Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари пойтахтдаги хатми Қуръонларда иштирок этдилар

Қутлуғ ойнинг илоҳий раҳматлари ёғилиб турган охирги даҳа кечаларида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пойтахтимиздаги масжидларда ўтказилаётган хатми Қуръон якунларига ташриф буюрдилар.
Аввал муфтий ҳазратлари водий вилоятларида бир неча кун мобайнида масжидлардаги таровеҳ намозларида иштирок этиб, Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида мавъизалар қилиб берганлари тўғрисида хабарлар берган эдик.
Айни шу кунларда эса муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳридаги жоме масжидларга ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларга фазилатли ой ҳақида сўзлаб бермоқдалар. Шунингдек, намозхонлар билан дилдан суҳбат қилиниб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, самимий дил сўзлари билан ўртоқлашилмоқда.
Бугун муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги “Абдуллоҳ ибн Масъуд”, Яккасарой туманидаги “Ракат” ва Олмазор туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжидларига ташриф қилдилар. Мўмин-мусулмонларга энг самимий сўзларни айтиб, Рамазон ойининг охирги кунларида ибодату илтижоларни янада кўпайтириш, ғанимат дамларни қадрига етиб қолиш тўғрисида ваъз-насиҳат қилдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга Яратган Парвардигорнинг раҳмат-мағфирати ёғилиб турган мана шундай ҳузурбахш кечаларда таровеҳ ва хатми Қуръонда иштирок этиш, кундузлари соим, кечалари қоим бўлиш нақадар улуғ савобли амаллар эканини таъкидладилар.
Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга нисбатан ҳар бир киши туну кун Ҳақ таолога шукрона қилиши тўғрисида сўзладилар.
Олмазор тумани “Имом Бухорий” жоме масжидидаги суҳбатда муфтий ҳазратлари давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Олмазорни намунали туманга айлантириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилгани, маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда бир неча ишчи гуруҳлар жадал иш олиб бораётганини алоҳида қайд этдилар. Айниқса, диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблардан иборат ишчи гуруҳлар хонадонларга бориб, кишиларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини жойида бартараф этиш борасида аниқ ишлар бажарилаётганини билдирдилар. Шуниндек, турли рўйхатлардан чиқарилган ва ижтимоий муаммоли оилалар масалаларига алоҳида ёрдамлар кўрсатилаётганини маълум қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жомелардаги хатми Қуръонларда таниқли уламо Анвар қори Турсуновнинг беморликлари сабабли тезроқ шифо топиб кетишларини Аллоҳ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар. Масжидлардаги бутун жамоа эса ўткир воиз Анвар қори Турсуновнинг тез орада соғайиб, халқимиз хизмати, динимиз равнақи йўлидаги самарали меҳнатларини давом эттириш, оилалари, фарзандлари, яқинлари бахтига умрлари узоқ бўлишини Парвардигордан илтижо қилиб сўрашди.
Жоме масжидларга йиғилган мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ташрифларидан жуда ҳам мамнун бўлишди. У кишининг ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан чуқур жой олди.
Юртимизда Қуръон хатмлари давом этмоқда, Қуръоний зиёфатлардан баҳраманг бўлинг, азиз юртдошлар!

 

"Имом Бухорий" жоме масжиди

"Абдуллоҳ ибн Масуд" жоме масжиди

"Ракат" жоме масжиди

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

579 марта ўқилди

Янгиликлар

Top