Ўзбекистон янгиликлари

Жорий йилда 413 нафар қашқадарёлик Ҳажга боради

Қашқадарё вилоятидан жорий йилда 413 нафар фуқаронинг муборак Ҳаж зиёратига бориши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ҳаж ва Умра зиёратларини юқори савияда ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ҳаж буюк ибодат бўлиб, у Ислом дини арконларидан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун уларни сафарда турли тушунмовчилик ва қийинчиликларга учрамаслиги учун учрашувлар ташкил этилиб, Ҳаж зиёратига оид барча зарур маълумотлар берилмоқда. Бу жараёнда номзодларнинг Ҳаж зиёратини адо этиши учун моддий ва жисмонан қодирлиги, амалларни тўлиқ бажариши учун етарли диний билими мавжудлигига эътибор қаратилаётир. Жумладан, 27 июнь куни вилоятда муборак Ҳаж зиёратига борадиган зиёратчилар иштирокида ҳаж ибодати олдидан учрашув бўлиб ўтди.

Вилоят Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов иштирок этган учрашувда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, барча зарур тавсиялар берилди. Хусусан, Ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, сафарга ёши улуғ фуқароларнинг бориши, шунингдек аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлиги инобатга олиниб, оят, ҳадис ва ҳаётий мисоллар орқали Ҳаж зиёрати тартиб-қоидалари тушунтириб берилди.

Зиёратчиларнинг Ҳаж ибодатига оид саволларига мутахассислар батафсил жавоб берди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ҳамкорликда жорий йилнинг 24 июль куни 150 нафар зиёратчининг Ҳаж ибодати олдидан Бухоро шаҳрига зиёрати ташкил этилди.



ЎМИ Матбуот хизмати

2821 марта ўқилди

Янгиликлар

Top