Ўзбекистон янгиликлари

Қирғизистонлик мударрис ва талабалар марҳум Анвар қори домла номларига таъзия билдирдилар

Бугун, 21 июнь куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Қирғизистоннинг «Имом Аъзам» мадрасаси мударрис ва талабалари таниқли уламо марҳум Анвар қори домла Турсуновнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш мақсадида «Минор» жоме масжидида бўлдилар. Қардош миллат вакилларини масжидда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов кутиб олдилар. Уламолар таниқли олим, ўткир воиз Анвар қори домланинг вафоти муносабати билан ўзбек халқига ўзларининг чуқур ҳамдардликларини билдирдилар. У киши нафақат Ўзбекистонда, балки, қўшни давлатларда ҳам кўплаб мусулмонларнинг меҳрини қозонган, ёшлар тарбиясига жиддий аҳамият қаратадиган, дину-диёнат йўлида фидоий зот бўлганликларини айтдилар.

Эргашали домла Рустамов марҳум устозимизнинг баракали умрлари, диний-маърифий йўналишдаги серқирра фаолиятлари, эзгу фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Меҳмонлар масжидда Пешин намозини адо этишгач, Анвар қори домла қабрларини зиёрат қилиш учун «Минор» қабристонига йўл олдилар. Талабалар Қуръони каримдан тиловатлар қилдилар. Устозлари марҳум ҳақларига дуолар қилдилар.

Аллоҳ таоло домламизни қабрларини мунаввар этиб, охиратларини обод этсин.

 

 

 

Манба: http://minor.uz

2720 марта ўқилди

Янгиликлар

Top