Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳаж-2018” мавсуми гуруҳ раҳбарлари йиғилиши ўтказилди

Бугун, 19 июль куни Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Ҳаж-2018” мавсумида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Хоразм ва Тошкент вилоятлари зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари учун йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари Муҳаммадбобур Йўлдошев ва Дилшод Бобожонов, ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шакиров, шифокорлар гуруҳи раҳбари А.Соатов ва гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди.

Тадбирда гуруҳ раҳбарлари томонидан риоя этиладиган қонун-қоидалар, уларнинг бурч ва масъулиятлари, энг аввало гуруҳ раҳбарларининг зиёратчиларга ҳусни-хулқ ила, чиройли одоб билан муомала қилишлари, ҳар бир қилаётган ишининг замирида инсон манфаатлари, унинг қадр-қимматига алоҳида эътибор қаратишлари, шунингдек, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг гуруҳ раҳбарларига тааллуқли бўлган жиҳатлари атрофлича ёритилди.

Шунингдек, сафарга доир ҳужжат ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, гуруҳдаги зиёратчилар билан ишлаш давомида уларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам гуруҳ раҳбарларига етарлича маълумотлар берилди.

Йиғилишда бу йилги ҳаж мавсумида шифокорлар гуруҳи раҳбари бўлиб кетаётган А.Соатов томонидан сафар давомида зиёратчиларнинг саломатлигини таъминлаш борасида шифокорлар билан ҳамкорликда гуруҳ раҳбарлари бажариши лозим бўлган ишлар тўғрисида керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Тадбир якунида мутасаддилар гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.

Республикамиздаги водий вилоятлари гуруҳ раҳбарлари иштирокидаги йиғилиш жорий йилнинг 21 июль куни Андижон вилоятида ўтказилиши режалаштирилгани маълум қилинди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

3684 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top