Ўзбекистон янгиликлари

Электрон виза сўраб мурожаат қилган хориж фуқаролари сони кўпаймоқда

Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хориж фуқаролари сони 18 июль ҳолатига кўра 366 нафарни ташкил қилган. KUN.UZ нашри Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Дунёнинг 33 мамлакатида яшовчи 366 киши Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган, улардан 257 нафарини - эркаклар, қолган 109 нафарини эса аёллар ташкил қилади.

E-VISA учун мурожаатчилар орасида энг фаоллари АҚШ (57 нафар), Хитой (56), Буюк Британия (45), Польша (32), Франция (26) ва Ҳиндистон (25) фуқароларидир. Шу билан бирга, Испания (15), Германия (13), Канада (12), Италия (11), Нидерландия (10), Венгрия (8), Австралия (6), Португалия (6), Бельгия (5), Швейцария (5), Ирландия (5) ва бошқа мамлакатлар фуқароларидан ҳам қатор мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаат қилган хориж фуқароларининг 131 нафарига E-VISA берилган, 235 нафар кишининг мурожаати текширув жараёнида.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 15 июль кунидан бошлаб хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ишлари бошланган.

Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади. Берилган электрон виза хориж фуқаросининг «e-visa.gov.uz» порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

255 марта ўқилди

Янгиликлар

Top