Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Саудия элчиси Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолади

Кеча, 15 май куни Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.
Дастлаб, муфтий ҳазратлари элчи жаноблари ва Саудия Арабистони халқини кириб келаётган муборак Рамазон ойи билан самимий қутладилар. Бу йилги Рамазонга тайёргарлик ва ушбу ойни қаршилаш ҳақида нутқ сўзлаб шундай дедилар:
– Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳада жуда ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Ислом дини таълимоти ва унинг ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг илмий меросларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратаётганидан жуда ҳам мамнунмиз. Шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбари томонларидан имзоланган тарихий Фармонлари барча мўмин-мусулмонларимизни жуда ҳам чексиз қувонтирди. Шунингдек, янги масжид-мадрасалар ташкил этилиши мўмин-мусулмонларга муносиб туҳфа бўлмоқда. Шуларни инобатга оладиган бўлсак, эшик қоқиб келаётган моҳи маҳбуб бу йил ҳар қачонгидан ҳам сермазмун бўлади, иншоаллоҳ.
Суҳбат асносида муфтий ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифати йилдан-йилга яхшиланаётганини алоҳида таъкидладилар. Ушбу ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этишда яқиндан ёрдам бераётган Саудия Арабистони элчихонасига алоҳида миннатдорлик билдирдилар.
Учрашувда сўз олган Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим, дастлаб, муфтий ҳазратлари ва бутун Ўзбекистон халқини Рамазони шариф билан табриклади. У ўз сўзида сўнги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар борган сари ривожланиб бораётгани, икки халқни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар: дин, маданият, илм-маърифат борасидаги алоқаларни алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, элчи жаноблари ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат қилиш улкан шараф эканини таъкидлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиланишларни юқори баҳолади.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 


ЎМИ Матбуот хизмати

2671 марта ўқилди