Саудия Арабистонининг Икки Муқаддас Масжид масжиди ишлари бўйича бош бошқармаси ҳаждан янги келган зиёратчилар келиши олдидан Пайғамбаримиз масжиди “Масжидун Набавий”ни ёзнинг жазирама иссиғига чидамли этиб тайёрлади.
Ҳароратнинг ошишини инобатга олган ҳолда, бошқарма томонидан мусулмонларнинг қулайлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун махсус чора-тадбирлар амалга оширилди.
Юқори технологияли кондиционер (совутгич) тизими “Масжидун Набавий”даги ҳарорат шароитларини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. Ушбу тизимнинг марказий стансияси бутун муқаддас масжид бўйлаб салқин ҳавони самарали тарқатиш учун илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда дунёдаги энг йирик сув совутгичлар билан жиҳозланган, деб ёзади, IslamNews “ Asharq al-Awsat ” нашрига таяниб.
Масжиднинг ҳовли ҳудудларида зиёратчилар автоматик тизимда ишлайдиган 250 та улкан соябон остида жазирама иссиқдан ҳимояланишади. Сув пуркагич вентиляторлари масжид ва унинг радиусидаги ҳавони янада совутади, марказий сув пуркагич тизими мунтазам стерилизация қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Оммавий ахборот воситаси – жамият кўзгуси, миллатнинг юзи. Унинг зиммасида кенг жамоатчиликни фикрлашга чорлаш, тарбиялаш, дунёқарашни бойитишдек масъулият туради.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти бўлган оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида "Матбуот – жамият кўзгуси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилди. Унда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, ОАВ вакиллари, Академия ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда юртимизда сўз эркинлигига бўлган эътибор янги даражага кўтарилганини қайд этишди. ОАВ демократик қадриятларни қарор топтириш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш, Янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнаётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари соҳа вакилларининг меҳнатини доимо эътироф этар эканлар, шундай фикрларни билдирган эдилар:
"Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт".
Учрашув давомида "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, "Жадид" газетаси бош муҳаррири Иқболжон Мирзаалиев, Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова ҳамда "Зиё" медиа маркази директори Абдуҳамид Мухторов сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёш авлоднинг баркамол вояга етиши, халқаро стандартлар асосида таълим олиши, илм-фан, касб-ҳунар чўққиларини эгаллаши ҳамда халқимиз маънавий-маърифий юксалиши борасидаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка самарали етказишда Академия билан фаол ҳамкорлик қилиб келган бир гуруҳ ОАВ ходимларни байрам муносабати билан тақдирлаш маросими ўтказилди.
Бир гуруҳ журналистларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
Матбуот хизмати