Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2024   |   26 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
27 Декабр, 2024, 26 Жумадул сони, 1446

05.11.2021 й. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўнги васиятлари

2.11.2021   5471   14 min.
05.11.2021 й. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўнги васиятлари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لِلَّهِ رب العالمين وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ اَمَّا بَعْدُ:

 

 ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ СЎНГИ ВАСИЯТЛАРИ

(Видолашув ҳаждаги хутбалари)

 

Муҳтарам жамоат! Ислом тарихидан маълумки, ўнинчи ҳижрий санада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. Бу ҳаж “видолашув ҳажи” деб номланишининг сабаби, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундаги ҳатти ҳаракатлари ва айтган сўзлари билан бу видолашув ва хайрлашув ҳажи эканини билдирдилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу ҳаждан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом икки ойдан озгина ўтиб, бу фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилдилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаж қилишлари хабари тарқагач, Мадина атрофидаги мусулмонлар Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга ҳаж қилишга отландилар. Натижада видолашув ҳажида бир юз қирқ мингдан ортиқ мусулмонлар иштирок этдилар. Бу ўша вақтлар ўлчовида мисли кўрилмаган катта жамоа эди. Мана шу ҳаж асносида Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арофотда туриб, биз умматларга Қиёмат кунигача дарс бўладиган, энг муҳим ва зарур масалаларга қисқача тўхталиб ўтдилар. Одатда ота ёки она вафотидан олдин ўз фарзандларига насиҳат қиладиган бўлса, қалбининг энг тўридаги ва унга тугиб қўйган энг қимматли сўзлар билан насиҳат қилади. “Видолашув ҳажи”даги хутбада ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом сизу биз умматларига қалбларининг тўридаги қимматбаҳо насиҳатларни қилганлар. Ибн Ҳишомнинг “Ас-сийратун набавия” китоблари асосида ушбу насиҳатдан баъзилари қуйида баён қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

 أَيُّهَا النَّاسُ، اسْمَعُوا قَوْلِي، فَإِنِّي لَا أَدْرِي لَعَلِّي لَا أَلْقَاكُمْ بَعْدَ عَامِي هَذَا بِهَذَا الْمَوْقِفِ أَبَدًا 

яъни: “Эй, одамлар! Гапларимга қулоқ солинглар, чунки шу йилдан кейин яна бу жойда сизлар билан учрашмаслигимиз мумкин”. 

Дарҳақиқат, бу насиҳат ўнинчи ҳижрий (милодий 631) сананинг Зулҳижжа ойида бўлган бўлса, Расулуллоҳ алайҳиссалом ўн биринчи ҳижрий сананинг Рабиул аввал ойи 12 санасида вафот этдилар.

 أَيُّهَا النَّاسُ، إِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ 

яъни: “Эй, одамлар! Қонингиз, молингиз ва обрў-эътиборингиз бир-бирингизга ҳаромдир!”.

Русулуллоҳ алайҳиссаломнинг ушбу муборак насиҳатларидан мусулмоннинг қонини тўкиш, молини ноҳақ ўзлаштириб олиш ва обрўсини тўкиш ҳаром экани маълум бўлади. Афсуски, ҳозирги кунда бу муборак насиҳатдан бехабар баъзи шахслар гуноҳ иш қилган кишини кофир деб, уни қони ва молини ҳалол санамоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ

رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه

яъни: “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин-мусулмон бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Шунингдек, Русулуллоҳ алайҳиссаломнинг юқоридаги муборак насиҳатларидан хабари йўқ баъзи ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали тўғри келган кимсани ғийбат ва бўҳтон қилиб, қанчадан-қанча мусулмонларнинг обрўсини тўкиб, гўё ижтимоий тармоқлар орқали ғийбат ва бўҳтон қилишга рухсат бордек, ҳаром иш қилмоқдалар. Ваҳоланки, ғийбат ижтимоий тармоқда бўладими ёки ундан бошқа жойда бўладими, фарқи йўқ – ҳаромдир.

فَاعْقِلُوا أَيُّهَا النَّاسُ قَوْلِي، وَقَدْ تَرَكْتُ فِيكُمْ مَا إنْ اعْتَصَمْتُمْ بِهِ فَلَنْ تَضِلُّوا أَبَدًا ، كِتَابَ اللَّهِ وَسُنَّةَ نَبِيِّهِ

яъни: “Шундай экан, эй одамлар, менинг сўзларимга эътибор беринг! Мен сизларга шундай нарсани қолдирдимки, агар уни маҳкам ушласангиз, ҳеч қачон адашмайсиз. Бу нарса – Қуръони карим ва ҳадиси шарифдир!”.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзилар ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўз раъйларича тафсир ва таржима қилиб, баъзи диний атамаларни нотўғри талқин қилиб, ўзларини ғаразли мақсадларини амалга оширишга урунмоқдалар. Натижада ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштирмоқдалар. Ваҳоланки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар бизни тўғри йўлга бошлайдиган энг катта ва энг тўғри дастурул амал ҳисобланади. Шунинг учун оятларни тафсир қилиш ва ҳадисларни шарҳлашни ўз раъйимизга топширмасдан, балки саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва улардан кейинги мужтаҳид ва улуғ зотларнинг тафсир ва таржималарига мурожаат қилсак, тўғри йўлда бардавом бўламиз, иншаллоҳ.

 أَيُّهَا النَّاسُ، اسْمَعُوا قَوْلِي وَاعْقِلُوهُ، تَعَلَّمُنَّ أَنَّ كُلَّ مُسْلِمٍ أَخٌ لِلْمُسْلِمِ، وَأَنَّ الْمُسْلِمِينَ إخْوَةٌ

 فَلَا يَحِلُّ لِامْرِئِ مِنْ أَخِيهِ إلَّا مَا أَعْطَاهُ عَنْ طِيبِ نَفْسٍ مِنْهُ

яъни: “Эй, одамлар! Гапларимга қулоқ солинг ва тушунинг! Биласизки, ҳар бир мусулмон мусулмонга биродардир. Мусулмонлар ўзаро биродардирлар. Шундай экан, кишига биродари чин кўнглидан рози бўлмагунча, унинг моли ҳалол бўлмайди”.

Бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда мусулмон мусулмонга биродар ва ака-ука экани баён қилинган. Агар биз ушбу илоҳий кўрсатмани яхши тушуниб етсак ва шунга амал қилсак, ўртамизда ҳар хил зиддият, ихтилоф чиқариш, турли кўнгилсиз ҳодисалар ва бир-бирини молини ноҳақ ва турли алдов йўллар билан ейиш бўлмас эди. Афсуски, ҳозирги кунда баъзилар мана шу буюк насиҳатдан бехабар бўлиб, қандай йўл билан бўлса ҳам, бошқани чув тушуриб, товламачилик қилиб, ўзини мол-дунёсини кўпайтириш ҳаракатида бўлмоқда. Ваҳоланки, киши топаётган молини ҳалол-ҳаромдан эканига парво қилмаса, уни оқибати ачинарли бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади.

مَنْ لَمْ يُبَالِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَ الْمَالَ لَمْ يُبَالِ اللهُ مِنْ أَىِّ بَابٍ أَدْخَلَهُ النَّارَ 

(رواه الإمام الديلمي)

яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривоятлари).

وَإِنَّكُمْ سَتَلْقَوْنَ رَبَّكُمْ، فَيَسْأَلُكُمْ عَنْ أَعْمَالِكُمْ، وَقَدْ بَلَّغْتُ، فَمَنْ كَانَتْ عِنْدَهُ أَمَانَةٌ فَلِيُؤَدِّهَا إلَى مَنْ ائْتَمَنَهُ عَلَيْهَا

яъни: “Сизлар Парвардигорингизга рўбарў бўласизлар. У сиздан аммалларингиз ҳақида сўрайди. Мен буни сизга етказдим! Кимда омонат бўлса, уни омонат қўйган кишига қайтарсин!”.

Дарҳақиқат, ҳар биримиз бир кун келиб Аллоҳнинг ҳузурида қилган амалларимиздан сўроққа тутилишимизни эсимиздан чиқармасдан, бу қисқа умримиз давомида кўплаб хайрли амалларни қилиб олишимиз  ва бизда кимни омонати ва ҳаққи бўлса, тезроқ ундан халос бўлиб, зиммамиздаги масъулиятни енгиллаштиришимиз лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:

الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ

(رواه الامام الترمذي)

яъни:Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан кўп нарсаларни умид қилган кишидир(Имом Термизий ривоятлари).

وَإِنَّ رِبَا الجَاهِليّة مَوْضُوعٌ، وَلَكِنْ لَكُمْ رُءُوسُ أَمْوَالِكُمْ، لَا تَظْلِمُونَ وَلَا تُظْلَمُونَ قَضَى اللَّهُ أَنَّهُ لَا رِبَا

яъни: “Жоҳилият давридаги судхўрлик бекор бўлди. Лекин, дастмояларингиз – ўзингизгадир. Зулм ҳам қилмайсиз, зулм қилинмайсиз ҳам. Аллоҳ таоло рибо йўқ, деб ҳукм қилди”.

Ушбу насиҳатдан бехабар баъзи кишилар ўзини “мусулмонман” деб, ҳали ҳам жоҳилият давридаги судхўрлик билан шуғулланмоқда. Масалан, бир кишига бир миллион қарз бериб, шу миқдордан кўпайтириб олади. Бу ишни ҳаромлиги нафақат ҳадиси шарифда, балки ояти каримада ҳам баён қилинган:

 الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ...

яъни: “Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар” (Бақара сураси 275-оят).

Демак, шариатимизга кўра, қарз берган одам қарзидан ортиғини олиши асло дуруст эмас.

أَيُّهَا النَّاسُ،  اِتَّقُوا اللهَ فِي النِّسَاءِ ، فَإِنَّكُمْ إِنَّمَا أَخَذْتُمُوهُنَّ بِأَمَانَةِ اللهِ وَاسْتَحْلَلْتُمْ فُرُوجَهُنَّ بِكَلِمَاتِ اللهِ

وَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا ، فَإِنَّهُنَّ عِنْدَكُمْ عَوَانٌ لاَ يَمْلِكُنَّ لِأَنْفُسِهِنَّ شَيْئًا

яъни: “Эй одамлар! Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ўлароқ олдингиз ва уларни Аллоҳнинг Каломи билан ҳалол қилдингиз. Аёлларга яхшилик қилингиз! Чунки улар сиз учун ўзларидан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмаган ёрдамчидир”.

            Ҳозирги кунда баъзилар аёлларни Аллоҳ таолодан омонат қилиб берилганини унутиб, уларга хоҳлаганича зулм ва номардлик қилмоқдалар. Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, деб эътиборга олинди. Ҳатто ҳадиси шарифларда ота-онага яхшилик қилишни онадан бошлаш тавсия қилинди. Кунларнинг бирида Муовия ибн Жоҳима ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилмоқчиман”, – деб рухсат сўрайди. Пайғамбаримиз алайҳисалом унинг онаси тириклигини билиб, онасига хизмат қилишни буюрадилар. Яна рухсат сўрайвергач, У Зот: “Барака топгур, волидангизнинг оёғига маҳкам ёпишинг, ўша ерда жаннатни топасиз!” –  дейдилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

﴿أَلاَ إِنَّ لَكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ حَقاًّ وَ لِنِسَائِكُمْ عَلَيْكُمْ حَقاًّ فَأَمَّا حَقُّكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ فَلاَ يُوطِئْنَ فُرُشَكُمْ غيرَكُمْ، وَلاَ يُدْخِلْنَ أحَداً تَكرَهُونَهُ بُيُوتَكُمْ، وَلاَ يَأْتِيْنَ بِفَاحِشَةٍ، فَإِنْ أطَعْنَكُمْ فَعَلَيْكُمْ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

яъни: “Огоҳ бўлинг! Албатта, аёлларингиз устида сизларнинг ҳаққингиз бор ва сизлар устингизда ҳам аёлларингизнинг ҳақлари бор. Аёлларингиз сиздан бошқани хонангизга қўймасинлар ва сизлар ёмон кўрадиган кимсани уйингизга киргизмасинлар ҳамда беҳаё ишларни қилмасинлар! Агар шу ишларда сизга итоат қилсалар, сизнинг зиммангизда уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш мажбурияти бордир”.

Ҳар бир эр-хотин зиммасидаги шариатимиз томонидан юкланган вазифаларни билиб, шунга амал қилса, икки дунё саодатига мушарраф бўлади. Чунки жуда кўп оила бузилиши ва ажримлар эр-хотин ўзаро ҳақ-ҳуқуқларини билмасликларидан келиб чиқади.

أيها النّاسُ إنَّ رَبَّكُمْ وَاحِدٌ، وإنَّ أَبَاكُمْ وَاحِدٌ ، كُلُّكُّمْ لِآدَمَ، وَآدَمُ مِنْ تُرَابٍ، أَكْرَمُكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُمْ

وَلَيْسَ لِعَرَبِيٍّ فَضْلٌ عَلَى عَجَمِيٍّ إِلاَّ بِالتَّقْوَى، أَلاَ هَلْ بَلَّغْتُ، اَللَّهُمَّ اشْهَدْ

яъни: “Эй, одамлар! Парвардигорингиз бир, отангиз бир, ҳаммангиз Одам алайҳиссаломдандирсиз! Одам алайҳиссалом эса тупроқдан эдилар. Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлироғингиз – тақводорроғингиздир! Арабларни ажамлардан афзаллиги йўқ, фақатгина тақвоси билан афзал бўлиши мумкин. Эй одамлар! Етказдимми? Эй, Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл!”

Демак, бизни Парвардигоримиз – бир, Пайғамбаримиз – бир, динимиз – бир, ота-онамиз – бир ва мақсадимиз – бир, яъни – жаннатга кириш – бўлганидан кейин ўзаро иттифоқ бўлиб, тинч-тотув ва роҳат-фароғат билан яшашимиз керак. Шунингдек, шариатимиз буюрган амалларни бажариб, қайтарган нарсалардан сақланиб, тақводор кишилардан бўлиб, молу давлатимиз ёки наслу насабимиз билан асло фахрланмасдан, хайрли ва савобли ишларда бардавом бўлишимиз – айни муддаодир.

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мазкур муборак насиҳатларига амал қилиш бахтини насиб қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?!...” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илм-фан ва олимлар шаҳри

27.12.2024   1047   3 min.
Илм-фан ва олимлар шаҳри

Дунё илм-фан ривожида Ислом маърифати ва маданиятининг ўрни беқиёсдир. Кўплаб алломалар ва уламоларнинг маънавий-илмий асарлари ўз давридан ҳозирги вақтгача аҳамиятини йўқотмасдан илм-фан тараққиётига муҳим манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Умумжаҳон эъзозлаган олимлар ва уламолар Боғдод, Дамашқ, Самарканд, Бухоро, Гранада ва Триполи каби шаҳарларда яшаб ижод қилганлар. Улар: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замаҳшарий каби уламолар динимиз ривожига ҳисса қўшган. Аббосийлар давридан бошлаб Триполи шаҳри мана бир неча асрдирки илм-фан маркази бўлиб қолмоқда. Фотимийлар даврида эса Триполи шаҳри пойтахт бўлди. Ҳалифа Ибн Аммор Триполини илм марказига айлантирди ва ўз даврининг энг йирик кутубхоналаридан бири очилди. Манбаларга кўра унда юз минг жилд китоб мавжуд эди. Унинг даврида олимлар, уламолар ва ёзувчилар улуғланган. Уларга ғамхўрлик қилинган ва алоҳида ҳалифа эътирофида бўлишган.
 

Ҳозирги кунда ҳам Триполида нуфузли халқаро ташкилотлар, университетлар, кутубхоналар ва илмий тадқиқот марказлари фаолият юритиб келмоқда. Шаҳар уламолар, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар билан гавжум. Пойтахтнинг ўзида 100 дан кўп нуфузли университетлар мавжуд. Триполи университети эса ўзида ҳам диний ва дунёвий илмларни жамлагани билан бошқа университетлардан ажралиб туради. Ушбу даргоҳ “200 нуфузли Ислом университетлари” рўйхатига киритилган. Триполи университети 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 70 000 дан ортиқ талабалар бу даргоҳда таълим олиб келишмоқда. У турли йўналишдаги 20 та коллежни бирлаштиради. Исломшунослик, Илоҳият, Фиқҳ, Ҳуқуқшунослик, Тиббиёт, Хорижий тиллар ва Иқтисодиёт каби факультетлардан ташкил топган. Триполи университети динимиз қадриятлари доирасида ривожланишни ва илмий тадқиқотларни қўлловчи таълим муассасасидир. Университетнинг мақсади талабаларга Ислом дини ва ахкомлари асосида илмий ва ахлоқий таълим бериш ва турли дунёвий билимларни ўргатишдир. Триполи университетининг ўзига ҳос жихати шундаки ҳар бир талаба молиявий саводхонлик ва тадбиркорликни ўрганиши шарт. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи талабалар университет томонидан рағбатлантирилади.


Исломшунослик йўналиши талабалари ўқув дастури давомида Қурони каримни тўлиқ ёд олиши, шариат асосларини ўрганиши, Ислом тарихи, Ҳадис илми, Мерос тақсимоти, оғзаки ва ёзма нутқ санъати каби фанларни ўзлаштириши талаб қилинади. Исломнинг соф фитратини намойиш этиш, илм олиш ва уни улашиш ушбу йўналиш факультетининг мақсадидир. Адашган оқимлар ва экстремистик қарашдаги гуруҳларни Қурон ва ҳадис орқали эзгу йўлга чорлаш уларнинг вазифасидир.


Триполи университетида 3450 та илмий нашр фаолият кўрсатади. Уларда талабаларнинг илмий ишлари, амалиёт ва тадқиқотлар натижалари келтирилган. Мисол тариқасида, “Ислом таълимини ўрганишда Қуръони Каримнинг таъсири”, Aҳмад Aбдул Салам Aбу Мозириқнинг “Иршод ал-Ҳирон” китоби ҳақида, Шайх Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад бин Aли ал-Хорубийнинг “Риёд ал-Aзҳар” ва “Сирлар хазинаси”нинг лингвистик талқини каби илмий изланишлар ва мақолалар нашрлар орқали кенг оммага бериб борилади.


Шоҳруҳ УБАЙДУЛЛОҲ