Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Машриқу Мағрибнинг улуғи – Абдуллоҳ ибн Муборакнинг туғилиши ҳақида икки ҳикоя

2.01.2018   5977   5 min.
Машриқу Мағрибнинг улуғи – Абдуллоҳ ибн Муборакнинг туғилиши ҳақида икки ҳикоя

Марв шаҳри қозиси қизининг бўйи етиб қолганини сезиб, унга мос куёв қидира бошлади.

Ҳар куни эшигини совчилар тақиллатиб  келар, лекин қози жаноблари шошилмасди. Чунки сўраб келганларнинг ҳеч қайси бири у кишининг дидга мос тушмасди.

Кунларнинг бирида қози туш кўради. Тушида қизини “Муборак” деган ғуломига никоҳлаб бериши айтилади.

Лекин буни ҳам пайсалга солиб юради. Туш ҳам қайта-қайта кўрилавергач, ғуломини зимдан кузата бошлайди. Бир оз вақт ўтиб унинг солиҳ инсон эканига, хайрли куёв бўлишига ишонч ҳосил қилганидан кейин бу фикрини ёру дўстларига, яқинларига маълум қилади. Айримлари бой-у бадавлат, янада муносиброқ оилалар борлигини билдириб, бу аҳдга рози бўлмаган эса-да, қози қарорида қатъий туради.

Шундай қилиб, қози қизининг ҳам розилигини олиб, ёшларнинг бошини қовуштириб қўяди.

Никоҳдан кейин бир ой ўтиб, қози қизидан хабар олиш ниятида унинг уйига боради. Қизи отасининг келганидан хурсанд бўлади, бироқ кичкина муаммо борлигини маълум қилиб: “Отажон, куёвингиз жуда ҳам яхши. Аммо ҳалигача рўмолимини бошимдан олгани йўқ, никоҳимиздан буён мендан узоқ юради. Сабабини била олмадим: едиради, ичиради, жуда ҳам меҳрибон, фақат қўлини қўлимга теккизмайди”, дейди.

Қози бу гапдан ҳайрон бўлиб куёвини чақириб, секингина бунинг сабабини сўрайди ва куёвининг жавобини эшитганидан сўнг йиғлаб юборади. Кўзининг нури қизини ўзи истаган одамга узатганига севиниб шукрлар келтиради.

Куёв одоб сақлаган ҳолда қайнотасига бундай дейди: “Отажон, сиз катта шаҳар қозисисиз. Олдингизда турли одам келиб-кетади, уйингизга ҳам турли ҳадялар юборишади. Аллоҳ таолонинг менга берган омонати ва ҳадяси бўлган қизингиз ўша шубҳали нарсалардан еб қўйгандир деб андиша қилдим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг танадаги ҳаром луқма таъсири фақат қирқ кунда кетиши ҳақидаги сўзларини ўрганган эдим. Ҳурматга сазовор аёлимни қирқ кун пешона терим билан топган ҳалол луқма билан боқишини хоҳладим, токи Аллоҳ насиб этиб туғилажак фарзандларимиз ҳам солиҳлардан бўлсин”.

(“Ризқ ҳақида рисола”дан)

Уламолардан бирининг соҳибжамол қизи бор эди. Шаҳарнинг ҳамма улуғлари қизнинг кўнглини олиш илинжида эди. Бу уламо қизини кимга берарга ҳайрон эди. Унинг бир ғайридин ҳамсояси бор экан. Уни чақириб, деди: “Эй ҳамсоя, менинг бир қизим бор, кўпчилик унинг кўнглини олиш илинжида, уларнинг қайси бирига розилик беришга ҳайронман. Сен нима маслаҳат берасан?”  Ғайридин деди: “Мен ислом динидан бегона кишиман, нечун бу сўзни мендан сўрайсан?”. Уламо деди: “Сен гарчи ислом динидан бегона бўлсанг-да, ҳар ишда тадбиркор инсонсан. Улуғлар кенгаш тўғрисида муболаға қилиб бундай деганлар: тўғри, донишманд киши билан кенгашиш керак. Ҳадисда ёзилганки: “Ал-мусташору муътаминун” (Шундай киши билан кенгашиш керакки, одам унга ишона олсин). Шундай экан, ҳозир сен қандай маслаҳат берсанг, мен шунга амал қиламан”. Ғайридин деди: “Никоҳдаги кифоят эру хотиннинг баробарлигидир. Кифоят мусулмонлар мазҳабида дин ва миллат билан бўлади, бизнинг одатимизда аслу насаб билан ва замона аҳли наздида мулк ва улуғлик биландир. Энди ўйлаб кўр, агар ўз динингга риоя қилсанг, дин йўлини ихтиёр қил, агар бизнинг расмимизга келсанг, насабга эътибор қил, агар замона аҳли одатига амал қилсанг, молу жоҳ талаб қил!””

Уламога бу жавоб хуш келди ва деди: “Дин ҳаммага баробар. Динни ихтиёр қилдим”. Унинг Муборак исмли ғоят олим ва диндор қули бор эди. У, мен Муборакдек иймонли диндорни билмайман. Демак, қизимни унга никоҳ қилиб берай, деб чақиртириб, қизини унга берди.

Ҳақ (пок ва олий) Муборакка у қиздан бир фарзанд бердики, у ислом аҳлини пешвоси ва диндорларнинг имоми, зоҳидлар ўртасида ягона ва орифлар ўртасида тенги йўқ Абдуллоҳ ибн Муборакдир”.

(“Ахлоқи муҳсиний”дан)

                                               Буюклиги

”Абдуллоҳ ибн Муборак қ.т.с. Ани уламонинг шаҳаншоҳи дер эрмишлар ва жуду шижоатда замонининг ягонаси эрмиш. Ва тариқат асҳобининг муҳташами. Ва бу қавмнинг машойихининг кўпининг суҳбатиға мушарраф бўлубдур.  Ва машҳур тасонифи бор.  

Бир кун ул келур эрди ва Суфён Саврий ва Фузайл Аёз қ.с. ҳозир эрдилар.

Суфён деди: кел эй машриқ аҳлида эр!

Фузайл деди: ва мағриб аҳлида ва иккисининг орасида.

(“Насойим ул-муҳаббат”дан)

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Сеҳр таъсирида айтилган талоқ

25.11.2024   6131   1 min.
Сеҳр таъсирида айтилган талоқ

Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:

إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً

“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф  эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).

Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.