Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2025   |   1 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:13
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:50
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2025, 1 Сафар, 1447

15.12.2017 й. Ислом жиноятчиликни қоралайди

12.12.2017   6781   14 min.
15.12.2017 й. Ислом жиноятчиликни қоралайди

بسم الله الرحمن الرحيم

ИСЛОМ ЖИНОЯТЧИЛИКНИ ҚОРАЛАЙДИ

Муҳтарам биродарлар! Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод этиш учун яратган. Ислом дини тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлашдир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ

 (سورة البقرة/208)

“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!...” (Бақара сураси, 208-оят).

Ушбу ояти карима “коффатан” (яъни ёппасига) калимаси тафсир китобларида келтиришича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.

Афсуски, инсоният ўзига юклатилган бундай шарафли масъулиятни унутиши оқибатида, инсоният тарихида катта-ю кичик жиноятлар, кўплаб қон тўкишлар содир этилмоқда.

Кейинги вақтларда жамиятимизда ҳам одам ўлдириш, ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, фирибгарлик, зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш каби жиноятлар ва лоқайдлик каби салбий иллатлар тез-тез содир бўлиб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликни ўзининг ғурури деб билган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятларга қўл ураётганларнинг учраётгани ачинарли ҳолдир.

Динимизда инсоннинг жонига, молига, шаънига ноҳақ тажовуз қилиш оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақда Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз с.а.в.нинг кўплаб ҳадисларида баён этилган. Қуйида ана шулардан намуналар келтириб ўтамиз.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

 (سورة النساء/29)

яъни: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят). Бу ердаги “ўзларингизни ўлдирмангиз!” жумласи бир неча хил тафсир қилинган: “Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз”. “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда. “Мол-мулкларингизни ўзаро ноҳақ йўллар билан ейишингиз ўзингизни ўзингиз қатл қилишингиз билан баробардир”. “Ҳавойи нафсга берилмангиз. Зеро, бу сизларни ҳалокатга олиб келади”. Аллоҳ таоло Муҳаммад с.а.в. умматига енгиллик бахш этди. Бани Исроил қавмига эса, жиноят қилганларида каффорат сифатида ўзларини ўзлари ўлдиришга буюрган эди (Тафсири Мадорик).

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

 (سورة البقرة/188)

яъни: Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз! (Бақара сураси, 188-оят).

         Молни ботил йўл билан ейиш деганда шариатда ҳаром қилинган барча йўллар назарда тутилади. Масалан, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик, қиморбозлик, порахўрлик, судхўрлик шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз с.а.в.дан бу борада қуйидаги ҳадислар ворид бўлган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ"

(رواه الإمام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос р.а. Ҳажжатул вадоъ ҳадисини ривоят қилиб жумладан Пайғамбаримиз с.а.в.нинг қуйидаги сўзларини келтиради:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَطَبَ النَّاسَ فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ فَذَكَرَ الْحَدِيثَ وَفِيهِ: "لَا يَحِلُّ لِامْرِئٍ مِنْ مَالِ أَخِيهِ إلَّا مَا أَعْطَاهُ مِنْ طِيبِ نَفْسٍ"

(رَوَاهُ الإمام الْبَيْهَقِيُّ)

яъни: “Мусулмон кишининг моли ўз биродарига фақат чин кўнгилдан рози бўлиб берсагина ҳалол бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Шунингдек, Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ كَانَتْ لَهُ مَظْلَمَةٌ لِأَخِيهِ مِنْ عِرْضِهِ أَوْ شَيْءٍ فَلْيَتَحَلَّلْهُ مِنْهُ الْيَوْمَ قَبْلَ أَن لَا يَكُونَ دِينَارٌ وَلَا دِرْهَمٌ إِنْ كَانَ لَهُ عَمَلٌ صَالِحٌ أُخِذَ مِنْهُ بِقَدْرِ مَظْلَمَتِهِ وَإِنْ لَمْ تَكُنْ لَهُ حَسَنَاتٌ أُخِذَ مِنْ سَيِّئَاتِ صَاحِبِهِ فَحُمِلَ عَلَيْهِ"

(رواه الإمام البخارى)

яъни: “Ким биродарининг обрўсига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса динор ва дирҳам фойда бермайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин ҳаққини ҳалоллаб олсин. У кунда агар яхши амали бўлса етказган зулми миқдорича савоби олинади ва агар савоби бўлмаса биродарининг гуноҳидан олиб унинг бўйнига юкланади” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадиснинг маъносини Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис янада кенгроқ очиб беради:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهم عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَتَدْرُونَ مَنِ الْمُفْلِسُ" قَالُوا: "الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لا دِرْهَمَ لَهُ وَلا مَتَاعَ" فَقَالَ: "إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا وَقَذَفَ هَذَا وَأَكَلَ مَالَ هَذَا وَسَفَكَ دَمَ هَذَا وَضَرَبَ هَذَا فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ"

(رواه الإمام مسلم)

яъни: Ушбу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Муфлис ким эканлигини биласизми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Муфлис, деб биз бир дирҳами ҳам, ҳеч вақоси ҳам йўқ одамни тушунамиз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Менинг умматим ичидаги муфлис-фақир шуки, у қиёмат кунида намоз, рўза, закот ибодатлари билан бирга, бировни сўккан, бировга туҳмат қилган, бировнинг молини еган, бировнинг қонини тўккан ва яна бировни урган ҳолда келади. Оқибатда, унинг савобидан унга ҳам, бунга ҳам олиб берилади. Агар ҳаққини адо этишдан олдин савоби тугаб қолса, уларнинг гуноҳидан олиб бунинг бўйнига ташланади, сўнгра ўзини ҳам дўзахга улоқтирилади”, дедилар (Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса:

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَ عَنْ جَسَدِهِ فِيمَا أَبْلاهُ وَ عَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ وَ عَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: Ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, жасадини нимага мубтало қилгани, билганига қай даражада амал қилгани, молини қандай топгани ва нимага сарфлагани ҳақида” (Имом Термизий ривояти).

Муҳтарам азизлар! Содир этилаётган ҳар бир жиноятнинг негизида омонатга хиёнат қилиш ётибди десак, хато бўлмайди. Омонатнинг маъноси жуда ҳам кенг қамровли бўлиб, агар уни умумийлаштириб айтадиган бўлсак, омонат бу инсоннинг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққи, атрофини ўраб турган борлиқ мавжудотнинг ҳаққи ва ўз нафсининг ҳаққидир. Шундай экан, ўзгаларнинг молига, жонига тажовуз қилиш, моддийми, маънавийми қайси кўринишда бўлишидан қатъий назар бирор инсонга зарар етказиш, унинг тинчлиги ва омонлигига хавф солиш ўзгаларга нисбатан хиёнатдир. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинган:

وَلَا تُجَادِلْ عَنِ الَّذِينَ يَخْتَانُونَ أَنْفُسَهُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ خَوَّانًا أَثِيمًا

   (سورة النساء/107)

яъни: “Ўзларига хиёнат қилувчилар ҳақида тортишиб ўтирманг. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди” (Нисо сураси, 107-оят).

Пайғамбаримиз с.а.в. ўзлари (амин) омонатдор деган номга сазовор бўлганлари ҳолда биз умматларини ҳам омонатли бўлишга буюрганлар. Жумладан, бир ҳадиси шарифда айтадилар:

عَنْ سَمُرَةَ أَنَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَدِّ الأَمَانَةَ إِلَى مَنِ ائْتَمَنَكَ، وَ لا تَخُنْ مَنْ خَانَكَ"

(رواه الإمام أحمد)

яъни: Самур р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Сенга омонат берган одамнинг омонатини адо эт, сенга хиёнат қилган кишига сен хиёнат қилма” (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай дедилар:

أَنَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لِكُلِّ غَادِرٍ لِوَاءٌ يُعْرَفُ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ"

(متفق عليه)

яъни: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорнинг ўзини танитиб турадиган аломати бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Омонатга хиёнат қилган киши билсинки, у ўзига хиёнат қилибди. Чунки, Аллоҳ таоло унинг зиммасига омонат юкини юклаган эди. У эса, ана шу юкни кўтармай унга хиёнат қилди. Хиёнат эса, оғир гуноҳ, шундай экан унинг азоби ҳам қаттиқ бўлади.

