УНИНГ ИНСОНИЯТНИ ҚУТҚАРИШ ВА САОДАТМАНД ҚИЛИШДАГИ ЎРНИ. АНБИЁЛАР АМАЛИНИНГ ТАБИАТИ
Нубувватнинг вазифасини ва анбиёлар амалининг табиатини баён қилиш учун бир мисол келтираман. Ундан фалсафий далилларсиз ҳам нубувватнинг вазифасини ва ўрнини тушуниб оламиз.
Ҳикоя қилинишича, бир гуруҳ талабалар денгизда сайр қилиш учун кемага минибдилар. Уларнинг ўзлари тетик, вақтлари кўп эди. Умрида дарс ўқимаган уммий кемачи ҳазил-мутойиба, қочирим гап қилиб кулиш учун яхши ҳадаф (нишон) эди.
Талабалардан бири унга: «Амаки, қайси илмларни ўргангансиз?» деди.
«Ҳеч нарса ўргана олмадим, болам», деди кемачи.
«Табиий илмларни ўрганмаганмисиз?» деди толиб.
«Йўқ. Улар ҳақида эшитмаганман ҳам», деди кемачи.
Шунда бошқа бир толиб гапга аралашиб: «Математика, алгебраларни ўқигандирсиз?» деди.
«Тўғриси, бу ғалати номларни биринчи марта эшитиб турибман», деб жавоб берди кемачи.
Учинчи бир шўхроқ толиб: «Ишончим комилки, жўғрофия билан тарихни ҳам қотириб ўқиб қўйгансиз-а?» деди.
Кемачи унга қараб: «Бу шаҳарнинг номими, одамнинг-ми?» деди. Шу ерга келганда ёшлар ўзларини тута олмай, кулиб юборишди. Уларнинг қаҳқаҳаси атрофга тарқалди.
«Ёшингиз нечада?» дейишди кулиб бўлиб.
«Қирққа кириб қолдим», деди у.
«Умрингизнинг тенг ярмини зое қилибсиз-да, амаки!» дейишди ёшлар. Саводсиз кемачи маъюс ҳолда жим қолди. У ўз навбатини кутарди.
Бирдан денгиз тўлқинланиб, довул бошланди. Кучли тўлқин келиб, кемага урила бошлади. Кема қаттиқ чайқалиб, тўлқинлар уни ютиб юборгудек бўлиб, оғизларини очиб ҳамла қила бошлади. Ёшлар изтиробга тушдилар. Улар денгизга биринчи марта чиққан эдилар. Кема ғарқ бўлиши муқаррар бўлиб қолди.
Энди саводсиз кемачининг навбати келган эди. У хотиржамлик ва виқор билан: «Ҳа, болалар! Қандай илмларни ўрганган эдингиз?» деди.
Ёшлар ўзлари ўрганган илмларнинг узундан-узоқ рўйхатини айта кетишди. Аммо улар кемачининг мақсадини англашмас эди. Улар кўплаб номи улуғ илмларнинг исмларини санаб бўлишганидан кейин кемачи виқор билан ғолибона гердайиб шундай деди: «Болаларим, бу илмларни-ку ўрганибсиз. Лекин сузишни ҳам ўргандингизми? Худо кўрсатмасин, агар кема ағдарилиб кетадиган бўлса, соҳилгача қандай қилиб сузиб боришни биласизми?»
«Йўқ! Биз ўрганмаган ягона илм шу экан», дейишди толиблар.
Бу гапни эшитиб, кемачи маза қилиб кулди-да: «Агар мен умримнинг ярмини зое кетказган бўлсам, сизлар умрингизнинг ҳаммасини қўлдан берибсизлар, чунки мана бу тўфонда ўша илмларингиз сизга ёрдам бера олмайди. Сизларга фойда берадиган ягона илм сузиш илмидир. Уни эса сизлар билмаисизлар», деди.
Ғарқ бўлиш ҳолига келиб қолган инсониятни қутқаришда нубувватнинг вазифаси ва ўрни ана шундан иборат. Анбиё ва расуллар амалидаги табиатнинг бошқа таълим-тарбиялардан фарқ қиладиган жойи ҳам шунда. Улар башариятга «нажот илми»ни берурлар. Улар башариятга сузишни ва ҳаёт кемасини бошқаришни ўргатурлар.
Инсоният тарихи кўрсатадики, одамлар ахлоқининг бузилиши ва ёмон ишлари туфайли ҳаёт кемаси ғарқ бўлганда, у билан қўшилиб барча башарият, цивилизация, фикрий, илмий, фалсафий маҳсуллар, шунингдек, барча шеърий, адабий ва баёний дурдоналар ҳам биргаликда ғарқ бўлади. Ушбу кема ҳеч қачон адабий тушкунлик туфайли ғарқ бўлган эмас. Мадраса ёки дорилфунунларнинг озлигидан ғарқ бўлган эмас. Олий таълимнинг йўқлигидан ғарқ бўлган эмас. Ёки молу дунёнинг озлигидан, турмуш савиясининг пастлигидан ғарқ бўлган эмас. Бу кема инсон ўзини ўзи ўлдиришга тайёрлангани учун, ўзи яшаётган уйни бузувчи чўқморга айлангани учун ғарқ бўлган. Тарих инсон ақлининг кўпинча асабий хуружларга учраб, яратувчилик ўрнига бузғунчилик, барпо қилиш ўрнига йўқ қилиш йўлига кириб кетганига далолат қилади.
Ғарбпарастларнинг ҳайрат ва даҳшатга тушганларини кўрдик. Биз ҳолатнинг хунуклиги ва ишнинг ёмонлигидан ишонгимиз келмаса ҳам, одамларнинг шавқу завқ билан ўз асосларини бузаётганларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ҳолбуки, худди ўша асосга уларнинг улуғ фикрий ва маданий қасрлари бино қилинган эди. Ўша нобакорлар бу аҳмоқона ишларини худди оламшумул яхшилик қилаётгандек, ажойиб хизмат адо этаётгандек ихлос билан бажарар эдилар. Бу билан улар ўзларини ўзлари ўлим чоҳига тортар эдилар.
ЖОҲИЛИЯТ АСРИ ВА УНИНГ АҒДАРИЛИШГА ҲАМДА ЎЗ-ЎЗИНИ ЎЛДИРИШГА ТАЙЁРЛАНИШИ ТАСВИРИ
Милодий олтинчи асрда оламда ана шундай ҳолат ҳукм сурар эди. Биз унда ўзини ўзи ўлдиришга оммавий тайёргарлик кўрилганини мулоҳаза қиламиз. Ўша даврда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичган-у, атаган назрию ичган қасамини амалга оширишга тиришаётганга ўхшар эди.
Қуръони Карим ушбу манзарани ҳеч бир рассом, адиб, ривоятчи ёки тарихчи тасвирлай олмайдиган даражада аниқ тасвирлаб берган:
«...ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Тарихчиларни Аллоҳ раҳмат айласин. Улар бизга рисолаи Муҳаммадия воқеаларини тасвирлаб бераётганларида жоҳилиятни тўғри ва дақиқ тасвирлаб бермаганлар. Улар маъзурлар, ажру савоб эгасидирлар. Уларга ташаккур, чунки адабиёт ва луғат захираси уларга ёрдам бера олмаган. Аслида бу нарса ниҳоятда баҳайбат, улкан, аммо дақиқ ва мавҳум бир нарсадир. Уни қалам билан, луғавий қудрат билан ва баёний салоҳият билан васф қилиб бўлмайди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васаллам пайғамбар этиб юборилган аср ижтимоий ва ахлоқий тушкунлик муаммоси асри эдими? Еки бутпарастлик муаммоси асри эдими? Ёки у ароқхўрлик, қиморбозлик, бемаънилик, зулму истибдод муаммоси асри эдими? Ёки золимона иқтисодий қонунлар ва ситамкор ҳокимлар муаммоси асри эдими? Ёки қизларни тириклай кўмиш муаммоси асри эдими? Йўқ! У аср бутун бошли инсониятни тириклай кўмиш муаммоси асри эди!
Бу босқич тугаб битди. У авлод инқирозга учради. Мазкур хунук кўриниш кишилар тасаввуридан ғойиб бўлди. Энди уни қандай тасаввур қила оламиз? Қандай қилиб уни кўз билан кўриб, қўл билан ушлайдиган қиламиз? Бу ҳакда «Ўша жоҳилият асрида бўлиб, уни тўла тушуниш учун унда яшаш ва унинг ўтида куйиш керак», дея оламиз, холос.
Агар бирор суратчи ўша пайт инсонини тасвирламоқчи бўлса, ғоятда чиройли, саломат, хушбичим ва сарвиқомат бир одам суратини чизар эди. Инсон ҳамма нарсани яхши лаб яратувчи Аллоҳнинг санъати намунасидир. Унга фаришталар ҳам ҳавас қилганлар. Аллоҳ уни Ўзининг халифаси қилган. У бутун мавжудотнинг зийнатидир. У ҳақиқат ва ирфоннинг мағзидир. Унинг сабабидан ушбу ер харобадан ободга айлангандир. Ҳалиги суратда ана ўша инсон ўзини ичида олов ловуллаб турган катта хандаққа ташламоқчи бўлиб тургани тасвирланган бўларди. У ўзининг бор кучини йиғиб, кийимларини йиғиштириб, бир оёғини хандақ томон кўтариб турибди. Бир неча лаҳзадан сўнг ўлим зулматига ўзини уради. Ушбу тасвир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган пайтдаги инсониятнинг ҳолини бироз тасвирлаган бўлади. Қуръон бу ҳолатга ишора қилиб: «Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди», дейди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳолатни тасвирлаб, шундай деганлар: «Мен ва менинг умматим худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳашарот ва капалакларга ўхшаймиз. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турибман, сизлар эса ўзингизни оловга урасиз».
Ушбу қиссадаги катта муаммо инсоният кемаси Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида нажот қирғоғига соғ-саломат чйқиб олмоғи эди, чунки инсон рисоладагидек бўлиб, унинг табиати мўътадил, ҳаёти мувозанатли бўлганда унинг барча бунёдкорлик ва тараққиётга оид режалари, адабий ва илмий режалари амалга ошади.
Шундан келиб чиқиб, «Бутун инсоният анбиё алайҳиссаломлар олдида қарздордир», деймиз, чунки улар инсониятни бўйнида қиличдек осилиб турган турли хатарлардан қутқарганлар. Барча илмий режалар, ижтимоий лойиҳалар, фикрий ёки фалсафий мактаблар уларнинг фазлидан холи эмас. Шунингдек, ҳозирги олам ҳам уларнинг олдида ўзининг боқий қолгани, бардавом бўлгани ва ҳаёт ҳаққига эришгани учун қарздордир.
Чунки инсоният тили билан эътироф қилмаса ҳам, ҳоли билан кўп марта бу ҳақиқатни эътироф қилгандир. У кўп марта ўзида ҳаёт ҳаққи қолмаганини, раҳм-шафқат қолмаганини, файзу барака, яхшилик қолмаганини тан олган.
Инсоният илоҳий маҳкамада бир неча бор ўзига қарши ўзи даъво очган ва ўзига қарши гувоҳлик ҳам берган. Унинг иши бўйича тўлган дафтарлар охирги ва одил ҳукм чиқиши учун тайёр ҳам бўлган эди. Инсон ўзини тасаввур қилиш мумкин бўлган энг катта уқубатга тутган эди. Балки ўлим ҳукмига сазовор бўлган эди. Бунинг ажабланадиган жойи ҳам йўқ. Маданият ўзининг табиий чегарасидан, ўз қобиғидан чиққанда, ахлоқий қадриятларни бутунлай унутганда ёки уларга очиқ-ойдин куфр келтирганда ва инсон барча гўзал ғоялардан, шарафли мақсадлардан ғофил бўлганда, моддий манфаатлардан бошқа ҳамма манфаатларни ёддан чиқарганда, унинг қалби бўрининг, қоплоннинг ёки йўлбарснинг қалбига айланиб қолади. Ана ўшанда унинг жисмида бир хаёлий ёки сунъий қорин пайдо бўлади. Уни ёмонликка амр қиладиган нафс пайдо бўлади. У беқарор бўлиб қолади. Ҳеч бир нарса унинг йўлини тўсмай қўяди. Инсониятни жунуннинг шиддатли хуружи тутганда, Аллоҳ унга бир гуруҳ жарроҳларни ёки бир тўп қонхўрларни юборади. Пичоқлар ишга тушиб, шиш ва яраларни кесиб тозалай бошлайди.
Албатта, маданиятнинг бузилиши, унинг қутуриши ва жинни бўлиши подшоҳлик ва диктатуранинг жиннилигидан кўра ашаддийроқ, ёмонлиги ундан кўра хунукроқдир, чунки бир кишининг жинни бўлиши бир маҳалланинг тинчини бузиши мумкин. Аммо инсониятнинг барчаси жинни бўлганда, маданият ифлосланганда, инсоний табиат бузилганда нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а! Унинг давоси бўлиши мумкинми?
Жоҳилият даврида маданият бузилибгина қолмай, балки унинг бутун вужуди сасиб кетган эди. Инсон ўз биродари инсонни овлар, уни ўлдиришдан, ўлими олдидаги қийналишидан ҳузурланар эди. Бу худди бизлардан бирортамизнинг боғу роғларни, гулзорларни кўриб, ҳузурлачганимиз каби эди. Уша давр инсони азобланаётган инсоннинг инграшидан, дод-войидан ва зорланишидан ёқимли шароб, лаззатли таом ёки гўзал манзарадан ҳузурлангандек ҳузурланар эди.
Оврупо қаҳрамонликлари, улуғворлиги, қонунлари ва маданиятини қўшиқ қилиб куйлайдиган Рим тарихига назар солиб кўринг. Унда инсон бемеҳрлигининг жонли мисолини кўрасиз.
Ликий «Оврупо ахлоқи тарихи» номли китобида инсоннинг нодир ваҳшийлигидан бир кўринишни қуйидагича тасвирлайди:
«Рим аҳлини сеҳрлаган манзаралардан энг олийси, улар учун энг яхши ва ҳузурбахш нарсаларнинг бири ўз жинсидан бирининг гладиаторлар олишувида қонга беланиб, йиқилиши эди. Ана ўшанда одамлар ўзларини тута олмай қолар эдилар. Мазкур вахдшёна манзарани яқинроқдан кўриш учун ёшу қари, эркагу аёл, ҳатто болалар ҳам бир-бирини туртиб, олдинга ташланишар эди. Улар ўз қавмидан, юртидан бўлган бир кишининг қийналиб ўлишини шунчалик шодлик билан олқишлар эдилар. Унинг ўлими олдидаги инграши улар учун ҳар қандай мусиқа, қўшиқ ва қушларнинг сайрашидан кўра ёқимлироқ эди. Тартибни сақлашлари лозим бўлган миршаблар ҳам бундай тўполоннинг олдида кўлларидан бир нарса келмай, лол қолар эдилар».
Уша пайтда жоҳилиятнинг пойдевори ўз ўрнидан кўчган эди. Балки у парчаланиб кетган ва уни ислоҳ қилишдан умид йўқ эди. Инсоният илоҳий маҳкама қаршисида туриб, ўзининг охирги ҳукмини кутар эди. Ана шундай бир пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилдилар ва осмондан у зотга: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деб нидо қилинди.
РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯ ҲИСОБИДА ЯНГИ ОЛАМ
Биз яшаб турган авлод ҳам, биздан кейин келадиган авлодлар ҳам – ҳамма-ҳаммаси рисолаи Муҳаммадиянинг ва унинг шомил ва боқий даъватининг ҳамда самарали уринишларининг ҳисобида борлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир, чунки у, энг аввало, инсониятга тахдид солиб турган қилични унинг бошидан олди ва унга кўплаб яхшиликлар, ҳадялар ва атолар армуғон этди. У инсониятга янги руҳ, янги ҳаракат, ҳиммат, орзу, иззат ва каромат, тўғри мақсад, олиймақом ғоя берди. Ушбу армуғонлар туфайли инсоният янгича улуғворликка, маданиятга, дунёқарашга, ихлосга ва бошқа кўпгина ўзи учун зарур бўлган нарсаларга эга бўлди.
РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯНИНГ ОЛТИ АРМУҒОНИ ВА УЛАРНИНГ ИНСОНИЯТ ТАРИХИГА ТАЪСИРИ
Энди рисолаи Муҳаммадиянинг башариятни ислоҳ қилиш, тўғри йўлга бошлаш, уйғотиш ва ривожлантириш учун тақдим қилган кўплаб армуғонларидан олтитасини мисол тариқасида зикр қиламиз. Ўлар аввалги қолоқ оламга мутлақо ўхшамайдиган янги бир олам барпо қилгандир.
ПОК ВА РАВШАН ТАВҲИД АҚИЙДАСИ
У зот еодлаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи катта хизматлари – инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдасини армуғон қилганларидир. Бу ақийда инқилобий ва мўъжизавий бир ақийдадир. У қувват ва ҳаётийлик ила отилиб чиқади. У вазиятларни ўзгартириб юборади. У ботил олиҳаларни парчалайди. Инсоният унга ўхшаш нарсани кўрмаган ва қиёматгача кўрмайди ҳам.
Узича бўлмағур даъволарни кўтариб юрган, шеър, фалсафа, сиёсат ва жамиятшуносликдан иборат пуч гапларни опичлаб юрган инсон, халқлар ва юртларни қайта-қайта мустамлака қилган, тошлардан гул ясаган, тоғлардан анҳорлар чиқарган инсон, гоҳида худоликни даъво қилган инсон, ҳа, ўша инсон турли бўлмағур, зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган нарсаларга сажда қилар эди.
«Агар бир пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани хам қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам заиф бўлди» (Ҳаж сураси, 73-оят).
У ўзи ясаган нарсаларга таъзим қилар эди. Ундан қўрқар эди. Ундан яхшиликни умид қилар эди. У тоғлар, анҳорлар, дарахтлар, ҳайвонлар, руҳлар, шайтонлар ва бошқа табиий нарсаларга сажда қилибгина қолмасдан, балки ҳашарот ва қурт-қумурсқаларга ҳам сажда қилар эди. У ўз ҳаётини бор бўйича турли васвасалар, хаёллар, ваҳмлар, хомхаёллар ва алғов-далғов фикрлар билан ўтказар эди. Бунинг табиий натижаси ўлароқ, у қўрқоқ, заифҳол, фикран тутуриқсиз, нафсан изтиробли, ишончи ва истиқрори йўқ шахсга айланган эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай аянчли ҳолга тушиб қолган инсониятга пок, дақиқ, содда ва осону равшан тавҳид ақийдасини армуғон этдилар. Бу ақийда ҳимматларни қўзғатди. У ҳаётнинг боисидир. У ила инсоният барча хавф ва қўрқинчлардан халос бўлди. Аллохдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган бўлди. Инсон Аллоҳнинг Ўзигина фойда ва зарар келтирувчи, берувчи ва олувчи эканига ҳамда У Зотнинг ягона Ўзигина башариятнинг ҳожатларини чиқарувчи эканига аниқ ишонди. Ушбу янги маърифат туфайли унинг назарида бутун олам ўзгача бўлди. У барча қуллик ва қарамликдан озод бўлди. У махлукдардан умидвор бўлиш ёки қўрқиш ҳиссидан ҳам озод бўлди. Хаёлни учириб, фикрни чалғитадиган барча нарсалардан ҳам қутилди. У ўзининг Аллоҳнинг энг шарафли халқи, ер юзининг улуғи, Аллоҳнинг халифаси эканини англаб етди. У ўз Робби ва Холиқига итоат қилиб, Унинг амрларини бажаришга ўтди. У шу билан инсонийликнинг улуғ шарафини юзага чиқарди.
Ҳа, рисолаи Муҳаммадия инсониятга «тавҳид ақийдаси» номли улкан туҳфани армуғон этди. Бу ақийда авваллари бошқа ақийдалар олдида мажҳул ва мазлум эди. Энди унинг садоси бутун оламга тарқалди. Дунёдаги оламшумул фалсафалар ва даъватлар ундан таъсирландилар.
Баъзи ширк ва кўпхудолик асосида пайдо бўлган ва бу нарсалар қон-қонига сингиб кетган катта диёнатлар охири келиб, паст овоз билан бўлса ҳам, қулоққа шивирлаш ила бўлса ҳам, Аллоҳнинг бирлигини, Унинг шериги йўқлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Улар ўзларининг ширюса оид эътиқодларини фалсафий таъвил қилиб, ширк ва бидъатлардан ўзларини олиб қоча бошладилар. Улар ўзларининг эътиқодларини Исломдаги тавҳид ақийдасига ўхшата бошладилар. Ўша диёнатларнинг бошлиқлари ширкни зикр қилишдан хижолат бўладиган бўлиб қолишди. Ушбу туҳфа рисолаи Муҳаммадия инсониятга ҳадя қилган туҳфаларнинг энг қимматлиси бўлди.
ИНСОНИЯТНИНГ БИРЛИГИ ВА БАШАРИЯТНИНГ ТЕНГЛИГИ АСОСИ
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан иккинчиси инсоният бирлиги ва башарият тенглиги тасаввуридир.
Авваллари ийсонлар турли халқлар, қабилалар, ирқлар ва табақаларга бўлинар эди. Улардан баъзилари олий, юқори табақа, бошқалари паст, қуйи табақа ҳисобланарди. Мазкур табақалар орасидаги тафовут жуда ҳам улкан бўлиб, баъзан инсон билан ҳайвон, ҳур билан қул ва обид билан маъбуд орасидаги тафовутга тенг келар эди. Бу ерда инсоният бирлиги ва башарият тенглиги ҳақида ҳатто фикр ҳам юритилмас эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ давом этган сукунатдан ва зулматдан сўнг мазкур инқилобий, ақлларни даҳшатга солувчи ва вазиятларни ўзгартирувчи эълонни қилдилар:
«Эй одамлар! Сизларнинг Роббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одам Атодансиз. Одам эса тупроқдандир. Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан тақводан бошқа фазли йўқдир», дедилар.
Ушбу эълон ўзида икки ҳақиқатни мужассам қилган. Иккиси ҳам эминлик ва тинчликнинг асосий таянчларидир. Барча замонлар ва маконларда шу иккиси асосида тинчлик бўлган. Уларнинг бири Роббнинг бирлигидир. Иккинчиси башариятнинг бирлигидир. Инсон инсонга икки тарафла-ма биродардир. Инсон инсонга икки марта биродардир. Биринчи марта – Роббнинг бирлиги туфайли. Иккинчи марта – отанинг бирлиги туфайли.
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! У билан ўзаро сўровда бўладиганингиз Аллохдан ва қариндошлик (алоқаларини узиш)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (Нисо сураси, 1-оят).
«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик, сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг хузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчидир, хабардор» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Албатта, бу боқий калималарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ўз тиллари ила эълон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу калималарни эълон қилган пайтда олам улардаги журъат ва ошкораликни ҳазм қила оладиган ҳолатда эмас эди. Бу эълон ўша пайтдаги олам учун катта ва шиддатли зилзиладан ўзга нарса эмас эди.
Бугунги кунда инсоният босиб ўтган илм, фаҳм ва инсоний фикр йўлидаги узоқ ва машаққатли йўл Ислом даъвати, исломий жамият пайдо бўлиши, даъватчилар, ислоҳчилар, мураббийларнинг ҳаракати ила ушбу улкан ва оламшумул эълонни оддий кундалик ҳақиқатга айлантирди. Бугунги кунда мазкур эълонни дунёдаги барча сиёсий ва ижтимоий муассасалар ўзининг шиори қилиб олганлар. Жумладан, БМТ байроғини кўтарган «Инсон ҳуқуқлари хартияси» ҳам. Ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот инсон ҳуқуқлари ва тенглиги тўғрисида қиладиган баёнотлар ҳам Ислом таълимотларидан кўчирмадир. Аммо аввалги вақтларда – баъзи халқлар ва оилалар ичида ашрофлик эътиқоди давр сурган, ўзларини башарлик савиясидан юқори тутган, баъзи оила ва сулолалар ўз насабини ой, қуёш ёки Аллохға «Аллоҳ золимлар айтадиган нарсадан жуда ҳам олий бўлди» деб нисбат берган пайтда инсоният қаерда эди?! Қуръони Карим бизларга яҳудий ва насороларнинг гапини ҳикоя қилиб берган:
«Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», дейишди» (Моида сураси, 18-оят).
Миср фиръавнлари ўзларини қуёш худоси Ранинг бир кўриниши деб даъво қилар эдилар.
Ҳиндистонда эса «Сурж банси» – қуёш ўғиллари ва «Жундур банси» – ой ўғиллари номли икки машҳур оила бор эди. Эроннинг кисролари (подшоҳлари) ўз томирларида илоҳнинг қони оқишини даъво қилар эдилар. Аҳоли уларга муқаддас ва илоҳий шахслар сифатида қарар эди. Милодий 590-628 йилларда ҳукмронлик қилган кисро Абравезнинг васфида «Олиҳаларда фоний бўлмас инсондир. Башарда иккинчиси йўқ илоҳдир. Калимаси олийдир. Шон-шарафи, шавкати юксакдир. Қуёш ила, ўз ёғдуси ила чиқади. Қоронғи кечаларни ўз нури ила мунаввар қилади», дейиларди.
Қайсарларнинг (Рум императорларининг) ҳам олиҳалари бор эди. Ким юртни бошқаришни ўз қўлига олса, унинг ўз илоҳи бўларди. Уларнинг лақаби «август», яъни «маҳобатли ва буюк» эди.
Хитойликлар императорни «осмоннинг ўғли» деб эътиқод қилишарди. Уларнинг ақийдаси бўйича, осмон эркак, ер аёл бўлиб, иккисининг бирлашишидан борлиқ туғилган эмиш. Император эса ушбу эр-хотиннинг биринчи ўғиллари экан.
Араблар эса ўзларидан бошқаларни ажам ҳисоблашар эди. Қурайш қабиласи ўзини араб қабилаларининг энг шарафлиси деб биларди. Ҳаж мавсумида ўзини имтиёзли тутарди. У одамлардан бошқа жойда туриб, бошқа алоҳида бир жойда юрарди. Ҳожиларга қўшилиб Арафотда турмас, балки Ҳарамда қолиб, Муздалифада турар эди. Улар: «Биз Аллоҳнинг юртидаги аҳлимиз, Унинг Байтининг аҳлимиз», дер эдилар.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлиги эълони;
Умидсизлик ва шумланишга қарши кураш. Инсонда орзу-умидни ва ўзига ишонч руҳини тирилтириш;
Дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ва тижорий жамоатларни бирлаштириш;
Мақсаду ғоя, амал ва кураш майдонини тайин қилиш;
Янги олам ва инсоннинг туғилиши;
Хулоса.
2024 йил 26 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида амалий тадбирлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари, туман ва шаҳарларнинг бош имом-хатиблари, Янгийўл тумани имом-хатиблари, отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойилар “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш, масжидни бошқариш, фаолияти ҳамда ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, пешин намозларида долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилиниб, Ишчи гуруҳ тузилди.
Кун давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Янгийўл шаҳрининг 2 та масжиди ҳамда 22 та маҳалласига бириктирилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари оилаларга кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Тарғибот тадбири давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Хусусан, Янгийўл туманидаги “Хонтўра ҳожи” жоме масжиди ҳудудида 100 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, “Эзгулик боғи” номли мўжаз боғ яратилди.
Зайниддин домла Эшонқулов кўчат экишда қатнашган имом-хатиблар ва маҳаллий аҳолисига юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишнинг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида мазкур боғ айтилган сўзнинг амалий ифодаси бўлганини шаръий далил ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириб, барчани бундай эзгу ишларга ҳисса қўшишга чақирди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Янгийўл тумани масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тошкент вилояти имом-хатиблари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти 2024 йилнинг 12 декабрь куни Чиноз туманида ўтказилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати