Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ҳайити Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди

Юртимизда меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни зўр шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида нишонланди.  

Хусусан, 15 июнь куни, эрта саҳарда Наманган вилоятидаги 182 та масжидда ҳайит намозлари эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этилди. Бунинг учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, нодавлат ташкилотлар ходимлари қулай шарт-шароитларни муҳайё этиб бердилар. 

Наманган шаҳридаги “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жомеъ масжиди имом хатиби Абдулвоҳид Исоқов маърузада тоат-ибодатга ошиққан юртдошларимизга “Ийд ал-фитр” байрамини Ислом динида жорий бўлиши, Рамазон ойининг мазмун-моҳияти ва унинг фазилатлари ҳақида сўз юритди. 

Дуога қўл очган мўмин-мусулмонлар Яратгандан юртимизга тинчлик-осудалик, халқимизга фаровонлик, дастурхонларимизга тўкинлик сўрадилар, деҳқончиликлар мўл-кўл бўлиши, бунёдкорлик ва маъмурчилик соҳасида раҳбарларимиз амалга ошираётган эзгу ишлар ўнгидан келишини тиладилар. 

Ўтган бир ой давомида ватандошларимиз, аҳли дин вакиллари муқаддас Рамазон рўзасини тутиб, кечалари масжидларда жамоат билан Қуръон хатмонаси ва таровеҳ намозларини шукроналик ва эмин-эркинликда адо этдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли ҳуқуқий органлар ҳамкорлигида мусулмонларнинг тоат-ибодатларини хотиржамликда ўқишлари борасида барча ташкилий чоралар кўрилди. Бундан барча-барчамиз беҳад миннатдор бўлдик.  

Эътироф этиш жоиз, мустақиллик йилларида топталган диний қадриятларимиз қайта тикланиб ривож топди. Айниқса, сўнгги икки йил давомида фуқароларнинг дин ва виждон эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда биринчи маротаба “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси” ва “Ҳадислар билимдони” танлови ўтказилди. Бундан Қуръони Карим ҳамда ҳадису шариф илмига ошиққан минглаб кишилар бирдек баҳраманд бўлдилар. 

– Шундай доруломон кунларга етказганига минг шукур, намозларни бемалол адо этиб, ҳайитни дам олиш куни сифатида тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз, – дейди “Янгийўл” маҳалласида яшовчи 78 ёшли меҳнат фахрийси Жалолиддин ота Зиёвиддинов. Мана, Президентимиз қарори билан ҳайит кунлари байрам ва алоҳида дам олиш куни сифатида белгиланди. Сизга яна бир хурсандчилигимни айтай: чинакам меҳр-мурувват ва бағрикенглик айёми арафасида Юртбошимиз қарорига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилганини эшитиб, бағоят хурсанд бўлдим. Бу халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларидан ёрқин нишонадир. Ёки давлатимиз раҳбарининг аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришга қаратилган қарори қабул қилингани нур устига аъло нур бўлди. Демакки, одамларимизга қанчалик яқиндан амалий ёрдам кўрсатилса, халқимизнинг давлатга бўлган ишончи шунчалик ортаверади. 

Дарҳақиқат, ҳайит – мусулмонларнинг энг улуғ, орзиқиб кутилган байрамларидан бири десак, асло муболаға бўлмайди. Рамазон ойи тугагач, ҳайит намозига чиқилади, барча дўст-биродарлар бир-бирларини бу байрам билан табриклашади. Қариндош-уруғлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг кўнгли овланади, болажонларга ширинликлар улашилиб, қувончларига сабаб бўлинади. Бу кунда барчанинг юзида табассум, кайфиятида кўтаринкилик ва дилида Аллоҳ зикри, шукроналик туйғуси мужассамлашади.  

“Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак” деган эзгу қадриятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида хайру саховат, меҳру мурувватга йўғрилган савобли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Учқун” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муяссархон Боймирзаева бошчилигидаги фаоллар ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган, бемор, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бор кишилар ҳолидан хабар олиб, уларнинг дилларига шодлик улашдилар. 

Хусусан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ажратилган газ плитаси топширилган Соли Адашев кўчаси, 18-берк, 3-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Муаззам Пўлатова алоҳида эътибордан шодликка тўлди. 

Узоқ йиллик умрини ёшларга таълим-тарбия беришга бахшида қилган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган, ҳозирда уйда ётиб қолган бемор, 8-Соли Адашев кўчаси, 10-уйда турувчи 85 ёшли Олимжон Тўрабоев маҳалладошлари йўқловидан беҳад севинди. 

Дарҳақиқат, Рамазон ҳайити халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган ҳайитни муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қилади.

 

Оқилхон Дадабоев,

журналист

Манба: http://uza.uz

2496 марта ўқилди

Янгиликлар

Top