Ўзбекистон янгиликлари

Муборак ойда муфтий ҳазрат Андижонда

Муборак Рамазон ойи кўнгилларга илоҳий файз бахш этишда давом этмоқда. Мўмин-мусулмонлар ихлос ила рўза тутиб, нафсни енгиб, ибодатларда собитқадам бўлишга интилишмоқда. Улуғ ой шукуҳи таровиҳ намозлари ва хатми Қуръонларда яққол намоён бўлмоқда.
Барокатли кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурхон Акрамов бошчиликларида бир гуруҳ мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш мақсадида, Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибдилар.
Бугун Муфтий ҳазратлари Асака туманидаги “Файзиобод” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларни муборак Рамазон ойи билан самимий қутлаб, дуолар қилдилар. Сўнгра, жамоат билан бирга-бирга таровиҳ намозини адо этиб, хатми Қуъонда қатнашдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга мавъиза қилиб, бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган Ислом дини ривожи йўлидаги тарихий ишлар, хайрли ижроотлар ва Яратган Парвардигоримизнинг берган неъматларига шукрона қилиш тўғрисида сўзлаб бердилар. Рамазон ойи яхшилик, саховат, ибодат мавсуми экани, бу қутлуғ ойда меҳр-мурувват ишларини кўпайтириш, ёрдамга муҳтож кишиларга моддий-маънавий кўмаклашиш ва кўп-кўп ибодатлар, дуо-ю илтижолар қилиш ҳақида муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.
Ўз навбатида андижонлик мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ва уламоларимизнинг ташрифларидан бағоят мамнун бўлишди. Уларнинг таъсирчан ва ибратли маърузалари намозхонлар кўнглидан чуқур жой олди.
Бир сўз билан айтганда, бу йилги Рамазон ойи юртимизнинг барча вилоятларидаги жомелар сингари, Андижон вилоятидаги масжидларда ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Буни намозхонларнинг юз-кўзида балқиб турган миннатдорлик ифодасидан, тилларидаги шукроналик сўзларидан ҳам билиш мумкин.
Муфтий ҳазрат бошчиликларидаги мутасаддиларнинг Андижон вилоятига сафарларин давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2648 марта ўқилди

Янгиликлар

Top