Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни этикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар, тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]
Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.
“Тунларини тирилтирар эди” деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.
“Аҳлларини уйғотар эди” деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.
Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)
[2] Имом Бухорий ривояти(1913)
[3] Имом Насаий ривояти(1641)
[4] Имом Бухорий ривояти(952)
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тизимдаги диний соҳа ходимлари ўртасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ташкил этилган ақл спорти — “Шахмат” ва “Шашка” мусобақалари ўз якунига етди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов иштирок этди. Улар истиқлол байрами муносабати билан барчани самимий табриклаб, бундай ақлий мусобақаларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлади.
Имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирокида ўтган беллашувлар қизғин ва шиддатли руҳда кечди.
Шахмат мусобақаси ғолиблари:
1-ўрин — Исоев Мустақим, Шофиркон тумани "Қори Фазлиддин" масжиди имом-хатиби
2-ўрин — Шукруллаев Қурбон, Вобкент тумани "Абдулазизхон" масжиди имом-хатиби
3-ўрин — Одилов Ҳайдаржон, Когон тумани "Хўжа Каъбул Ахбор Вали" масжиди имом-хатиби
Шашка мусобақаси ғолиблари:
1-ўрин — Нажмидинов Ғайрат, Ромитан тумани "Маҳаллаи-боло" масжиди имом-хатиби
2-ўрин — Орипов Олим, Шофиркон тумани "Аҳад ҳожи Қилич ўғли" масжиди имом-хатиби
3-ўрин — Бозоров Ваҳобиддин, Пешку тумани "Чиқирчи" масжиди имом-хатиби
Ғолиб ва совриндорлар ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати