Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Апрел, 2025   |   2 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:22
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
30 Апрел, 2025, 2 Зулқаъда, 1446

Рўза ҳикматларидан билишни истайсизми?

15.05.2019   33511   4 min.
Рўза ҳикматларидан билишни истайсизми?
  1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз қилганини  айтиб, оятнинг сўнгида, албатта, тақводор бўласизлар деб таъкидлади. Рўза туфайли инсонда Раббисини кўриб турганлигини ҳис қилиш кучи, У зотдан қўрқиш ҳисси янада зиёдалашади. Рўза тутиш билан банда Раббисига бўйсуниб, буйруғига “лаббай”, деб итоат қилган бўлади.
  2. Рўза кўзни номаҳрамларга назар солишдан сақловчи, ёмонликларга ундовчи шайтоний нафсини сусайтирадиган асосий омиллардандир. Чунки унинг ёрдамида инсон нафсининг ҳар қандай хоҳиш-истакларига ғолиб келади. Бу билан инсоннинг қийинчилик, машаққатларга бардош бериш, сабр қилиш тажрибаси ошади. 
  3. Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларни ҳолатини эслатишдир. Ким оч, чанқоқ бўлмас экан, фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин! Рўза тутган инсон очлик, чанқоқлик аламини тотиб кўриб, бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини яхши билади.  Ҳаёт турмушимизда тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечирар эканмиз, кўп ҳолатларда, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, атрофимиздаги инсонларнинг ҳолати қай даражада кечаётганини, лоақал бир маротаба эслаб қўйиш ёдимиздан кўтарилиб қолади. Кўча-кўйда, автобусда, метрога тушганимизда бозорга борганимизда, умуман олганда кўплаб ўринларда ибрат олишимиз керак бўлган ҳолатларга дуч келамиз-у, лекин эътибор бермасдан ўтиб кетаверамиз. Шунинг учун ҳам халқимизда “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деган ибора бежиз айтилмайди. Ҳақиқатдан ҳам баъзида бечораҳол кишиларнинг олдидан ўтиб кетадиган бўлсак, улар ҳам биз каби инсон, улар ҳам биз каби фаровон ҳаёт кечиришни исташларини, уларнинг олдиларидаги жажжи фарзандлари, бизларнинг фарзандларимиз каби ота-онанинг меҳрига, атрофдагиларнинг эътиборига лойиқ эканларини унутиб қўямиз. Ҳа, инсон унутувчан ва баъзан ношукр бўлади, чунки кеча яқинда ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида: “Мен ҳам қачон ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман”, деб Аллоҳ таолога дуо қилиб ёлворганини унутиб қўяди. Ёки бўлмаса, умри давомида тўқчиликда яшаб, тақдири илоҳий билан ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рўза инсонни мурувватли қилади, ўзгаларга, хусусан бечора ҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа рўза тутсин! 
  4. Яна бир ҳикмати – узоғу яқиндаги барча мусулмонларни Рамазон ойида рўза тутишга бирлаштиришдир. Бир вақтда рўзани ният қилиб, бир вақтда рўзаларини очадилар. Шу билан ҳам маънан, ҳам ҳиссан барча умматнинг якдиллиги рўёбга чиқади. 
  5. Рўзанинг навбатдаги ҳикмати, рўза бадан учун сиҳат-саломатлик гарови саналади. Рўзадор рўза тутиши сабабли, ўз соғлигини тиклаб олади. Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда Россия олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилишди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик-сафро, флагматик-балғам, сангвиник-қон, меланхолик-қора ўтларни кетказади. Қонни мусаффо қилади, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлайдилар.
  6. Рўза баъзи ларга каффоротдир. 
  7. Рўза тутган киши ўз рўзаси сабабли маълум вақт фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир.

 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Баратов Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади.

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Суннат тўйи учун сўқим олиб келиш

30.04.2025   832   2 min.
Суннат тўйи учун сўқим олиб келиш

Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса  келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.

Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.

Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه  رواه احمد

“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар