Ўзбекистон янгиликлари

Ҳамкорликнинг янги уфқлари

Ўзбек ва қозоқ халқлари асрлар давомида яхши қўшни, устоз-шогирд бўлиб ҳаёт кечириб келмоқда. Аллоҳ таолонинг марҳамати ва икки давлат раҳбарининг саъй-ҳаракати билан қардошлик алоқалари кейинги йилларда янада кенг қулоч ёйиб бораётир.

Бинобарин, нега яқин бўлмайликки, бир динга эътиқод қилсак, бир-биримизни таржимонсиз тушунсак, бир дарёдан сув ичсак, бобокалонларимиз, шайхул машойихларимиз бир бўлса...

Ана шу ришталарни янада мустаҳкамлашни ният қилиб, Қозоғистон республикаси президенти Нурсултон Назарбоев “2018 йил Қозоғистонда – Ўзбекистон йили” деб эълон қилди. Шу муносабат билан 19-20 июнь кунлари қадимдан маданият учоқларидан бири бўлиб келган Туркистон шаҳрида “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” халқаро форуми бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиздан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги олиму уламолар делегацияси иштирок этди

Халқаро форумда икки қўшни давлат, икки қардош халқ ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондириш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, икки диний идора ўртасида жорий йилда имзоланган англашув меморандумига кўра, ўзаро алоқаларни ривожлантириш, диний делегациялар ташрифини амалга ошириш, долзарб мавзуларда қўшма анжуманлар ўтказиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш масалалари тўғрисида ҳам сўз борди.

Форумда нуқт сўзлаган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлар икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстона алоқалар бугунги кунда янгича қиёфада давом этаётгани, бу хайрли ишларда икки мамлакат раҳбарлари жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шундан сўнг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Ислом дини ривожи, алломларимизнинг бебаҳо асарларини ўрганиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича тўхталдилар.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларнинг янада ривожланиб бораётгани, бундан диндорларга катта фойда етаётганини эътироф этишди. Хоссатан, Қозоғистон муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз ушбу йилда Марказий Осиё уламоларининг рамазон ойи бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарини ҳамжиҳатликда кенгашиб белгилагани муҳим аҳамиятга эга бўлганига эътибор қаратиб, жумладан, бундай деди: "Бу – тарихий қарор, бизнинг диний бирдамлигимизнинг ёрқин намунасидир. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этишимиз, мавжуд йўналишларда ҳаракатларни фаоллаштиришимиз ва уларни тизимли равишда амалга оширишимиз зарур".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ана шу ишларда бардавом бўлиб, ўзбек ва қозоқ тилларида диний-маърифий китоблар нашр қилиш, ёшларни тарбиялаш борасида тажриба алмашиш, икки мамлакатдаги муқаддас қадамжоларга зиёратларни аниқ режа бўйича ташкил этиш юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Қозоғистонлик диндорларнинг Усмонхон Алимов бошчилигидаги делегация билан учрашиш, айниқса, муфтий ҳазратнинг суҳбатларини, дуоларини олиш истакларидан келиб чиқиб, жойларда кўплаб тадбирлар ўтказилди. Туркистон шаҳри ҳокими Тажибек Мусаев муфтий ҳазратларига юқори эҳтиром кўрсатиб, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари ва қадамжоларини зиёрат этишда ҳамроҳлик қилди. Муфтий ҳазрат Туркистон пири Аҳмад Яссавий ҳазратларининг муборак мақбарасини ҳам зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонга ташрифи қутлуғ келди, ушбу шарафли меҳмонларнинг ташрифидан, халқаро анжумандан руҳланган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга ғойибдан бир илҳом келиб, Чимкент шаҳрига республика аҳамиятига эга шаҳар мақомини беришни кўзда тутувчи фармонни имзолади. Ушбу фармон билан Жанубий Қозоғистон вилоятининг номи Туркистон вилояти деб ўзгартирилиб, Туркистон шаҳри унинг маъмурий марказига айлантирилди. Ушбу фармонни Нурсултон Назарбоев форум ўтказилаётган чоқда имзолади.

Назарбоев фармонни имзолаш маросимидаги нутқида: “Чимкент, нафақат, бизнинг мамлакат, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг инвестициялар, технологиялар ва интеллектуал заҳираларни жалб қилиш марказига айланади. Бунинг учун барча шароитлар ва зарур салоҳият мавжуд”, деди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Қозоғистон давлатига ташрифи ва форум иши оммавий ахборот воситалари ва интернет сайтларида кенг ёритиб борилди.

Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистон давлатига ташрифи икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларнинг жадал ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилди, иншоаллоҳ.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3004 марта ўқилди

Янгиликлар

Top