Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ёшларига байрам табриги

Қадрли ёшлар, азиз ўғил-қизларим!

Сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни мамлакатимизда биринчи марта нишонланаётган қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай қувончли кунда аввало юртимизда кейинги пайтда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва  халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганини, замонавий, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишда навқирон авлодимизнинг муносиб иштирок этаётганини барчамиз миннатдорлик билан эътироф этамиз. 

Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш биз олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.

Ўтган бир йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди.

Айниқса, сизларнинг ташаббусингиз билан бундан бир йил муқаддам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани ёшларимиз, бутун эл-юртимиз ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.

Албатта, бир йил – тарих учун жуда қисқа фурсат. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтган қисқа даврда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қиладиган муҳим ижтимоий тузилмага айланди. 

Шу асосда ёш авлодимизнинг гражданлик позицияси ва фаоллигини кучайтириш, уни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда.

Бунинг амалий тасдиғини кўплаб мисолларда кўриш мумкин. Хусусан, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, қизларимизга ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Фақат бир йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан 4 минг 300 га яқин йигит-қизларимизга банклар томонидан 216 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилгани, 184 минг 300 дан зиёд фарзандларимиз иш билан таъминлангани эътиборга лойиқ. 

Мамлакатимизда марказий ва маҳаллий ҳокимлик идоралари, депутатлар корпуси, суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлар олиб бориши ижобий анъанага айланиб бормоқда. Бундай мулоқот ва учрашувларда ёшларни қийнаётган кўпгина муаммолар жойида ҳал этилмоқда, уларга амалий ёрдам, малакали маслаҳат ва йўлланмалар берилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, уни инновацион асосда ривожлантириш, ўз олдимизга қўйган кўп қиррали ва мураккаб вазифаларни амалга ошириш мақсадида биз замонавий ва креатив фикрлайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, ғайрат-шижоатли, интеллектуал салоҳияти юксак, ватанпарвар  ёш кадрларга давлат ва жамият бошқарувида муҳим вазифаларни ишониб топширмоқдамиз. 

Бу борада ёш, истиқболли кадрлар учун тажриба ва маҳорат мактабини ўтаётган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сафларида тобланган, замонавий билим ва кўникмага, етакчилик салоҳиятига эга бўлган кўплаб ёшлар вазирлик ва идоралар, йирик компания ва банклар, хўжалик бирлашмаларига масъул лавозимларга тайинланаётгани ҳаётимизга янгича руҳ ва мазмун бағишламоқда.

Бугунги кунда Ҳаракатлар стратегияси доирасида “Ёшлар – келажак бунёдкори”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ақлли шаҳар” каби кенг қамровли дастурларни амалга оширишда айнан ана шундай ташаббускор, ҳар бир масалага янгича ёндашадиган ўғил-қизларимиз фаол иштирок этаётгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизни хурсанд қилади. 

Ишонаман, бундай улкан бунёдкорлик жараёнлари ёшларимиз илгари сураётган лойиҳа ва ташаббусларни юзага чиқаришда, уларнинг эл-юртимизга фидойи раҳбар ва мутахассис, ҳақиқий шахс ва граждан бўлиб шаклланишида беқиёс ўрин тутади.

Жонажон Ватанимизнинг янги қиёфасини яратишда ўз меҳнати, ташаббускорлиги ва маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак ва намуна бўлаётган азму шижоатли ёшларимиз учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этганимиз ва бугун сизларнинг орангизда шу мукофотларнинг илк совриндорлари борлиги барчамизга мамнуният бағишлайди.

Ўтган бир йил мобайнида ўғил-қизларимиздан 266 нафари республика, 80 нафари халқаро фан олимпиадалари ғолиблари бўлгани, спортчиларимиздан 12 нафари жаҳон, 93 нафари Осиё чемпионатларида, 150 нафардан зиёди халқаро мусобақаларда юксак шоҳсупаларга кўтарилганини ана шундай эзгу ишларимизнинг дастлабки натижалари сифатида қабул қиламиз. 

Ёшларимизнинг миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун таълим-тарбия соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларининг замонавий тизими  яратилмоқда, умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим жорий этилмоқда. Олий таълим тизимида янги, замонавий билим масканлари, жумладан, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, соҳа фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда. 
Юртимизда Темурбеклар ҳарбий лицейлари, Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек мактаблари, атоқли адибларимиз номидаги ижод мактаблари ташкил этилгани униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Биз бу борадаги ишларни келгусида ҳам албатта изчил давом эттирамиз. Хусусан, иқтидорли ёшларимизни дунёнинг энг етакчи университетлари, илмий марказларида давлат ҳомийлигида ўқитиш, малакасини ошириш бўйича самарали тизим яратиш – олдимизда турган муҳим вазифадир.

Ёшларни, ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳам биз учун энг муҳим ва устувор йўналишга айланиб бормоқда. Бу борада мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ҳаётга изчил жорий этилаётганини таъкидлаш лозим. 

Қадрли ўғил-қизларим!

Бугунги байрам кунида барчамизнинг умид ва ишончимиз бўлган сиз, азиз ёшларнинг эришган ютуқларингиз билан бирга янги вазифалар, ечимини кутиб турган камчилик ва муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сўз юритишимиз табиийдир. 

Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг навқирон йигит-қизларни иш билан таъминлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, фарзандларимиз ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаш лозим. 

Афсуски, ёшларимиз ҳаётидаги катта-кичик ҳар бир муаммога жиддий қараб, аниқ амалий ечим топиш, ёшлар билан бевосита ишлаш, доимий мулоқот қилиш ўрнига дабдабали тадбирлар ўтказиш, кампаниябозликка берилишдек яроқсиз иш усулидан ҳали ҳам бутунлай қутулганимиз йўқ. 

Шу нуқтаи назардан қараганда, биз барчамиз эндигина бир йиллик шаклланиш йўлини босиб ўтган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тезроқ улғайиши, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий тизимида, ёшларимиз ҳаётида ўзининг мустаҳкам ва муносиб ўрнини топишини истаймиз ва бунинг учун зарур амалий ёрдам беришга тайёрмиз. 

Балки бугунги қувончли айёмда бундай нохуш ҳолатларни эслаш жоиз эмасдир. Лекин биз ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, муаммоларимизни ўзимиз бартараф этмасак, ҳеч ким четдан келиб уларни биз учун  ҳал қилиб бермайди. 

Ёшларимизнинг ҳаётий муаммоларига янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларга мос бўлган замонавий иш ўринларини кўпайтириш, эзгу интилиш ва ташаббуслари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлодимизнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш бундан буён ҳам барча даражадаги давлат идораларининг энг асосий, ҳал қилувчи вазифаси бўлиб қолади.
Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун Ёшлар тадбиркорлиги ҳудудлари, Тошкент шаҳрида Ёшлар инновацион технопаркини ташкил этиш, шунингдек, Фанлар академиясига қарашли илмий лабораториялар ва марказлар негизида ёш олимларнинг илмий тадқиқотларини йўлга қўйиш каби ишларни сизларнинг фаол иштирокингиз билан яқин келажакда амалга оширамиз.

Куни кеча қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган махсус жамғарма мамлакатимиз иқтисодиётида замонавий  технологияларни қўллаш, ёшларни бу жараёнга кенг жалб этишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Муҳтарам юртдошлар!

Бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатимиз томонидан бу борада илгари сурилаётган ташаббуслар, жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ва амалга ошириш борасидаги таклифларимиз халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳаммамиз кўриб, кузатиб турибмиз – бугунги шиддат билан ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги уфқ ва имкониятлар очиш билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор этмоқда. 

Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби таҳдидлар қанча-қанча оилалар, мамлакатлар бошига оғир кулфатлар олиб келмоқда, ғаразли кучлар ҳали онгу тафаккури тўла шаклланиб улгурмаган болаларни ўз ота-онаси, Ватанига қарши қўйиб, уларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Шунинг учун биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада ошириб, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат айтганидек, бу дунё ҳақиқатан ҳам кураш майдонига, соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ эса бу курашнинг қуролига айланиб бораётганини чуқур англаб, шу борада жаҳолатга қарши маърифат асосида иш олиб боришимиз зарур.

Халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик ва олижаноблик фазилатларидан келиб чиқиб, билиб-билмай жиноятга қўл урган, тўғри йўлдан адашган, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган ёшларни кечириш ва тинч ҳаётга қайтаришга  юртимизда катта эътибор қаратилмоқда. 

Ана шундай амалий ишларимиз туфайли юзлаб ёшлар – Ўзбекистон фуқаролари ота-онаси, оиласи бағрига қайтгани жамиятимизда соғлом ижтимоий муҳитни, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳурматли дўстлар!

Биз – барчамиз, қаерда бўлмайлик, ягона Ўзбекистон фарзандлари эканимизни англаб, шу буюк туйғуни эъзозлаб яшасак, албатта кам бўлмаймиз. 

Шунинг учун биз чет элларда турли соҳаларда жиддий ютуқларга эришган ватандошларимиз ташаббуси билан “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти тузилганини қўллаб-қувватлаймиз. Хорижий давлатларда ўқиб, меҳнат қилаётган барча юртдошларимиз, биринчи навбатда ёшларимизнинг билими ва имкониятларини Ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириш биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга тўла жавоб беради.

Айни вақтда Ўзбекистон ёшларининг замон билан ҳамнафас бўлиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларидаги тенгдошлари билан самарали мулоқот, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари ўрнатиши ғоят муҳим, аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Шу кунларда юртимизда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ёшлари форуми ана шундай кенг миқёсдаги мулоқот йўлида дастлабки жиддий қадамдир. 

Азиз ёшлар, қадрли фарзандларим!

Мана шу қувончли кунда сизларни, кўпмиллатли Ўзбекистон халқини ишонтириб айтмоқчиман: биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан  давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни устувор вазифа сифатида бугун давр талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз. Сизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда ўз мустаҳкам ўрнингизни топишингиз, бахтли бўлишингиз учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз.

Сиз, жондан азиз ўғил-қизларимиздан фақат битта илтимосимиз, битта тилагимиз бор: ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингиз, халқимизнинг сизлардан кутаётган орзу-умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқариш йўлида ҳорманг, чарчаманг!

Ўқиш-ўрганиш, доимий изланиш, илм-фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаш доимо ҳамроҳингиз бўлсин!

Мен сизларнинг ҳар бирингизга эл-юртимиз фахрланадиган, жонажон Ўзбекистонимизнинг муносиб фарзанди, ҳақиқий инсон бўлиш бахти насиб этишини тилайман.   
Сизларни Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга янги ютуқлар, бахт ва омад тилайман. 

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз фарзандларим! 
 

                                                                                                                                Шавкат Мирзиёев,
                                                                                                               Ўзбекистон Республикаси Президенти

558 марта ўқилди

Янгиликлар

Top