг хатарлисидир. Одилхон қори Азозилнинг кибрланиб Иблис бўлиб қолишидан бошлаб бу иллатнинг нақадар хатарли эканини ўқувчи эътиборига ҳавола қилган. – деди.

Ундан кейин сўз олган нотиқлар китоб ёзиш – масъулиятли, машаққатли ва савобли иш экани. Кўз нури тўкиб тунлари уйқуни ҳаром қилиб битилган китоблар уни ёзган одамга бу дунёда фойда етказиб турганидек, ўтганидан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар сирасидан эканини айтдилар.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров домла китоб ёзиш, мутолаани севиш, китоб ёзиш ва ўқишдан баҳра олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган беқиёс неъмат экани ҳақида сўз юритар экан, жумладан, бундай деди:

– Инсон фақат ибодатлар билан яшамайди. ахлоқий ҳасаналар орттириши ҳам керак. Бунинг учун эса ҳар доим китобга эҳтиёж мавжуд бўлади.

Сўз навбати етган ЎМИ Масжидлар бўлими бошлиғи Раҳимберди Раҳмонов домла яқинда Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари билан бирга Индонезияда сафарда бўлганини, у ерда уларнинг олдига бир турк олими келиб, “Бизнинг исломий ўқув юртларда дарс ўтиладиган китобларнинг қарийб етмиш фоизи сизнинг юртингиздан чиққан олимлар қаламига мансубдир”, деб эътирофи-ю эҳтиромини баён қилгани; нигериялик бир олим эса ўзларининг давлати президенти ўзига Имом Бухорий нисбасини олганини  айтганини маълум қилди.

– Нотиқлик қадим замонлардан  алоҳида санъат тури ҳисоблаб келинган ва бизнинг аждодларимиз орасида ҳазрат Навоийлар яшаган даврда, айниқса, юксак мақомга эришган, – деди у, –  Одам яхши воиз бўлиш учун унинг сўз бойлиги  камида 4.500-5000 сўз бўлмоғи керак. Бунинг учун воиз ўз устида тинимсиз ишламоғи, диний адабиётлар билан бирга бадиий адабиётларни, халқ оғзаки ижодини ўқиб-ўрганиб бормоғи лозим бўлади. Одилхон қори Юнус ўғли тиним билмасдан илмини ошириб боришга, элга фойдаси тегишини истаб китоблар ёзишга мўккасидан кетган олим ва воиз одам. Унинг ана шу икки асаридан юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз кўп манфаат топади. Чунки бу асарлар қалб муолажасига бағишланган китоблардир.

“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти муҳаррири, таниқли ёзувчи Эркин Малик бугунги кундаги китобхонлик  ва  диний адабиётларнинг ўзига хос бўлган тили тўғрисида сўз юритаркан, Одилхон қорининг мавзу танлаш маҳорати юқор эканига эътибор қаратди.

Исми шарифини эшита олмай қолдик ва яна ўзидан сўрашга тортиндик. Бир нуроний отахон сўз сўраб олиб бундай деди:

– Мен академикман, Архитектура институтида дарс бераман, ёшим 83 да. Жума кунлари шу масжидга маъруза тинглаш учун келаман. Ҳар доим жума маърузасини тинглар эканман. қанийди, шу амри маъруфларни ёшларимиз ҳам эшитса эди, деб орзу қиламан.

Бундай дейишимга сабаб коллежлар ва бошқа ўқув юртлари талабалари орасида ҳуқуқбузарлик ва безорилик ҳодисалари учраб турганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Ўйлайманки, ёшларимиз ушбу маърузаларни тингласа, мана бу китобларни ўқиб-ўрганса, турли нохушликларнинг, тарбиясизликларнинг олди олинган бўлар эди.

Ёшлигимда етим қолдим. Гўзал онамиз икки фарзандини ўйлаб турмушга чиқмади. мактабга бордим таълим олдим – қарз бўлдим, маҳалла-кўйдан одоб-ахлоқ ўргандим – қарз бўлдим, олий ўқув юртида таҳсил олдим – қарз бўлдим... Ҳозир эса шу ёшимда ҳам катта масъулият ила ўша қарзларимни адо этиб келмоқдаман...

Тақдимотда қатнашиб келган ҳамкасбимиз Даврон Нурмуҳаммад айтади: “Боболаримиз ана шундай илмий мажлислардан қолмасдан қатнашиб юришининг сабаби, улар ўша мажлисларда илм ўрганиш билан бирга олимлар йиғилиб, илму маърифатдан сўз юритган даврага Аллоҳ таоло ёғдириб қўйган файздан баҳра олиш, фаришталар илмий давралар рўйхатини тузган чоқда ўша рўйхатга илашиб қолиш бўлган экан”.

Бизга ҳам бугун муҳтарам воизимиз Одилхон қори Юнусхон ўғли ёзган асарлар тақдимоти муносабати билан олиму уламоларимизнинг ана шундай файзли суҳбатида иштирок этиш насиб айлади. Яна иккита китоб ва унинг ортидан эҳсон дастурхони билан ҳам сийландик.

Аллоҳ таоло ушбу олимимизнинг ижодига, умрига, ризқига баракот ато айлаб, келажакда элимизга манфаати етадиган янада гўзал асарлар битишни насиб қилсин!

 

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

2578 марта ўқилди

Янгиликлар

Top