Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Таровиҳ намози янги масжидда ўқилади

Бугун 14 май куни Тошкент шаҳридаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидини бутунлай қайта қуриш ишлари якунига етаётгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар жомега ташриф буюрдилар.
 Муҳтарам Президентимиз ўтган йили 21 апрель куни мазкур “Имом ат-Термизий” масжидига ҳам ташриф буюриб, уламолар ва нуронийлар билан суҳбатлашган эдилар. Давлатимиз Раҳбари буюк аллома бобомиз номидаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидини тубдан қайта қуриш, атрофларини гўзал масканга айлантириш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берган эдилар. Мана шу йўналишда жуда катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бундан атрофдаги хонадон эгаларининг ҳам қувончи чексиз бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилди. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишди. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб, масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий). Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг гўзал шаклда, замонавий услублар ва миллий қадриятларимизни ўзида акс этган биносини кўздан кечириб, ушбу масжид мусулмонлар учун мўътабар маскан сифатида хизмат қилишини таъкидлаб ўтиб, хайрли дуолар қилдилар.
“Имом ат-Термизий” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими шу йил 16 май куни Таровиҳ намози билан бирга-бирга бўлиши мўмин-мусулмонлар учун муборак Рамазон ойига муносиб туҳфа бўлади. Рамазон кунларининг раҳмат кечаларида “Имом Термизий” масжидига таровиҳ намозини адо этиш учун юзлаб намозхонлар ташриф буюришади. Шундай экан, масжидга ибодат қилиш учун келганлар ҳар намоз сўнгида она-Ватанимиз тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуолар қилишади. Бундай хайрли дуолар шарофати ила Яратган Парвардигор юртимизни янада фаровон қилади, иншоаллоҳ!



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3255 марта ўқилди