Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиқганда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин, иккинчиси эса: Эй Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер дейди”. (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун Абу Умома розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир”. (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти)
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади. (Сабаъ сураси 39-оят) Ушбу оятни Ибни Касир тафсирларида: Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта У, дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофат беради, деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофат сўзларини мол-мулк маъносида тушинганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлсада фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушинилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофатидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони Каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал(сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз. (Лайл сураси 5-10 оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава
Муасира” номли асаридан “Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳъё таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Мисрнинг қатор етакчи ОАВда Ўзбекистон–Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлар алмашинувини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг бой тарихий, маданий ва диний меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Жумладан, “Aldiplomasy”, “Eldameer”, “Al-Muntasaf”, “Almsaey”, “Altaqrernews”, “Albawabhnews” каби нашрларда туризм икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоланиб, уни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилган.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Киличев Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлаган. Мисрлик сайёҳлар учун электрон виза имкониятининг жорий этилиши туризм, бизнес ва маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида қайд этилган.
Мақолаларда Ўзбекистон ва Мисрнинг муштарак исломий меросидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Қоҳирадаги Ал-Азҳар уш-Шарифни Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси билан боғлаш орқали диний-маърифий туризмни ривожлантириш таклиф этилган.
Бу борада “Умра Плюс” дастурлари муҳим аҳамият касб этиб, зиёрат сафарларини тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар ва маданий масканларга ташрифлар билан уйғунлаштириш имконини беради. Мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга жалб этиш ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида қўшма сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш истиқболлари ҳам кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Исломиддин Сирожиддинов мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этиб, тоғли ҳудудлар, қишки курортлар, тарихий обидалар ва миллий маданият мисрлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишлар эканини таъкидлаган.
Чимён, Амирсой, Чорвоқ, Зомин миллий боғи, Самарқанд ва Хива каби масканларни тарғиб қилиш, мисрлик туроператорлар ва журналистлар учун танишув сафарларини ташкил этиш ҳамда араб тилидаги тарғибот материалларини тайёрлаш таклиф этилган.
Мақолаларда келтирилишича, Ўзбекистон ўтган йили 11,7 миллион ташриф буюрувчини қабул қилган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса сайёҳлар оқими 25 фоизга ўсган.
Миср томони вакиллари ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, сайёҳлик йўналишларини ўзаро боғлаш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини қайд этган. Миср Туризм палаталари федерацияси раиси ўринбосари Носир Турки авиақатновларни ривожлантириш ва виза тартибларини соддалаштиришни қўшма туристик дастурлар муваффақиятининг асосий шартлари сифатида кўрсатган.
Халқаро “Умра Плюс” туризм уюшмаси раиси ўринбосари Ҳакан Шаҳин 2027 йилда Мисрга 100 мингдан 150 минг нафаргача ўзбек сайёҳини жалб этиш ҳамда 6–7 июнь кунлари Қоҳирада халқаро туризм кўргазмасини ташкил этиш режаларини маълум қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати