Ўзбекистон янгиликлари

Абдулазиз Комилов: Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими икки баравар ошди
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сўзлаган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Комилов Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан делегация алмашинуви натижасида январь-май ойларида 33 бизнес-форум ташкил этилганини қайд этди.
 
Ушбу даврда 200 тақдимот ва давра суҳбатлари такшил этилиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди.
 
Хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон инвестиция имкониятлари ҳақида 290 материал чоп этилди. Улар орасида Европа, Осиёнинг ривожланган давлатлари, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг етакчи ОАВлари бор.
 
Ўзбекистоннинг диққатга сазовор туристик манзиллари ҳақида 13 давлатнинг 29 телеканали орқали қўрсатувлар намойиш этилди.
 
Бундай чора-тадбирлар натижасида, шунингдек Ўзбекистонга айрим давлатлар фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, виза муддатлари узайтирилгани юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кучайтирди. Ўтган беш ойда Ўзбекистонга 2, 2 миллиондан ортиқ хориж фуқаролари ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93 фоиздан кўпроқдир.
 
Ўзбекистон туристик салоҳиятини янада ривожлантириш учун зиёрат туризмини чуқурлаштириш ва кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда.
 
Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, мурожаатлар ва улар билан ишлаш долзарб масаладир. Бу борада Ташқи ишлар вазирлигига жорий йилнинг ўтган даврида Президент виртуал қабулхонаси орқали мингга яқин мурожаат келиб тушган. 700 дан зиёди белгиланган тартибда ҳал этилган, қолганлари кўриб чиқилмоқда.
 
Ўзбекистоннинг чет элдаги фуқаролари манфаатларини таъминлаш бўйича доимий иш олиб борилмоқда. Албатта, бу борада кўп ишлар қилинди.
 
Шу мақсадда махсус бўлимлар ташкил этилди. Аммо, одатда, фуқароларимиз чет элга кетганда ҳеч кимни хабардор қилмайди, борган жойида рўйхатдан ўтмайди. Фақат оғир вазиятга тушгандагина консуллик идораларига мурожаат қилади. Шунинг учун фуқароларга консуллик телефон рақамларини етказиш, маълум қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги ишлар яна кучайтирилади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.
 

 

Норгул Абдураимова, ЎзА
2495 марта ўқилди

Янгиликлар

Top