Мана ҳижрий-қамарий 1445 йилнинг Ражаб ойи ҳам поёнига етиб, янги Шаъбон ойи бошланди. Халқимизда бу ойни “Бароат” деб ҳам атайди.
Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир. У 29 кундан иборат. “Шаъбон” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “бўлиниш”, “тарқалиш” деган маъноларни англатади.
Ривоят қилишларича, қадимда халқлар орасида қиш пайтида бир жойда баҳор келиши билан эса бошқа жойга кўчиб яшаш одат бўлган. Қамарий-ҳижрий саккинчи ойи одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтига тўғри келади. Шу боис бу ойга “Шаъбон” номи берилган.
Ражаб ойи Аллоҳ таолонинг ойи деб эътироф этилса, Шаъбон ойи Пайғамбар ойи, Рамазон эса барча кишиларнинг ойи дейилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан Ражаб ойини ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун “Аллоҳнинг ойи” дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннати наимга киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи “Расулуллоҳ ойи” ҳам дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман. Рамазон ойи эса “Умматларим ойи”дир. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига қўйса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундуз рўзадор, кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Байҳақий ривояти).
Шу сабабдан ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан кундузни рўза, кечасини бедорлик ибодати билан ўтказишга ҳаракат қилмоқ керак бўлади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийда бошларини осмонга кўтариб турган эканлар:
«Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?», дедилар.
«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим.
«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг (машҳур араб қабиласи) қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар (Имом ибн Можа, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шаъбон ойининг ҳурматидан инсонлар ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтиради. Улар бу ойда ота-она, ёр-биродарлар, қон-қариндошлар, касалманд, муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олишни кўпайтиради. Уларга турли мурувватлар кўрсатади.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон халқимизнинг ибодат хайр-баракасини янада зиёда қилсин.
Р.Акбаров,
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
Шу йил 12-13 август кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида "Сунъий интеллект асрида диний уламоларнинг ўрни" мавзусида конференция ўтказилмоқда.
Анжуман Мисрнинг Дарул-Ифто ташкилоти, Бутун дунё фатво идоралари ва институтлари Бош котибияти томонидан Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ҳомийлигида ташкил этилган.
Халқаро анжуманда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан муфтийлар, вазирлар, уламолар ва ахборот технология мутахассислари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Фатво маркази бош мутахассиси Абдуллатиф домла Турсунов иштирок этмоқда.
Жорий йилги 10-халқаро фатво конференциясини очиб берган Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд ҳазратлари йиғилганларга миннатдорлик билдириш баробарида мавзу бўйича нутқ сўзлади.
Анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам мавзу юзасидан чиқиш қилиш асносида мамлакатимиз аҳолисининг диний эҳтиёжларини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, хусусан, Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, мамлакат вақфлар вазири доктор Усама Ал-Азҳарий, Жазоир Дин ишлари ва вақфлар вазири доктор Юсуф Белмаҳдий, Абу-Дабидаги Ислом ишлари ва вақфлар умумий бошқармаси раиси, доктор Умар Ал-Дерай, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Сано, Фаластин Бош судьяси ва Фаластин Президентининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси доктор Маҳмуд Сидқий Ал-Ҳаббаш ва бошқалар сўзга чиқди.
Анжуманда нотиқлар рақамли трансформация ва сунъий интеллект даврида фатво беришдаги муаммолар, шариат ва замон талаблари ўртасидаги мувозанатга эришиш йўллари тўғрисида маъруза қилиш баробарида мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати