بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам биродарлар! Жорий йилнинг ноябрь ойи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча масжид ва мадрасаларда “Абул Муъин ан-Насафий ойлиги” деб номланди. Шу муносабат билан бугунги жума мавъизамизни у зоти бобаракотнинг ҳаётлари ва ижодлари билан сизларни таништириб ўтишга бағишладик. Зеро, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларни яқиндан танимоғимиз, уларнинг илмий мерослари, умуман Ислом оламида тутган ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлмоғимиз сизу бизларнинг у зотларга нисбатан муҳаббатимиз ва эҳтиромимизнинг янада зиёда бўлишига, маънавий меросларини ўрганишга нисбатан қизиқишимизни ортишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз k ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилганлар:
عَن أَبيِ الدَّردَاء 0 قَالَ، سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَطْلُبُ فِيهِ عِلْمًا سَلَكَ اللهُ بِهِ طَرِيقًا مِنْ طُرُقِ الْجَنَّةِ وَ إِنَّ الْمَلائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضًا لِطَالِبِ الْعِلْمِ وَ إِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَ مَنْ فِي الأَرْضِ وَ الْحِيتَانَ فِي جَوْفِ الْمَاءِ وَ إِنَّ فَضْلَ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأَنْبِيَاءِ، إِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَ لَا دِرْهَمًا وَ أَوْرَثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ اَبُو دَاوَدَ وَ الإِمَامُ التِّرمِذِي).
яъни: Абу Дардо 0 айтадилар, мен Расулуллоҳ kни шундай деганларини эшитдим: “Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унинг йўлини жаннат йўлига йўналтириб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг розилиги учун қанотларини поёндоз қилиб турадилар. Олимнинг ҳақига осмонлару ердаги жонзотлар ҳамда сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб турадилар. Олимнинг обиддан ортиқлиги ойдин тунда ойнинг барча юлдузлардан ортиқлигига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар. Бас, уни ким олса тўкис насиба олибди” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Бошқа бир асарда эса шундай дейилган:
عَنِ الْحَسَنِ أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ قَالَ: كُنْ عَالِمًا أَوْ مُتَعَلِّمًا أَوْ مُحِبًّا أَوْ مُتَّبِعًا وَلا تَكُنِ الْخَامِسَ فَتَهْلِكَ
(السُّنَنُ الكُبْرَى لِإمام البَيهَقِي).
яъни: Ҳасан Басрий wдан ривоят қилинади, Абу Дардо 0 айтадилар: “Аввало олим бўл! Лоақал, таълим олувчи ёки уларни севувчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчиси (мазкур тўрт хислатдан ташқаридагиси) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан” (Имом Байҳақий “Сунани кубро” китобида келтирган).
Демак, олимларни севиш, уларга эргашиш динимиз кўрсатмаси бўлиб, айни пайтда олимларга ҳурмат Пайғамбаримиз aга эҳтиром кўрсатиш билан баробар экан. Ана шундай пайғамбарларнинг меросхўрларидан бўлмиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалардан бири Абул Муъин ан-Насафий ҳазратлари бўлиб, у зоти бобаракотнинг тўлиқ исмлари Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафийдир.
Азизлар! Абул Муъин ан-Насафий e Насафда (ҳозирги Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида) туғилганлар. У зотнинг таваллуд топган саналари ҳақида икки хил маълумот мавжуд. Хайруддин аз-Заркалий e “Ал-Аълом”да 418 ҳиж. (1027 мил.) санада таваллуд топиб, 508 ҳиж. (1114 мил.) санада вафот этган деган бўлса, Умар Ризо Каҳҳола “Муъжам ал-муаллифин”да бу фикрга қўшилган, аммо Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожим”да Абул Муъин ан-Насафий 508 ҳиж. (1114 мил.) йилда Зулҳижжа ойининг йигирма бешинчисида етмиш ёшида вафот этган, деган. Бундан 438 ҳиж. (1044 мил.) санада таваллуд топгани келиб чиқади. Иккала сананинг қайси бири ҳақиқат эканлиги борасида аниқ маълумот йўқ.
Абул Муъин ан-Насафий e Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридий ақидавий мазҳаби уламоларининг энг машҳури Имом Мотуридийнинг фикрларини биринчи бўлиб ёқлаб чиққан уламолардан саналадилар. Ашъария ақидасида Боқиллоний, Ғаззолий ва ар-Розий қандай ўрин тутсалар, мотуридия ақидасида Абул Муъин ан-Насафий e шундай муҳим ўрин тутадилар. Шунингдек, ашъария мазҳабида аш-Шаҳристонийнинг китоблари қанчалик аҳамиятга эга бўлса, ан-Насафий eнинг китоблари ҳам мотуридий мазҳабида шунчалик муҳим манба саналади.
Абул Муъин Ан-Насафий e ҳақида Абдул Қодир ал-Қураший “Ал-жавоҳир ул-музийя фи табақот ал-ҳанафийя” асарида, Абдулҳай Лакнавий “Ал-фавоидул баҳийя фи тарожими ал-ҳанафийя” асарида, Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожим” китобида, ал-Кафавий “Катоибу аъломил ахйор мин фуқаҳои мазҳаби ан-Нуъмон ал-мухтор” асарида, Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун ан асомий ал-кутуб вал фунун” асарида зикр қилиб ўтганлар.
Абул Муъин ан-Насафий eнинг биринчи устози отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлиб, у зот ҳам замонасининг етук уламоларидан саналган. Абул Муъин e отасидан Абу Ҳанифа eнинг “Ал-олим вал мутааллим” китобини ривоят қилганлари манбаларда зикр этилган. Шунингдек, катта боболари Абул Маъолий Муътамад ибн Муҳаммад ҳам ўзининг отасидан ривоят қилгани ҳамда Абу Саҳл ал-Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахбору Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган. Демак, Абул Муъин ан-Насафий eнинг илмий салоҳияти унинг ота-боболаридан мерос бўлиб келган дейиш мумкин.
Муҳтарам жамоа! Абул Муъин ан-Насафий eнинг шогирдлари қаторида Абу Бакр Алоуддин ас-Самарқандий e, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу ал-Юср ал-Паздавий e, Абу Бакр Масъуд ал-Кошоний e, Нажмуддин Умар ан-Насафий e, Абул Ҳасан ал-Балхий e, Маҳмуд ас-Соғарчи ва бошқаларни зикр қилиш мумкин.
Абул Муъин ан-Насафий e ҳаётининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода илмий ижодий ишлар билан ўтказган. Шу даврлар орасида 15га яқин илмий асарлар таълиф этган бўлиб, жумладан: “Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид фи илм ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари шулардан энг машҳурлари саналади.
Имом Насафий мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, мотуридий мазҳабини батафсил шарҳлаб, унинг кенг ёйилишига катта хисса қўшди, мотуридия ақидасига қарши бўлган мўътазила, жаҳмийя, карромийя, ботинийя каби оқимларнинг фикрига қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди.
Аллома “Табсиратул адилла” китобида жумладан шундай дейди: “Мўътазилалар кофир бўлмаган кимсани дўзахда абадий қолишини исботлаб хато қилдилар. Шунингдек, Ашъарий мўмин бўлмаган кимсани жаннатга киради, деб хатога йўл қўйган.Ҳақиқат шуки, савоб Аллоҳнинг ваъдаси билан билинади. Аллоҳ таоло эса жаннатни фақат мўминларга ваъда қилган. Бас, шундай экан, қайси далил билан мўмин бўлмаган кишини жаннатга киради, деб айтади. Агар у: “Мен уни мўмин, деб атамайман, балки уни кофир ва у дўзахда абадий қолади, дейман”, – деса унга қуйидагича жавоб берилади: “Қандай қилиб кофир бўлсин, ахир у ёлғон (такзиб)ни тасдиқ билан алмаштирган-ку, сен ўзинг имон бу тасдиқдир, куфр эса ёлғон (такзиб)га чиқаришдир, дегансан-ку!? У ўзини омонликка киргизмагани учун унинг тасдиғини имон демасанг, нима учун ҳақиқатда собит бўлган тасдиғини ёлғон (такзиб)га чиқариш, деб баҳоладинг? Бу сокинликни ҳаракат, қорани оқ дейишдан бошқа нарса эмас. Буларнинг барчаси амри маҳол ва бир-бирига зид ишдир. Аллоҳнинг Ўзи муваффақ қилгувчидир” (“Муқаллиднинг имони ҳақида сўз” боби 57-бет).
Ҳозирда Абул Муъин ан-Насафий eнинг қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган. Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифлари давомида калом илмининг султони, ўз замонасининг забардаст олими Абул Муъин ан-Насафий ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, у киши қўним топган муборак масканни обод этиш, зиёратгоҳ қилиш, мазкур зиёратгоҳ қошида кутубхона ташкил этиш, у зотнинг бизгача етиб келган асарларини таржима қилиб, халққа, хусусан, ёшларга етказиш мақсадида “Ақида илмий мактаби”ни ташкил этиш ҳақида алоҳида кўрсатма бердилар.
Шу кунларда зиёратгоҳда улкан ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Зиёратгоҳнинг қайта таъмирланиши буюк алломага бўлган юксак эҳтиромни ифода этиб, у ерда ташкил қилинадиган “Ақида илмий мактаби” аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш истагида бўлган илм аҳли, шунингдек зиёратчи юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар учун қулай даргоҳ бўлади.
Муҳтарам азизлар! Жорий йилнинг 31 октябрь куни Нью-Йоркда содир этилган теракт воқеасидан барчамизнинг хабаримиз бор. Уни амалга оширган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлиги ҳам айтилди. Минг афсуслар бўлсинки, қандайдир бир ғаламис кимса жаҳонга ўзининг буюк алломалари, бағрикенг ва инсонпарвар халқи орқали фақат яхши ном билан танилган Ўзбекистонни дунё ҳамжамияти олдида юзини ерга қаратишга уринди.
Биз биламизки, аслида террорчининг ватани, дини ва миллати бўлмайди. Унинг касби тинч-осойишта ҳаётга раҳна солиш, одамлар қалбида қурқув ва ваҳима уйғотишдан бошқа нарса эмас. Шундай экан, ёшларимизни йўлдан адашиб турли хилдаги бузғунчи, вайронкор ғояларга берилиб кетишидан асрайлик!
Аллоҳ таоло юртимизда яшаб ўтган Абул Муъин ан-Насафий ҳазратлари ва қолган барча уламоларнинг руҳларини шод айлаб, биз авлодларга уларнинг илмларидан баҳра олиб, роҳи ростда умргузаронлик қилмоғимизни насибу рўзи айласин! Омин!
00:00 Анонс
00:48 Фуқаролар мурожаати эътибор марказида
01:11 Қуръон ва тажвид марказига ташриф
01:44 Қўшкўпирдаги "Ислом бобо" масжиди фойдаланишга топширилди
02:28 Хайру саховат – қалбларга қувонч улашади
02:42 Зиёратчиларимиз Пайғамбар алайҳиссалом шаҳарларида
02:58 Имконияти чекланганлар учун навбатдаги маърифий суҳбат
03:24 Тўрақўрғон туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди
04:01 Отинойилар иштирокида танлов ўтказилди
04:22 Қишки таътил даврида ўтказилган малака ошириш ўқув семинари ниҳоясига етди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати