بسم الله الرحمن الرحيم
Ислом мўътадил дин
Муҳтарам жамоат! Ислом динини Аллоҳ таоло одамларга машаққат туғдирмайдиган осон ва енгил қилиб нозил қилгандир. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом енгил дин экани, унда қийинчилик йўқ эканлиги атрофлича ёритилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди”, (Бақара сураси, 286-оят).
Динимиздаги барча ибодатлар бандаларнинг тоқат ва қодирликларига қараб буюрилади. Масалан, рўза ибодатини олсак, бир киши хасталиги кучайиши ёки соғайишининг кечикишидан қўрқса, сафарда юрган киши рўза тутишга қийналса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, бундай кишилар ўша вақтда рўза тутмасликларига ижозат берилган. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонлар умуман рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар. Динимизда мана шундай тарзда бандаларнинг имкониятларига қараб уларга шароит яратиб берилган.
Яна бошқа бир оятда эса:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, (Бақара сураси, 185-оят).
وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ
яъни: “Аллоҳ таоло динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, (Ҳаж сураси, 78-оят).
Яна бир мисол, таҳорат учун сув топа олмаган киши ёки хаста кишининг таяммум билан намоз ўқиши, оғир хаста кишиларга имо-ишора билан ибодат қилишнинг жоизлиги, сафардаги кишининг тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиши каби енгиллик ва рухсатлар шулар жумласидандир.
Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا
яъни: “Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, (Бақара сураси, 143-оят).
Ислом уммати ҳақиқатда ўрта – мўътадил умматдир. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб, бирор ноҳақ тарафга оғиб кетмайди. Ёки бошқасига ўхшаб фақат моддий нарсаларгагина суянмайди. Балки, инсон ўз табиатидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.
Ушбу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.
عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه عن النَّبيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ، فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأبْشِرُوا، وَاسْتَعِينُوا بِالغَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيءٍ مِنَ الدُّلْجَةِ" (رواه البخاري).
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, динга мағлуб бўлади. Шундай экан динда тўғри бўлинглар ва яқинлашиб юринглар. Яхшилик билан суюнтиринг. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг бир қисмида (ибодат қилиб) фойдаланинг”, дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن أَنَسٍ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: يَسِّرُوا وَلاَ تعَسِّرُوا، وَبَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا (متفق عليه).
яъни: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Муҳтарам жамоат! Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб шундай дейди:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ أَعْرَابِيا جَاءَ إِلَى رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللّهِ دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذا عَمِلْتُهُ دَخَلْتُ الْجنَّةَ. قَالَ: «تَعْبُدُ اللّهَ لاَ تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُقِيمُ الصَّلاَةَ الْمَكْتُوبَةَ. وَتُؤَدِّي الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ. وَتَصُومُ رَمَضَانَ». قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لاَ أَزِيدُ عَلَى هٰذَا شَيْئا أَبدا، وَلاَ أَنْقُصُ مِنْهُ. فَلَمَّا وَلَّى، قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى رَجُلٍ مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، فَلْيَنْظُرْ إِلَى هٰذَا"
(مُتّفَقٌ عَلَيْهِ)
яъни: “Мени бир амалга йўллангки, уни қилсам жаннатга кирай”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирон шерик қилмайсан, фарз намозларни ўқийсан, фарз қилинган закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини тутасан” дедилар. У: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам” деди. У қайрилиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жаннат аҳлидан бўлган кишига боқишни истаса мана бунга боқсин”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида рўзани бузувчи баъзи омиллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Қуйидаги амаллар рўзани бузади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:
Рўзани қасддан бузишнинг каффорати қуйидагилардан иборат:
Қуйидаги амаллар рўзани бузади ва фақат қазосини тутиш вожиб бўлади:
Аллоҳ таоло барча амалларимизни Ўзининг шариатига мувофиқ ҳолда бажаришимизни насиб айласин. Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ВАҚТ ҚАДРИ ВА УНДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ
Баъзи инсонларда соғлом ҳаёт кечириш учун ҳар куни албатта саккиз соат ухлаш керак, деган тушунча бор. Аммо аслида уйқу миқдори ҳар бир инсоннинг ҳолати, эҳтиёжи ва организмига боғлиқ. Асосий мақсад — маълум бир соатни тўлдириш эмас, балки тетик ва фаол ҳолатда уйғонишдир.
Кимдир олти соат ухлаб ҳам кун давомида самарали фаолият олиб бориши мумкин, бошқа бировга эса кўпроқ дам олиш керак бўлади. Муҳими — инсон уйқусини тартибга солиши ва вақтини қадрлаши лозим.
УЛУҒ ЗОТЛАР ҲАЁТИДАН НАМУНАЛАР
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ бир китобдан чарчаса, бошқасига ўтар, уйқуси келганда эса ўзини сув билан сергаклаштириб, яна илм билан машғул бўлар эди.
Муфассир Алусий раҳматуллоҳи алайҳ кечалари тафсир ёзар, кундузлари эса дарс берар эдилар. Унинг илмий мероси қанчалик улкан экани бу меҳнатнинг самарасидир.
ВАҚТНИ БЕҲУДА САРФЛАМАСЛИК
Инсон ҳаётида энг қимматли бойлик — вақтдир. Пулни йўқотган одам уни қайта топиши мумкин, аммо ўтган вақт ҳеч қачон қайтмайди.
Имом Ҳофиз Мунзирий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида айтади: “Мен кечаю кундуз илм билан машғул бўлган, ҳатто овқатланаётганда ҳам илмдан узилмайдиган инсонларни кўрдим”.
БЎШ ВАҚТНИ ТЎҒРИ БОШҚАРИШ
Баъзан инсон бир неча дақиқа дам олиш учун ўтиради, аммо бу вақт сезилмай соатларга айланиб кетади. Натижада умрнинг катта қисми фойдасиз ишларга сарфланади.
Шунинг учун ҳар бир инсон: “Мен сарфлаётган бу вақтим менга ёки бошқаларга қандай фойда келтиради?” деб ўзидан сўраши керак. Агар жавоб бўлмаса, у ишдан воз кечиш афзал.
ВАҚТДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЗАМОНАВИЙ МИСОЛ
Баъзи ривожланган жамиятларда инсонлар ҳатто қисқа кутиш вақтларидан ҳам унумли фойдаланишга одатланган. Масалан, транспортда, навбатда ёки учрашув бошланишини кутаётганда улар китоб ўқийди, режалар тузади ё бирор иш билан шуғулланади.
Бу янги одат эмас. Аслида бу – мусулмон уламолари асрлар давомида амал қилган тамойилдир.
ҲАР БИР ЙИҒИЛИШ ФОЙДАЛИ БЎЛСИН
Абу Амр ибн Аъло раҳматуллоҳи алайҳи Асмоийга бундай насиҳат қилган: “Агар бирор жойга боришинг илм олиш, яхшилик қилиш ёки фойдали мақсад учун бўлса — бор. Аммо беҳуда суҳбат, ғийбат ва вақтни исроф қилиш учун бўлса — ундан сақлан”.
Инсоннинг учрашувлари ҳам, суҳбатлари ҳам фойдали бўлиши керак. Овқатланиш, меҳмончилик, дўстлар билан учрашиш — барчаси яхши ният ва фойдали мақсад билан бўлса, қадрлидир.
ХУЛОСА
Улуғ инсонларнинг ҳаёти бизга бир ҳақиқатни ўргатади: Вақт – Аллоҳ берган энг катта неъматлардан бири. Уни қадрлаган инсон дунёси ва охирати учун катта ютуқларга эришади.
Шунинг учун ҳар бир лаҳзамизни илм, ибодат, меҳнат ва фойдали ишлар билан безашга ҳаракат қилайлик.
Даврон НУРМУҲАММАД