Аллоҳ таоло каломида: “Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103-оят).
«Қуёш оғишидан то кун қоронғисигача намозни тўкис адо қил. “Фажр Қуръони”ни ҳам. Албатта, “фажр Қуръони” гувоҳлантирилгандир» (Исро сураси, 78-оят).
“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят).
Аллоҳ азза ва жалла бизга эслатаётган оятларида унинг бошқа ибодатларга нисбатан намозга кўпроқ эътибор бериши қўрқиладиган ҳолдир. Бу ердаги ҳикмат очиқ ва равшан. Ҳикмат шуки, инсоннинг Аллоҳ таоло билан бирга бўлишидир. Инсоннинг Аллоҳ билан боғланиб турадиган деразаси – намоздир. Инсон қандай қилиб доим Аллоҳ билан бирга бўла олади? Аллоҳ таоло биз меҳмон бўладиган ва кириб ўтирадиган бирор ерга жойлашишдан холи ва покдир.
Шундай экан, биз қандай қилиб У Зот билан бирга бўламиз? Сиз Аллоҳнинг олдига ҳар куни беш маҳал меҳмондорчиликка борасиз. У сизни йигирма тўрт соат мобайнида беш вақт намоз билан меҳмон қилади. Сиз намозда турганингизда у билан бирга эканингизни, Парвардигор сизнинг дуоларингизни эшитаётганини биласиз. Мана шу Аллоҳ таолонинг меҳмон қилишидир.
Шайх Муҳаммад Саид
Рамазон БУТИЙ
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати