Ўзбекистон янгиликлари

Доктор Муҳаммад Юсуф: бебаҳо юртнинг буюк алломалари жаҳонда алоҳида эҳтиром билан тилга олинади

Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида 11-12 июнь кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтказиладиган “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” халқаро конференциясига хорижлик меҳмонлар ва экспертлар юртимизга ташриф буюра бошладилар.
Конференцияга Малайзия Қироллигидан ташриф буюрган Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори профессор Муҳаммад Юсуф ибн Ҳожи Усмон бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан учрашди.
Малайзиялик меҳмонга Ўзбекистон Республикасида буюк аждодлар меросини ўрганиш, уни келажак авлодлар учун сақлаш, диний таълим соҳасини ислоҳ қилиш, соҳа учун юқори савияли мутахассислар тайёрлаш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, Халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Халқаро Ислом академиясининг мақсадлари ва вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Доктор Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Берунийнинг исмларини жаҳон илм аҳли алоҳида эҳтиром билан тилга олишларини, ушбу буюк зотлар қолдирган мерос умуммусулмон ва умумжаҳон мероси эканини таъкидлади. "Президентингиз мамлакатингиз ҳаётидаги барча йўналишларда бир пайтнинг ўзида ислоҳотлар ўтказишга киришди ва уларни бутун жаҳон қўллаб-қувватламоқда. Мен иштирок этишим керак бўлган конференция ҳам терроризм ва маърифий ислом бир-бирига мутлақо зид эканини намойиш қилади, деб ўйлайман. Ўзим унда Васатия (исломда мўтаъдиллик) мавзусида маъруза қилмоқчиман. Айнан мўтаъдиллик маърифий исломнинг тамойилларидан биридир", деди Малайзиялик меҳмон.
Учрашув якунида Малайзия Қироллиги Ислом цивилизацияси институти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзолашга келишиб олинди.



Ислом цивилизацияси маркази
Матбуот хизмати

533 марта ўқилди

Янгиликлар

Top