 Жиноятнинг яна бир тури бу лоқайдликдир. Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар:

عَنْ أَبي سعيدٍ الخُدريِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قالَ: "سَمِعتُ رسولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يقولُ: "مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَ ذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيمَانِ"

  (رواه الإمام مسلم)

яъни: Абу Саъид р.а. айтадилар: Мен Расулуллоҳ с.а.в.ни шундай деганларини эшитдим: “Қайси бирингиз мункар ишни кўрса қўли билан ўзгартирсин, агар қурби етмаса тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан ва у имоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти). Демак, содир бўлаётган мункар ишларга бепарво бўлиш мўминга ёт иллатдир. Шундай экан, жамиятимизда учраётган ҳар қандай жиноятчиликка қарши катта-ю кичик биргаликда курашмоғимиз лозимдир.

ИЛОВА 

Муҳтарам имом-домла! Қуйидаги иловани жамоатга ўқиб етказишингизни сўраймиз.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан 20 ноябрь – 20 декабрь кунлари “Кузги-қишки мавсумда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги” эълон қилиниб, жойларда аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ва газдан чақнаш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламда профилактика ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан кейинги кунларда ана шундай нохуш холатлар оқибатида кўплаб инсонлар дунёдан бевақт кўз юмиб ўтмоқда. Энг ачинарлиси уларнинг орасида ёш болаларни ҳам кўришимиз мумкин.

Ис газидан заҳарланиш ҳолатлари иситиш печларининг мўриконлари текширилмаганлиги ва тозаланмаганлиги, ёпиқ жойларни иситиш мақсадида очиқ оловдан фойдаланилиши, газдан чақнаш ҳолатлари эса – газ баллонлари ва анжомларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмаганлиги натижасида содир бўлмоқда – дейилади Фавқулотда вазиятлар вазирли маълумотномасида.

         Шу онда Расулуллоҳ с.а.в.нинг қўйидаги ҳадисларини эслатиб ўтмоқлигимиз лозим:

قال رسول الله ﷺ: "كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤول عَنْ رَعِيَّتِهِ، الإِمَامُ رَاعٍ وَ مَسْؤولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَهُوَ مَسْؤولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ..."

(رواه الإمام البخارى و الإمام مسلم)

 

Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в.: “Барчангиз бошлиқдирсиз ва ўз қўл остидагиларингизга масъулдирсиз, Имом (раҳбар) бошлиқдир ва ўз қўл остидагиларига масъулдир, киши ўз аҳлига бошлиқдир ва қўл остидагиларига масъулдир...” – деб марҳамат қиладилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 

Муҳтарам жамоат! Демак, барчамиз ўз оиламиз олдида турган масъулият, вазифаларимизни тўлиқ бажармоқлигимиз лозим бўлади. 

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини ва осойишталигини барқарор айлаб, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда қилсин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Сафар ойи бошланди

06.08.2024   13290   3 min.
Сафар ойи бошланди

Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)

 

Сафар ойи қандай ой?

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича (муҳаррамдан кейинги) йилнинг иккинчи ойидир. 

 

Сафар қандай маънони англатади?

Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар صفر – “сариқ ой” деб номланган. Агар сафар сўзидаги “сод (ص)” ҳарфи “син (س)” билан ёзилса “сафарга чиқмоқ” деган маънони англатади.

 

Сафар ойи Исломдан олдинги жоҳилият даврида.

Жоҳилият даврида “Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди, оила қуриб бўлмайди” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.

 

Ислом дини келгандан кейин сафар ойи – “Яхшилик ойи” деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар.

Сафар ойи тўғрисидаги турли бидъат-хурофотлар рад этилди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари экани эълон қилинди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойини қандай ўтказганлар?

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги “Масжидун Набавий”масжидларини сафар ойида қурганлар.

2. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар.

3. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар.

Демак, бу ойда янги иш бошлаш, оила қуриш ва сафарга қилиш жоиз экан.

 

Аммо, ҳозирги кунда...

Афсуски, бугунги кунда ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва суннатларидан маълум бўлди. 

 

Энг муҳими – бандага етадиган мусибат бирор ойга боғлиқ бўлмайди. Балки ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади. Тақдирга иймон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга иймон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам, ҳидоятида бардавом қилсин. Сафар ойини барчамиз учун хайрли ва баракали бўлишини насиб этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди