Бир одам айтади: “Мен оғир вазнли эди. Шифокорим менга озишни буюрди. Бир куни торозига чиқиб қараб, қўрқиб кетдим, вазним доим шундай турармикин, ҳеч озмасмикинман ёки аксинча янаям семириб кетармикинман деб ваҳимага тушдим. Бир ойдан кейин яна ўзимни тарозига тортиб кўрдим, қарасам бир килограммга озибман. Кўриб кўзларим қувнаб кетди. Хурсандлигимдан “Аллоҳу акбар, Алҳамдулиллаҳ” деб юбордим. Кейин ўйга ботдим, иш бунданда каттароқ бўлиб, шу тарози қиёматдаги амалларим тарозиси бўлганда нима қилардим? Амалларим тортилишини қандай ҳадик ва ҳаяжон билан кўриб турардим? Яхши амалларим вазни оғирроқ бўлармиди ёки ёмон амалларим вазними? Бу жуда дақиқ тарозидирки, энг майда зарралар ҳам унда тортилади: “Биз қиёмат куни учун адолат тарозиларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).
Бу тарозининг натижаси қоғозга ёзиб менга кўрсатилмайди, китобларда учиб юради, китобимни ё ўнг тарафимдан оламан ёки чап тарафимдан оламан: “Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар... Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим, дейдир. Бас, у розилик ҳаётидадир. Олий жаннатдадир. Унинг мевалари яқиндир. Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Ва аммо кимнинг китоби чап тарафдан берилса, у, вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди. Ва ҳисоб-китоб қандоқлигини билмасам эди. Қани (бу дунёдаги ўлим) охиргиси бўлса эди” (Ҳаққо сураси, 19-27-оятлар).
Ҳаётдаку вазнингиз ортиб кетганини билсангиз, тезда саъй-ҳаракат қилиб, ширинликлар, ёғли овқатлар ейишни тўхтатиб, спорт билан шуғулланиб озишга ҳаракат қилишингиз ва бунинг уддасидан чиқишингиз мумкин. Лекин охиратда-чи?! Амалларингиз тарозиси ёмон натижа кўрсатаётганини кўрсангиз: “Афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан” (Фажр сураси, 24-оят) дейишдан уёғига ўта олмайсиз.
Шу гуноҳларга қўл урмаганимда эди, гуноҳларни истиғфор айтиб ўчириб юрганимда эди, тилимни, қулоғимни, кўзимни Аллоҳ ҳаром қилган ҳамма нарсадан тийганимда эди, деб қоласиз! Лекин бу ўкинчлар фойда берадими?!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати