Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Эътиқод дурдоналари: ИСЛОМ ШАРИАТИДАГИ АСОСИЙ ИЛМЛАР

17.11.2019   4722   20 min.
Эътиқод  дурдоналари: ИСЛОМ ШАРИАТИДАГИ АСОСИЙ ИЛМЛАР

Гўзал хулқлар деганда мусулмон кишининг динида тарғиб қилинган одобларни жамлаши ва уларга риоя қилиши тушунилади. Уламолар хулқни шундай таърифлашган: "Бандадаги мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган сифат хулқ деб аталади". Яъни хулқ яхши ёки ёмон бўлиши мумкин, унинг яхши ёки ёмонлиги ташқи аломатлари орқали билиниб туради. Хулқ икки турга бўлинади:

  1. Холқий яъни туғма хулқ;
  2. Касбий яъни кейинчалик ўзлаштириб олинадиган хулқ. Шунга кўра яхши хулқни ўзлаштиришга уриниш ва ёмон хулқли бўлишдан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади.

Мусулмон кишининг эътиқоди ва амалларида содиқ экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради.

Амалий хукмлар ҳам, гўзал хулқлар ҳам эътиқодий ҳукмлардан келиб чиқади.

 

Ислом шариатидаги асосий илмлар

Уламолар Ислом шариатидаги асосий илмларни бешга тақсимлаганлар:

 

Ислом шариатидаги асосий илмлар

Қуръон               Ҳадис                  Ақоид                 Фиқҳ                 Усулул фиқҳ илмлари             илмлари             илмлари             илмлари     илмлари

 

Куръон илмлари – Ислом шариатидаги хукмлар олинадиган асосий манба ҳақидаги илмлар;

Ҳадис илмлари – Ислом шариатидаги ҳукмлар олинадиган иккинчи манба ҳақидаги илмлар;

Ақоид илми – Ислом шариатидаги эътиқодий хукмлар ҳақидаги илм;

Фиқҳ илми – Ислом шариатидаги амалий хукмлар ҳақидаги илм;

Усулул фиқҳ илми – Ислом шариатидаги амалий ҳукмлар чиқариб олинадиган қоидалар ҳақидаги илм.

Ушбу илмлардан бошқа илмлар эса мазкур илмларнинг ичига кирувчи, уларнинг бир қисми бўлган илмлар ҳисобланади.

 

Ақоид илмининг турли асрларда машҳур бўлган номлари

  1. Фиқҳул акбар. Ушбу ном ақоид илмининг энг аввалги номларидан бўлиб, ҳижрий иккинчи асрнинг биринчи ярмида вужудга келган. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ[1] ақоид илми тўғрисида ёзган асарини "Фиқҳул акбар" деб номлаган. Ушбу асар таҳқиқларга кўра ақоид илми бўйича ёзилган дастлабки китоб ҳисобланади.
  2. Калом илми. Ақоид илмининг энг машҳур номларидан бўлган "Илму калом" ҳам "Фиқҳул акбар" номи билан бир асрда вужудга келган. "Шарҳу ақоид" китобини тадқиқ қилган Тоҳа Абдур Рауф Саъд унинг муқаддимасида қуйидагиларни келтиради: "Таҳонавий "Кашшофу истилаҳатил фунун" китобида ақоид илмининг илму калом деб номланишига қуйидаги сабабларни кўрсатган:

а) Ақоид илмининг бобларига аввалда "Каламу фи каза" (фалон нарса ҳақидаги гап) деб сарлавҳа кўйилган. Шу сабабли бу илмга илму калом ном бўлиб қолган.

б) Аллоҳ таолонинг каломи ҳақидаги масала ўша вақтларда ақоид илмнинг энг машҳур баҳсларидан бўлгани сабабли бу илмга калом илми деб ном қўйилган"[2].

  1. Усулуд-дин илми. Ушбу ном ақоид илми барча диний илмлар унинг устига бино қилинадиган диннинг асл пойдевори экани эътиборидан қўйилган. Бу ном ҳам иккинчи ҳижрий асрда диний илмлар аслларга ва бўлимларга ажралганидан кейин тарқалган. Ушбу номни биринчи бўлиб имом Абулҳасан Ашъарий қўллаган. Бу зот ақоид илмига бағишлаб китоб ёзиб, уни "Ибана фи усулид-дияна" деб номлаган. Сўнгра Абдулқодир Бағдодий Ашъарий[3] "Усулуд-дин" китобини ёзган. Кейинчалик мотуридия мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган Абул Юср Паздавий[4] ҳам "Усулуд-дин" китобини ёзган. Тоҳа Абдур Рауф Саъд "Шарҳу ақоид" китобининг муқаддимасида қуйидагиларни айтган: "Таҳонавий "Кашшофу истилаҳатил фунун" китобида шундай деган: "Ақоид илмининг усулид-дин деб номланиши, шаръий илмлар унинг устига бино қилиниши эътиборидан ва барча шаръий илмларнинг асли бўлгани учундир"[5].
  2. Ақоид илми. Ушбу ном ҳижрий тўртинчи асрларда пайдо бўлган. Чунки бу пайтларга келиб ақоид илми фалсафа билан, нақлий хабарлар ақлий қарашлар билан аралашиб кетган. Шундан сўнг олдингиларнинг мусаффо ақидаси билан кейингиларнинг мураккаб чигал ақидаси ораларини ажратиб олиш учун ушбу номни қўллашга эҳтиёж туғилган. Шунинг учун ҳам Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ "Ақида" асарини шундай бошлаган: "Ушбулар миллатнинг фаҳиҳлари Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Куфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий[6] ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний[7] раҳматуллоҳи алайҳларнинг мазҳабига кўра Аҳли сунна вал-жамоанинг ақидаси ва улар усули динда эътиқод қиладиган ва оламларнинг Роббиси учун уни дин деб тутадиган нарсалар баёнидир"[8].
  3. Тавҳид ва сифат илми. Ушбу ном ҳижрий тўққизинчи ва ундан бир оз олдинги даврларда ёзилган манбаларда учрайди. Аллома Тафтазоний[9] раҳматуллоҳи алайҳ "Ақоидун-Насафий"га ёзган шарҳининг муқаддимасида қуйидагиларни ёзган: "Билингки, шариат ҳукмлари "фаръий амалий" ва "аслий эътиқодий" бўлади. Фаръий амалийлари амалларнинг қандай бажарилишига тааллуқлидир. Аслий эътиқодийлари эса эътиқодга тааллуқли бўлади. Амалларнинг қандай бажарилишига тааллуқли бўлган ҳукмлар фақатгина шариат орқали билингани учун "илмуш-шароиъ вал-аҳкам" (шариатлар ва ҳукмлар илми) деб номланади. Эътиқодга тааллуқли ҳукмлар эса "илмут-тавҳид вас-сифат" (Аллоҳ таолони ягона деб билиш ва унинг сифатлари ҳақидаги илм) деб номланади. Чунки тавҳид ва сифатлар тўғрисидаги баҳслар эътиқод илмининг энг машҳур баҳсларидан ва энг улуғ мақсадларидан ҳисобланади"[10].
  4. Тавҳид илми. Ушбу ном ҳижрий ўнинчи асрдан кейин тарқалган. Тавҳид Ислом миллатининг шиори ва Ислом динининг белгиси ҳисобланади.
  5. Назар ва истидлол[11] илми. Ушбу ном ҳам ҳижрий тўққизинчи асрлардан кейин тарқалган. Мазкур вақтларга келиб, ақоид илмидаги кўпгина баҳслар назарий ва ақлий бўлиб қолганидан, бу илмни фақатгина борлиқдаги нарсалар тўғрисида фикр юритиш ва далил излашдан кейингина идрок этиш мумкин бўлган. Шунинг учун бу илм "илмун-назар вал-истидлол" (фикр юритиш ва далил излаш илми) деб ҳам номланган.

 

Ақоид илмининг калом илми деб номланиши ва "калом илми" атрофидаги баҳслар

Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги эътиқодий баҳс-мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Эътиқодий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Аҳли сунна вал-жамоа бу фирқаларни етакчиларининг исми билан ё қилаётган асосий даъволари билан ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлаганлар.

Мазкур фирқаларнинг вакиллари хилма-хил эътиқоддаги шахслар бўлиб, уларнинг баъзилари ўзининг нотўғри эътиқодида ниҳоятда ҳаддан ошган ва Исломдан чиқиб кетишга яқин қолган бўлса, айримлари Исломга бегона бўлган турли фалсафий қарашларга ёпишиб олган эди. Бундай кимсалар эътиқод ҳақидаги сўзларга фалсафий қарашларни аралаштириб юборган эдилар. Тарафлар ўртасида бугун "фалон нарса ҳақидаги калом" номи остида, эртага бошқа бир "фалон нарса ҳақидаги калом" атрофида турли ақидавий баҳс-мунозаралар, қаттиқ тортишувлар борарди.

Шунинг учун ҳам жамият аҳли орасида мазкур шахслар машғул бўлган "калом" билан шуғулланишга шариат нима дейиши ҳақидаги саволлар баралла янграй бошлаган. Табиийки, мазкур шахсларнинг ҳолатларидан хабардор Аҳли сунна вал-жамоа уламолари бундай "калом" билан шуғулланишдан сақланиш лозимлигини қаттиқ таъкидлаганлар. Мазкур "аҳли каломчилар" ўртасидаги баҳс-мунозараларда содир бўлаётган нақлий далилларга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш, қарши томонни кофирга чиқариш каби ҳолатлар уламоларнинг сўзлари ҳақ эканини кўрсатиб турарди. Ушбу даврларда Аҳли сунна вал-жамоа уламолари "калом илми" билан шуғулланишни қатъий равишда батамом ман қилганлар.

Кейинчалик "калом илми"нинг хатарли жиҳатларидан огоҳлантириш билан бирга, Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми" ҳақида ҳам сўз юритганлар. Яъни энди "калом илми"ни мутлақо ман қилишдан уни жоиз ва ножоиз турларига ажратишга ўтилган. Бу ҳақида Ғаззолий "Илжамул авам ан илмил калам" (авом халқни калом илмидан жиловлаб қўйиш) рисоласида, Ибн Вазийр "Таржиҳу асалибил Қуръан ала асалибил юнан" (Қуръон услубларини юнонларнинг услубларидан устун қўйиш) китобларида баҳс юритганлар.

Шунингдек, Имомул Ҳарамайн, Ҳулаймий, Байҳақий, Ғаззолий, Нававий ва Ибн Асокир каби уламолар бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳукмида бўлишини айтганлари ривоят қилинган. Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалага бағишлаб "Истиҳсанул ховзи фи илмил калам" (Калом илмига киришишни маъқуллаш) асарида "калом илми"га қарши чиққанларнинг далилларига жавоб берган.

"Калом илми" ҳақидаги мазкур баҳслардаги икки тарафнинг ҳам асосий далилларини ўрганиб чиқиш бу баҳсларнинг асоси нима эканини очиб беради.

"Калом илми"га қарши чиқиб, уни ўрганишдан ман қиладиганларнинг асосий далиллари қуйидагилардир:

  1. Қуръон ва суннатда тортишувдан қайтарилган. Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетувчиларни дилларида оғиши борлар дея улардан огоҳлантирган:

فَأَمَّا ٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمۡ زَيۡغٞ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَٰبَهَ مِنۡهُ ٱبۡتِغَآءَ ٱلۡفِتۡنَةِ وَٱبۡتِغَآءَ تَأۡوِيلِهِۦۖ

"Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар"[12].

Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетиш эса калом илмида бўлган. Шунинг учун калом илми билан шуғулланишдан сақланиш керак.

Бу далилга калом илми уламолари шундай жавоб берганлар: "Шариатда муташобиҳ оятларга эргашишдан ёки ақл етмайдиган нарсалар тўғрисида ақлий баҳс юритишдан қайтарилган. Аммо булардан бошқа эътиқодий масалалар тўғрисида муҳкам (маъноси аниқ-равшан) оятлар, саҳиҳ суннат ва очиқ-ойдин ақл тақозоси билан баҳс юритиш асло ман қилинган эмас. Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда ман қилинган тортишувлар хусуматчилар ҳақидадир. Аммо ҳақиқатни билдириб қўйиш учун илмий баҳс-мунозаралар ёмон иш бўлмайди, балки у буюрилган иш ҳисобланади:

وَجَٰدِلۡهُم بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُۚ

"Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!"[13]

Шариатда ботил нарса учун тортишиш, илмсиз равишда баҳс-мунозара қилиш ман қилингандир. Аммо ҳақ йўлидаги тортишув вожиб ё мустаҳаб иш ҳисобланади. Қуръони каримда Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан узоқ баҳс-мунозара қилгани қавми тилидан шундай баён қилинган:

قَالُواْ يَٰنُوحُ قَدۡ جَٰدَلۡتَنَا فَأَكۡثَرۡتَ جِدَٰلَنَا

"Улар: Эй Нуҳ, батаҳқиқ сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг"[14].

Маълумки, Нуҳ алайхиссалом қавми билан амалий масалалар тўғрисида тортишмаганлар, балки эътиқодий масалаларда тортишганлар.

Эътибор бериладиган бўлса, Қуръони каримда эътиқодий масалалар ва уларнинг далилларини батафсил баён қилиб берувчи оятлар тўладир. Шунинг учун бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади".

Калом илмига қарши чиқувчиларнинг иккинчи далиллари:

  1. Саҳобаи киромлар энг яхши асрда яшаганлар ва динни бошқалардан кўра яхшироқ билганлар. Ушбу зотлар фиқҳий ҳукмларни таълим олганлар ва бошқаларга ҳам уларни ўргатганлар. Аммо "калом илми" билан асло машғул бўлмаганлар. Шунга кўра саҳобаи киромлар сақланган нарсадан биз ҳам сақланишимиз лозим.

Бу далилга калом илми уламолари шундай жавоб берганлар: "Ҳақиқатдан ҳам саҳобаи киромлар бу илм билан машғул бўлмаганлар. Зеро уларда бунга эҳтиёж йўқ бўлган. Чунки у зотларнинг олдиларида ақлий далилни рўкач қилиб уларнинг эътиқодига қарши чиқадиган ҳеч ким бўлмаган. Шунинг учун уларнинг ҳолати худди жанг йўқлиги сабабли қуролланиш машаққатига эҳтиёжи бўлмаган кишиларнинг ҳолатидек бўлган. Аммо биз эътиқодимизни инкор қилиб, бизга қарши чиқадиганларга рўбарў бўлдик. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга, тўғрини нотўғридан ажратишга муҳтож бўлиб қолдик".

Калом илмига қарши чиқувчиларнинг учинчи далиллари:

  1. Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" пайдо бўлганда уни ёмон кўрганлар ва шогирдларини бу борада баҳс юритишдан қайтарганлар. Масалан, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммодни "калом" билан шуғулланишдан қайтарган. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ: "Калом билан машғул бўлган бирон кимса ҳам нажот топмаган", - деган. Шунга яқин маънодаги сўзлар Имом Молик ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳлардан ҳам ривоят қилинган.

Бу далилга калом илми уламолари шундай жавоб берганлар: Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" пайдо булган пайтда уни ёмон кўрганлари ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлари қанчалик ҳақ бўлса, ўзларининг "калом илми" бўйича машҳур асарлар таълиф этганлари ҳам шунчалик ҳақиқатдир. Шу ўринда улар қайси "калом илми"ни ёмон кўриб, ундан қайтарган, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб, уларнинг асарларига мурожаат этадиган бўлсак, улар Қуръон ва суннатга мухолиф бўлган бидъатчиларнинг сўзларини ёмон кўрганлари ва шогирдларини ҳам уларнинг сўзларини баҳс қилишдан қайтарганлари маълум бўлади. Бу ҳақиқат Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг "Фиқҳул акбар", "Фиқҳул авсат", "Васият" ҳамда Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг "Родду алал жаҳмия" каби асарларида ўз ифодасини топган. Бу асарларда Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги баён қилинган. Демак, улуғ мужтаҳид уламолар бидъатчиларнинг "калом"и дан қайтаришган, Қуръон ва суннат асосидаги "калом"ни ўрганиш зарурлигини эса ўзлари бу ҳақида асарлар ёзиб тушунтирганлар".

Ушбу баҳслардан кўриниб турибдики "калом илми" деганда иккала тараф ҳам битта нарсани назарда тутмаган. Шунга кўра табий равишда бир-бирига зид ҳукмлар айтилган. Шунинг учун ҳам баъзи ҳамаср уламолар: "Ҳозирда "ақоид илми"ни "калом илми" дейишдан кўра"фиқҳул акбар" дейиш афзалдир. Чунки бундай номда "калом илми" номидаги турли туҳмат ва танқидлар йўқдир" - деганлар.

Ақоид илмининг тарихи

Ақоид илми вужудга келганидан то ҳозирги кунимизгача турли босқичларни босиб ўтган. Уларни умумий тарзда беш босқичга ажратиш мумкин:

  1. Вужудга келиш босқичи. Ҳижрий биринчи асрда ва иккинчи аср бошларида баъзи эътиқодий масалалар тўғрисида баҳс-мунозаралар бошланган. Бу баҳс-мунозараларнинг юзага келишига иккита асосий сабаб бўлган:

1) кўплаб фатҳлар туфайли турли дин, фалсафа ва мафкурага эга инсонларнинг исломни қабул қилганлари ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлаганлари;

2) Ислом оламининг ичида жуда тезлик билан ўзаро зиддиятли сиёсий, ижтимоий ва маданий ривожланиш юзага келгани.

Ушбу сабаблар туфайли айрим эътиқодий масалаларда тортишувлар пайдо бўла бошлаган. Аммо бу тортишувлар дастлаб саноқли масалалар атрофида бўлиб, улар асосан қуйидагилар бўлган:

а) гуноҳи кабира содир этган мўмин киши мўминлигида қоладими ёки дўзахга абадий маҳкум бўладиган кофирга айланадими?

б) инсон қилаётган амалларини қадарига кўра мажбур бўлиб бажарадими ёки уларни мутлақо ўз ихтиёри билан бажарадими?

в)  имомлик, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг мусулмонларга ким раҳбар бўлади ва нима асосида бўлади?

  1. Китоблар ёзилиш ҳамда мазҳаблар ва фирқалар пайдо бўлиш босқичи. Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс-мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Ақидавий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Ушбу турли нотўғри эътиқодларни даъво қилиб чиққан хилма-хил фирқаларнинг хуружларидан Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодини химоя қилиб чиққан ашъария ва мотуридия мазҳаблари юзага келган.
  2. Ривожланиш ва фалсафа билан аралашиш босқичи. Ҳижрий олтинчи асрдан тўққизинчи аср охирларигача бўлган даврлар. Бу даврларда ақидавий масалаларнинг оралари ажратилиб, тартибли равишда ёзишга ўтилган. Натижада ақида илмига оид турли асарлар таълиф этилиб, ақидавий мадрасалар шаклланиб борган. Шунингдек, Ислом дини эътиқодига хилоф бўлган фалсафий қарашларга раддиялар ҳам қилинган. Нати­жада ақида китоблари ичига фалсафий қарашлар ҳам аралашиб борган.
  3. Турғунлик босқичи. Ҳижрий ўнинчи асрдан ўн иккинчи асргача. Ушбу даврлар олдинги ва кейинги босқичларга нисбатан ақоид илми барқарор бўлган пайтлар бўлган. Бу даврларда асосан олдинги асрларда ёзилган матнларга шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган.
  4. Янги фикрлар пайдо бўлган босқичи. Ҳижрий ўн иккинчи ва ўн учинчи асрлар. Бу даврларда Қуръон ва суннатга ҳақиқий эргашиш даъвоси билан олдинги босқичлардагидан фарқли янги фикрлар пайдо бўлган.

Ҳозирги вақтда олдинги уламоларнинг тутган йўлларини маҳкам ушлайдиганлар ҳам, янги пайдо бўлган фикрларга эргашадиганлар ҳам бор.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниши ва “Саводул аъзам”дан ажралмаслик лозимлиги;

Машҳур ақидавий фирқалар;

Хавориж фирқаси;

Хаворижларда такфир тушунчаси ва уларга уламоларнинг раддиялари;

Шиа фирқаси;

 

[1] Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг исми шарифи Нўъмон ибн Собит ибн Зуто бўлиб, ҳижрий 80 санада Куфа шаҳрида туғилган. Баъзи уламолар: "Бу зот кўпинча сиёҳдон олиб юргани учун Абу Ҳанифа деб куняланган. Ироқ аҳлининг луғатида ҳанифа "сиёхдон" маъносини англатган" - деганлар. Ҳижрий 150 йилда Бағдодда вафот этган.

[2] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. - Миср: "Мактабатул Азҳарий", 2000. - Б. 8.

[3] Абдулқодир Бағдодий Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 429 йилда вафот этган. ь Абул Юср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 йилда вафот этган.

[4] Абул Юср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 493 йилда вафот этган.

[5] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. - Миср: "Мактабатул Азҳарий", 2000. - Б. 8.

[6] Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 182 йилда вафот этган.

[7] Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳҳижрий 189 йилда вафотэтган.

[8] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳи ақидати имам Таҳовий. - Қоҳира: "Даротул Караз", 2009. - Б. 25.

[9] Ислом оламида Аллома Тафтазоний номи билан машҳур бўлган бу зотнингтўлиқ исми Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ бўлиб, ҳижрий 712 йилда Хуросон ўлкасининг Тафтазон шаҳрида таваллуд топган. Шофиъий мазҳабининг фақиҳларидан бўлган Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби кўплаб илмларда етук олим бўлган. Тафтазоний Тафтазондан Сарахсга кўчиб ўтиб, бир оз вақт у ерда яшаган, сўнгра Амир Темур бу зотни Самарқандга олиб келган. Самарқандда дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Аллома Тафтазоний ҳижрий 793 йилда Муҳаррам ойининг 22 куни вафот этган.

[10] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. - Миср: "Мактабатул Азҳарий", 2000. - Б. 15.

[11] Нарсалар тўғрисида фикр юритиш - назар дейилади. Яъни мақсад қилинган номаълум нарсаларга эришиш учун зеҳндаги маълум ишларни тартиблаш ўша нарсаларга назар солиш ҳисобланади. Бирор нарсанинг бор ё йўқлигини исботлаш учун далил излаш - истидлол дейилади.

[12] Оли Имрон сураси, 7-оят.

[13] Наҳл сураси, 125-оят.

[14] Ҳуд сураси, 32-оят.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

#Янгиликлар “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (22.11.2024)

22.11.2024   27499   1 min.

Жумодул аввал ойининг навбатдаги ҳафтасида рўй берган диний-маърифий соҳадаги муҳим янгиликлар билан танишинг!

00:00 Анонс
00:51 Ўзбекистоннинг бағрикенгликда бошқа давлатларга намуна экани эътироф этилди
01:35 Муфтий ҳазрат талабалар билан дилдан суҳбат қилдилар
02:16 Пойтахтда ўтказилган амалий тадбирлар аҳоли учун манфаатли бўлди
03:29 Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
03:58 Самарқанд ва Қашқадарё имомларининг малакаси оширилди
04:43 Наманганда диний бағрикенглик  бўйича йиғилиш бўлиб ўтди
05:19 Имом Доримий меросига бағишланган танлов ғолиблари тақдирланди
05:37 Имконияти чекланганлар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат
06:13 Муфтий ҳазратлари бугун "Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” масжидига бордилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

#Жумадан_жумагача