Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори имзоланди. Қуйида ушбу қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўзбекистонда оилани ривожлантиришга глобал даражада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қаралади.

Шу билан бирга, ушбу соҳада давлат сиёсатини муваффақиятли олиб боришни тўхтатиб турувчи бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ва белгиланган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилмоқда. Чунончи:

биринчидан, тегишли идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, оилани ривожлантириш масалалари бўйича давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий сектор ҳамкорлиги паст даражада;

иккинчидан, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги илмий тадқиқотлар ихтисослиги тор, ҳозирги ҳаёт воқелигидан узилиб қолган, илмий тадқиқотлар натижалари амалиётга суст жорий этилмоқда;

учинчидан, оиланинг демографик ривожланишида ўзгаришлар юз бермоқда, оила ажралишлари сони ўсмоқда, мазкур соҳада салбий тенденциялар ва муаммолар сабабларини асословчи тадқиқотлар етишмаяпти;

тўртинчидан, оилада, таълим муассасаларида маданий-тарихий мерос салоҳиятидан суст фойдаланилмоқда, миллий менталитетимизга ёт бўлган ғоя ва қарашлар таъсирининг олдини олиш борасидаги ишлар самарасиз;

бешинчидан, оила институтини мустаҳкамлашнинг қонунчилик асослари мукаммал эмас, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва илғор хориж амалиётини ўрганиш асосида оилани ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжуд эмас;

олтинчидан, мутахассислар етишмайди ва кадрлар малакаси паст даражада, таълим тизимида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш механизми йўлга қўйилмаган, оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича ўқув дастурлари мукаммал эмас.

Оила институтини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жараёнда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини ҳамда фаол ролини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5325-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар этиб белгилансин:

оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш;

замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;

демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш;

оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш;

оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар сифатли ҳамда тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази (кейинги ўринларда “Оила” маркази деб юритилади):

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнининг самарали мувофиқлаштирилиши ҳамда тизимли мониторинги, уларнинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот берилишини таъминласин;

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ кўрсаткич ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши чораларини кўрсин;

зарур ҳолларда, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, халқаро ташкилотлар вакилларини, хорижий экспертларни Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда иштирок этишга, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишга жалб қилсин.

5. “Оила” маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва кенг жамоатчиликнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги A/RES/47/237-сон резолюцияси билан эълон қилинган Халқаро оила кунини республиканинг барча ҳудудларида ҳар йили нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

“Оила” маркази республикада 2019 йилда ва кейинги йилларда Халқаро оила кунини нишонлаш тўғрисидаги Ҳукумат фармойиши лойиҳасини 2018 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мунтазам равишда спорт ва маданий тадбирларни ташкил қилсин ҳамда уларни Халқаро оила куни арафасида ўтказишга алоҳида эътибор қаратсин.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад, вазифалари ва Концепциянинг амалга оширилишини ёритиб бориш бўйича мақолалар эълон қилинишини ва мавзуга оид кўрсатувлар эфирга узатилишини ташкил қилсин.

8. “Оила” маркази Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Г.Тошмуҳамедова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                       Ш.МИРЗИЁЕВ

556 марта ўқилди

Янгиликлар

Top