Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Silk-виза - Осиё "шенгени"ни йўлга қўйиш таклиф қилинди

Қозоғистон Сенати Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева Осиё "шенгени"ни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда "Tengrinews" сайтига таяниб "kun.uz" нашри хабар берди.

Қозоғистонлик сенаторлар Сариёғочда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва туризм масалалари қўмитаси депутатлари билан учрашишди.

Учрашув доирасида Дариға Назарбоева Ўзбекистон ва Қозоғистонда туризмнинг ривожланиши ҳақида сўз юритди.

"Бир-биримизни яхши билишимиз ва ишонишимиз учун туристик салоҳиятни ривожлантириш жуда муҳим. Биз икки мамлакат туризмини рағбатлантириш, шунингдек бу ерларга яқин ва узоқ хорижий давлатлардан сайёҳлар ташрифини рағбатлантириш зарурлиги ҳақида гапирган эдик. Улар Марказий Осиёга келишганида бирйўла барча мамлакатлар ва бу ерлардаги диққатга сазовор жойларни кўргиси келади. Европалик ва Осиё жануби-шарқидаги сайёҳлар учун Марказий Осиё яқин манзил эмас. Шунинг учун улар узоқ масофаларни босиб ўтганга яраша бир саёҳатда бир ўйла барчасини кўриш истаги пайдо бўлади, бунинг учун эса умумий визани йўлга қўйиш керак", - деди Назарбоева.

"Биз бу Осиё "шенгени" бўлиши, уни Silk-виза деб аташ мумкинлиги ҳақида гаплашган эдик", - дея таъкидлади у. Депутат мамлакатлар туристик йўналишларни бирга тарғиб қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

"Самарқанд, Хива ва Бухорони кўпчилигимиз кўрганмиз, дея олмаймиз. Мен Самарқанд ва Тошкентда бўлганман, бироқ бошқа шаҳарларда ҳали бўлмаганман", - дейди Назарбоева.



ЎМИ Матбуот хизмати

2535 марта ўқилди