frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Тунда Қуръон ўқиганмисиз?

22.05.2024   2670   3 min.
Тунда Қуръон ўқиганмисиз?

Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади.

Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда бундай дейилган: “Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида бундай деган: “Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар”.

Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: Сени тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман, дейди”.

Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.

Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:

— Мени танидингми? — дейди.

Банда айтади:

— Сени танимайман.

 — Мени танимайсанми?

— Ҳа.

— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.

Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади. Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):

— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.

— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.

Кейин (Қуръон соҳибига):

— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.

У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Ким тунда “Бақара” сурасини ўқиса, кўп ва хўп қилибди”.

Иброҳим Нахаий: Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар! деб тайинларди.

Авзоий: Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади, деган.

 Дилмурод МАМАТОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мурувватли бўлиш — олий фазилат ва инсоний бурчдир

18.09.2026   25397   1 min.
Мурувватли бўлиш — олий фазилат ва инсоний бурчдир

Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.

Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.

Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.

Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.

Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари