Ёмонликдан қайтариш
Динимиз таълимотларига кўра, кишилар ўзаро дўстлик ва тотувликка буюрилади. Одамларнинг бир-бирларига нисбатан гина-кудурат сақлаши, душманлик қилиши ва ғийбат-бўҳтон уюштириши қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 12-оятида бандаларини бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир”.
Демак, бирор киши ҳақида бадгумонда бўлиш, у тўғрида ҳар хил шубҳага бориш яхши эмас. Балки у чиндан ҳам яхши инсондир. Агар шундай бўлиб чиқса, гумонланувчи ўзига гуноҳ орттирган бўлади. Шу боисдан ҳам “Кўп гумонлардан четда бўлинглар...” дейилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, ён-атрофимиздаги, ҳар куни кўриб-билиб юрган, бирга ишлайдиган, ўқийдиган биродаримиздан ҳам гумонланамиз. Кўнглимизга ҳар хил шубҳалар оралайди. Ёки бўлмаса, учинчи бир одамнинг гапига кириб, у ҳақдаги фикримизни ўзгартирамиз. Илло, буларнинг барчасининг замирида ёлғон, жосуслик бор. Шунинг учун ҳам киши бундай иллатлардан узоқроқ бўлиши керак экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кишилар: “Ё Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?”, деб сўрашди. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб қилди (Имом Абу Довуд ривояти).
Бировни ғийбат қилиш – оғир гуноҳ. Бу ҳақда ояти каримада ҳам аниқ мисол келтирилган. Шу маънода киши ҳеч кимни ғийбат қилмаслиги, акс ҳолда бунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобгарлик борлигини унутмаслиги лозим.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафиянинг сифатлари мана булар, деб санадим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Денгиз сувига қўшса, уни ҳам бузадиган сўз айтдинг”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Яъни, ғийбат шу қадар нопок нарсаки, уни ҳатто денгизга солса, унинг ҳидини ҳам таъмини ҳам бузади. Шунинг учун мусулмон киши ўзини ғийбатдан тийиши билан бирга ўзгаларни ҳам бу иллатдан қайтариши жоиздир. Бу эса унга кўплаб ажр-савоблар ёзилишига ноил бўлади.
Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, ғийбат оғир гуноҳдир. Шу билан бирга у икки инсоннинг муносабатларига раҳна солади. Иккисини бир-бирига ёв қилиб, юзкўрмас бўлиб кетишига сабаб бўлади.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” масжиди имом-хатиби.
Ҳанафий мазҳабимизда «ишораи саббоба» суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча ҳадису шарифлар ворид бўлиб, қуйидаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилиниши борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадои’ус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур ри'оя”, “Эъло’ус сунан” каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган. Бу ҳақида Алий Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Ат-тадҳийну лит тазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам ёзиб ўтганлар.
Имом Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора қилардилар. Чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеъинлар амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар. Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.
Алий Қорий “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўмин бандани адаштириши, ширкка олиб боришдан бўлган умидини кесади”.
Имом Суютий “Жомеъул кабир” китобларида Уқба ибн Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.
Ибн Обидийн “Рафъул тараддуд” номли китобларидаги «ишораи саббоба» ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.
«Ишораи саббоба» қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеъинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳамммад, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар «ишораи саббоба» суннат эканлигига иттифоқ қилишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «ишораи саббоба»ни ташаҳҳудга ўтирганда, дуони ўқиб “Ашҳаду анна...” деганда намозхон ўнг қўлни кўрсатгич бармоғини кўтаради, “иллаллоҳ” деганда туширади. Ташаҳҳуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туриш дуруст эмас. Шуни такидлаш лозимки, «ишораи саббоба» ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.
Наманган шаҳар "Мулла Бозор Охунд" жоме масжиди
имом ноиби Анвархон Акрамов
Манба: @Softalimotlar