Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги “Мунаввар қори” жоме масжиди имом ноиби Баҳодир қорининг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан марҳума онахоннинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Баҳодир қори домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази