Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

15.06.2018 й. Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

12.06.2018   5776   14 min.
15.06.2018 й. Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

بسم الله الرحمن الرحيم

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН! 

Муҳтарам намозхонлар! Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказишди. Бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришди. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни "Ийди-Фитр", яъни Рамазон ҳайити каби улкан шодиёна кунда турибмиз.

   Рамазон ҳайитини дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказадиган муборак айёмдир. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон байрамида хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак одоб-ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган:

قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ  (سورة يونس/ 58)

 яъни: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

عَنْ أنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَدِمَ رَسَولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  الْمَدِيْنَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبونَ فِيْهِمَا فَقَالَ: مَا هَذَانِ اليَوْمَانِ؟ قَالُوا: كُنَّا نَلْعَبُ فِيْهِمَا فِى الجَاهِلِيَّةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهِمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الفِطْرِ

(رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ وَالإمام أَبُو دَاوُدَ).

яъни:  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

         Яна шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, ўтган ҳайит билан бугунги ҳайитимиз ўртасида, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан, юртимизда барчамизни хурсанд қиладиган катта ўзгаришлар бўлди, бунинг учун Парвардигоримизга тинимсиз ҳамду сано айтамиз. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

                    وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир, деб марҳамат қилади (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бизга берилаётган яхшиликларга имконимиз борича яхшилик, солиҳ амаллар билан жавоб қайтармоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу маънони таъкидлаб, айтадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ الله عَنْهُ عَنْ النَّبِيِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ لمْ يشْكُر النَّاسَ لَمْ يشْكُر الله" (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ)

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди” (Имом Термизий ривоят қилган).

Аллоҳ таоло Ўз кудрати ва иродаси ила инсондек азиз ва мукаррам зотга ер юзини обод этишдек муҳим вазифани топшириб, унга барча нарсани бўйсиндирди. Инсон яхшилик ва ёмонликка бўлган муносабати билан имтиҳондан ўта билса, имтиҳон якунига мувофик, яхши ва ёмон натижаларга сазовор бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ 

яъни: “...Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят).

Жаннатдан қувилганидан бери шайтон (алайҳи лаъна) инсон зотига қарши аёвсиз кураш олиб бориши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

قَالَ فَبِمَا أَغْوَيْتَنِي لَأَقْعُدَنَّ لَهُمْ صِرَاطَكَ الْمُسْتَقِيمَ   ثُمَّ لَآَتِيَنَّهُمْ مِنْ بَيْنِ أَيْدِيهِمْ وَمِنْ خَلْفِهِمْ وَعَنْ أَيْمَانِهِمْ وَعَنْ شَمَائِلِهِمْ وَلَا تَجِدُ أَكْثَرَهُمْ شَاكِرِينَ 

яъни: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Туғри йулинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сунгра уларга олдиларидан, ортларидан, унг томонлари дан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф сураси, 16-17 оятлари).

Бу курашда шайтони лаъин нафси бад истаги ва майли билан иттифокда бирлашиб олади ва у Қиёмат куни бу иттифоқдан юз ўгиради. Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади:

 وَقَالَ الشَّيْطَانُ لَمَّا قُضِيَ الْأَمْرُ إِنَّ اللَّهَ وَعَدَكُمْ وَعْدَ الْحَقِّ وَوَعَدْتُكُمْ فَأَخْلَفْتُكُمْ وَمَا كَانَ لِي عَلَيْكُمْ مِنْ سُلْطَانٍ إِلَّا أَنْ دَعَوْتُكُمْ فَاسْتَجَبْتُمْ لِي فَلَا تَلُومُونِي وَلُومُوا أَنْفُسَكُمْ مَا أَنَا بِمُصْرِخِكُمْ وَمَا أَنْتُمْ بِمُصْرِخِيَّ إِنِّي كَفَرْتُ بِمَا أَشْرَكْتُمُونِ مِنْ قَبْلُ

إِنَّ الظَّالِمِينَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ 

 яъни: “Қачонки, иш битгач (яъни жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон дейди: Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен ҳам ваъда бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чорладим. Сизлар менга ижобат этдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам берувчи эмассиз. Сизлар илгари мени (Аллоҳга) шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (кофирлар) учун (охиратда) аламли азоб бордир” (Иброҳим сураси, 22-оят).

Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон зоти насли давом этишида унга ҳаётий зарур бўлган — таом ва сув ҳамда инсон жинси давом этишида муҳим бўлган жинсий ҳохиш кураш майдонидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч ва қувват мавжуд. Агар у майл-истак қаршисида собит турса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эга бўлади.

Ҳайит кунлари мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун у кунда шоду-ҳуррамлик, хурсандчилик қиладиган, кексаларни, ота-она, қариндошларни зиёрат қиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган ҳамда закот ва хайр эҳсон қилинадиган кундир.

Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ

(رواه الإمام مسلم)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”,- деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда кўп жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориш ҳоллари ҳам учраб турмоқда. Бу иш шаръан дуруст эмас. Мана бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига тинчлик, хотиржамлик шарофати ила Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан масжидга чиқсак, бомдод намози ва ҳайит намозини жамоат билан адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини Аллоҳ таолодан сўрасак, иншааллоҳ, эл-юртимиз, хонадонларимиз учун файзу футуҳ ва баракотлар ёғилажак.

Шунингдек, мусулмонлар ўзаро ғоявий курашлар кечаётган ҳозирги пайтда аҳолини, айниқса, ёшларни огоҳликка чақириб, муқаддас динимиз софлигини асрашда Аллоҳ таолонинг

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا

“Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” (Оли Имрон сураси, 103-оят) деганг ояти каримасига мувофиқ иш тутсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Истиқлол шарофати билан ҳар йили давлатимиз раҳбари томонидан махсус қарор қабул қилиниб, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш кунлари деб эълон қилинади. Барча юртдошларимиз бу икки кунни кўтаринки байрам руҳида кенг нишонлаб келмоқдалар.

Муҳтарам жамоат! Ханафий мазҳаби буйича ҳайит намози вожиб ҳисобланади. Ҳайит намозига келишдан олдин таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй атир сепиш, энг яхши кийимларни кийиш ва намоз вақтигача садақаи фитрни бериш суннат амаллардандир. Масжидга келгандан сўнг бомдод намози адо этилади. Бомдод намозидан кейин масжидга келганлар эса то ҳайит намози ўқилгунига қадар, нафл намози ўқимайдилар.

Маълумки, Шаввол ойи ҳижрий сананинг унинчи ойи ҳисобланади. Бу ойда соғлиги ва имкони бўлган киши нафл рузасини тутса, Аллоҳ таоло у бандага кўп ажру мукофотларни беришини ваъда қилган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади:

مَن جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

яъни: “Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ" (أخرجه الإمام أحمد والإمام مسلم).

яъни: Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривояти).

عن ابن عمر رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته أمه )رواه الإمام الطبراني(.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон рузасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, худди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривоят қилган).

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, агар бир киши Рамазон рўзасидан айрим кунларни тутолмаган бўлса, аввал унинг қазосини ўтайди, кейин нафлга киришади. Зеро, фарзлар мукаммал бўлмасдан, нафл ибодатларини қилиш мақбул эмасдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин! Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни кўплаб қилишни Яратганнинг ўзи насиб айласин! Юртимиз тинчлигини бардавом қилиб, хотиржамликда ибодат қилиб боришни барчаларимизга насиб этсин! Омин.


2018 йил Рамазон ҳайити куни ва намозининг вақти

Муҳтарам имом-домла! Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий 2018 йил Рамазон ҳайити (ийдул фитр)нинг биринчи куни 15 июнь (шаввол ойи 1 куни) жума кунига тўғри келиши тўғрисидаги қарорини қабул қилди.

Шунга кўра, масалан 2018 йил 15 июнь жума куни Рамазон ҳайити намози Тошкент вақти билан 5:10 да, бошқа жойларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб, қуёш чиққандан сўнг 15-20 дақиқалардан кейин ўқилади.

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Омин!

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

10.01.2025   5238   5 min.
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

 - 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ


Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.


Назмий баёни:

Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.

Луғатлар изоҳи:

وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.

حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.

وَ – “ибтидоия” маъносида келган.

الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.

عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.

الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.

اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.


Матн шарҳи:

Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:

“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].

Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.

Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни

 


[1] Раъд сураси, 15, 16-оятлар.