Шу йилнинг 24-26 июль кунлари Россия Федерацияси, Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида ўзига хос воқеа – Қуръони карим тажвид қоидаси асосида чиройли овозда тиловат қилиб бериш бўйича ўтказиладиган БРИКС мамлакатлари Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси, Россия Муфтийлар кенгаши ҳамда БAAнинг амалдаги президенти Муҳаммад бин Зайд номини олган Бирлашган Aраб Aмирликларидаги энг йирик университетлардан бири – Гуманитар фанлар университети ҳамкорлигида ташкил этилади.
Танловда 20 дан ортиқ давлатдан, хусусан, БРИКСга аъзо давлатлар, араб-мусулмон дунёси, Aфрика ва МДҲ давлатларидан энг кучли Қуръон қорилари иштирок этади. Шунингдек,ғолиблар Ҳаж ва Умра сафарларига йўлланмалар билан мукофотланади.
Юртимиздан Саййид Муҳйиддин махдум ислом билим юрти битирувчиси Мустафоқул қори Абдураҳмонов мазкур халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этади. Биз вакилимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йилнинг 25-26-июль кунлари Қозон шаҳрида “Маънавий ипак йўли: Евроосиё маконида анъанавий қадриятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон диний соҳа мутасаддилари қатори Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов иштирок этди.
Муҳаммадолим домла ўз чиқишида сўнгги йилларда юртимизда диний соҳа амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар билан ишлаш, диний таълимни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маъруза қилди. Бундай ўзгаришлар анжуман қатнашчилари томонидан юқори баҳоланиб, эътироф этилди.
Анжуман давомида «Катта Евроосиё халқлари: кундалик диний ҳаётнинг замонавий этнографик тадқиқотлари», «Қуръоннинг замонавий ислом маданияти ва таълимда акс этиш шакллари» каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати