Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар. Бизларни доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳамда унинг ниҳоясидаги ҳайит байрами шодликларига муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Ҳайит байрамларида ёшу-қари, бойу-камбағал жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу улуғ байрамларидан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси эса ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб уларга амал қилиш бу байрамлардаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади. Ҳайит байрамларининг одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб: яхши ният қилиш
Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим. Масалан ҳайит намозига отланар экан зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади, силаи раҳм нияти билан қавму-қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади ва ҳакозо барча амалларида эзгу ният қилинадиган бўлса, хурсандчиликлардан ташқари кўплаб ажру мукофотларга ҳам эга бўлади.
Иккинчи одоб: Ғусл қилиш
Ҳайит байрамига таёргарликлардан бири намозгоҳга ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқиш ҳисобланади. Ушбу одобга риоя қилиш туфайли бошқаларнинг ундан азият чекишларининг олди олинган бўлади.
Учинчи одоб: Хушбўйланиш
Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.
Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Улуғ зотларнинг ҳайит байрамларида энг яхши кийимларини кийганлари маълум ва машҳурдир.
Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш
“Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.
Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар”. Муслим ривоят қилган.
Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш
Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор шаринлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиб чиқишлари қандай бўлгани баён қилинган:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар”. Бухорий ривоят қилган.
Шунга кўра Рамазон ҳайти куни эрталаб намозгоҳга чиқиш олдидан бир нечта хурмо еб олиш суннат ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурмодан тоқ еб чиқишлари ҳам ривоят қилинган.
Еттинчи одоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик
Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намозини адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар. Термизий ривоят қилган.
Саккизинчи одоб: Ҳайит намозига эрта бориш
عَنِ الْبَرَّاءِ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطِبُ فَقَالَ إِنَّ أَوَّلَ مَا نَبْدَأُ مِنْ يَوْمِنَا هَذَا أَنْ نُصَلِّيَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ أَصَابَ سُنَّتَنَا رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилаётиб шундай деганларини эшитганман: албатта ушбу кунимизда аввал бошлайдиган нарсамиз намоз ўқишимиздир, сўнгра қайтиб қурбонлик қилишимиздир, кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизни топибди”. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадис ҳайит кунида дастлаб намозга чиқиш учун таёргарлик кўриш ва унга эрта бориш лозимлигига далолат қилади.
Тўққизинчи одоб: Масжидга пиёда юриб бориш
Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ саналади.
Ўнинчи одоб: Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш
Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.
Ўн биринчи одоб: Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик
Ҳайит намозгоҳига етиб боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ رَوَاهُ ابنُ مَاجة
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийддан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, қачон манзилларига қайтсалар икки ракаат намоз ўқирдилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
Ўн иккинчи одоб: Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш
Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
Ўн учинчи одоб: Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш
Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ جَابِرٍ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ يَوْمُ عِيدٍ خَالَفَ الطَّرِيقَ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар. Бухорий ривояти.
Ушбу суннатга амал қилишнинг кўплаб фойдалари бордир. Аввало намозга бориб келишдаги босган қадамлари кўпаяди. Натижада савоблари ҳам ўшанча кўпаяди. Қолаверса бошқа йўлдан қайтишда янада кўпроқ инсонларга хурсандчилик изҳор қилиш ва уларни ҳайит билан қутлаш имконияти ҳам ошади. Энг муҳими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган бўлади.
Ўн тўртинчи одоб: Қавму қариндошларни зиёрат қилиш
Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.
Ўн бешинчи одоб: Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш
Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиш ва уларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит хурсандчиликларини янада зиёда бўлишига сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади.
Ўн олтинчи одоб: Ёш болаларни хурсанд қилиш
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.
Ўн еттинчи одоб: Турли исрофгарчиликлардан тийилиш
Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлар билан хурсандчилик қилинмаслигини асло унутмаслиги лозим. Шунга кўра гўё “ҳайитда рухсат” дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлаётганлар ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириб олаётганлар ушбу улуғ кунда шариатга зид ишларни содир этаётган бўладилар. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Барча ҳолатларимизда динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечиришга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин. Ҳайит байрами барчамизга муборак бўлсин!
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти давомида Самарқанддан чиқмай, шогирдларига мусулмон илоҳиётининг сир-асрорларини, хусусан, ҳанафий мазҳабининг асл мазмун-моҳиятини, яъни Абу Ҳанифа асҳоби эътиқодини пухта мантиқий асосда ўргатди.
Абу Мансур Мотуридий дастлабки маълумотни ўз отаси Муҳаммад ибн Маҳмуддан, сўнгра ўша даврдаги бошланғич мактабдан олади. Кейин у Самарқанддаги "Работи ғозиён" масжиди қошидаги мадрасада таҳсил олган. У асосий илмини Самарқандда Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ, Абу Носир Аҳмад ибн Аббос ("Фақиҳ Самарқандий" номи билан машҳур), Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий сингари ўз даврининг пешқадам уламоларидан олган ва кейинчалик улар билан бир қаторда туриб фиқҳ ва каломдан дарс берган.
Мотуридий бутун куч-ғайратини ҳанафий мазҳабининг каломий таълимоти тараққиёти йўлида сарфлаган. Унинг таълимотида инсон яратилган мавжудотлар ичида энг юқори табақада турувчи, Яратгувчининг мукаррам бандаси сифатида талқин этилган бўлиб, инсоннинг ақл-идроки имкониятларига алоҳида урғу берилган. Таниқли исломшунос олим Убайдулла Уватовнинг таърифига биноан, калом илми "диний ақидалар ва уларнинг асосларини ақлий далиллар ва исботлар асосида талқин қилиб, улардаги ҳар қандай шубҳали, бир томонлама қарашларга барҳам берадиган илм"дир. Шу нуқтаи назардан, Имом Мотуридий ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга таяниб, холис ва мантиқан тўғри хулосалар чиқарган. Унинг каломий ёндошуви мутакаллимлар ичида энг "оқилона-цивилизацион" ёндашувдир, деб таърифланган. Чунки Мотуридий масалага ҳар тарафлама, етарли асос ва далиллар билан ёндашиб, эътиқод қилувчининг қалби ва ишончига тўғри йўл топадиган, сингадиган фикрларни илгари сурган. Унгача каломда фақат нақлий далилларга суяниб хулоса чиқариш расми ҳукм сурган. Бу усул турли зиддиятларни бартараф қилишга тўлиқ етарли бўлмаган.
Айни борада унинг инсон моҳияти хусусидаги қарашлари эътиборга молик. Мотуридий ўз таълимотида инсоннинг ақлли мавжудот эканига қатъий урғу берган ҳолда, Қуръони каримнинг инсон тўғрисидаги оятларига мувофиқ унинг фаолияти илоҳий ҳикматга дохиллиги, чунки қаерда ҳикмат намоён бўлар экан, ўша ерда инсоннинг ақли уни англовчи сифатида зоҳир бўлишини қайд этган. Бу концепция ҳозирги замон космологиясида илгари сурилган "антроп тамойили"ни эслатади. Унга кўра, инсоннинг коинотдаги бугунги ўрни, дастлабки сингуляр ҳолатдан портлаш йўли билан чиқаётган пайтидаги ҳолати билан чамбарчас боғлангандир. Агар у пайтда (яъни оламнинг яратилиш пайтида) портлаш жараёни ўзгачароқ бўлганида эди, бугунги кунимиз рўёбга чиқмас эди. Ҳаммаси, дастлабки портлаш лаҳзасида ҳисобга олинган. Коинот шундай вужудга келганки (яратилганки), тараққиётининг муайян босқичида (10–15 млрд. йил ўтгач) коинотни кузатувчи, ўрганувчи инсон яратилган. Яъни инсон шу яратилган гўзалликдан баҳра олувчи, ақл-идрокка, ахлоққа эга (яратилган) мавжудоддир. Бу мавжудотнинг миссиясида мазкур оламни асраш вазифаси ҳам бор, яъни инсон яратилган олам мувозанатини сақлашга масъулдир.
Имом Мотуридий концепциясида инсон имонга эга бўлиб туриб хатога йўл қўйиши, осий бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу ҳолатда у диндан чиқмайди. Унинг қилган гуноҳини кечириш ёки кечирмаслик эса Аллоҳнинг ихтиёрида. Шу сабабли, Мотуридий инсонларни ақл-идрокка эга бўлиб туриб, яъни билиб туриб, гуноҳкор бўлмасликка чақиради. Ҳар бир хатти-ҳаракатингиз, тақдирингиз илоҳий китобда белгиланган, аммо ақл-идрокка таяниб, тўғри йўлни танлаш сизнинг ихтиёрингизда, дейилган бу концепцияда.
Хуллас, Мотуридий ҳанафий мазҳаби концепциясига мос келувчи фаол, ақл-идрокли, ислом таълимоти талабларига бўйсунувчи, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли, хатоларга ҳам йўл қўювчи, аммо уларни зинҳор жоиз демайдиган мўмин инсон концепциясини илгари сурган.
Бу концепциянинг асосий тамойилларини олимнинг «Китоб ат-Тавҳид» ва «Таъвилот ал-Қуръон» номли асарларидан топишингиз мумкин.
Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби доирасида исломий мўътадиллик йўналишини ривожлантирганлиги учун ҳам дунё мусулмонларининг кўпчилиги каломнинг мотуридийлик мактабига эргашишади. Бу талқин инсон эркинлигини ҳимоя қилувчи асосли концепциядир. Мотуридий замонасида классик фалсафий мантиққа оид мулоҳазалар танқидий таҳлил қилинган бўлиб, илмда мантиқий амалларга риоя қилишнинг зарурлиги таъкидлаб кетилган эди. Шу сабабли кўпчилик олимлар ўз илмий изланишларида мантиқий амалларга жиддий эътибор қилишган.
Жумладан, Имом Мотуридий ҳам ўз инсон концепциясини асослашда мантиқнинг силлогистик қоидаларига амал қилади. Унинг фикрича, оламда фақат қатъий сабаб-оқибат кетма-кетлиги рўй бермасдан, тасодифлар ҳам бўлишини тан олиш керак. Инсоннинг “тасодифлар туфайли содир қилган хатолари тафтиш қилинади, атайлаб содир қилинган хато эса жазога лойиқдир”. Алломанинг кейинги даврларда ижод қилган шогирдлари унинг мантиқий салоҳиятига юксак баҳо беришган. Мантиқий хулоса чиқаришда фикрнинг тўғрилигини тасдиқловчи етарли даражада асосли далиллар бўлсагина хулосанинг чинлигига ишониш мумкин, деб ҳисоблайди аллома. Бундай мантиқий хулоса чиқариш қоидаси логика фанида “етарли асос қонуни”нинг Г.В.Лейбниц (1646-1716) томонидан асослаб берилишидан қарийб саккиз аср илгари Имом Мотуридий томонидан ҳам илгари сурилгани ҳайратланарли ва алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу мулоҳазалар Мотуридийнинг инсон моҳияти ҳақидаги концепцияси ҳозирги замон илмий методологияси асосида янада чуқурроқ ўрганилиши, таҳлил этилиши лозимлигини кўрсатади. Жорий йилда буюк аллома Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан Имом Мотуридий меросига яна бир бор теран илмий назар ташлаш имконияти юзага келади.
Б.Тураев, фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази