بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳар йилги ҳаж мавсуми ниҳоясига етгач, бутун дунёдан ҳаж ибодатини адо қилиш учун Маккаи мукаррамага келган мусулмонлар «ҳожи»деган шарафли номга эришиб ўз ватанларига қайтадилар.
Ҳаж ойлари ҳижрий йилнинг энг охирги ойлари ҳисобланади. Ундан кейин келадиган Муҳаррам ойи эса, ҳижрий йилнинг биринчи ойидир. Шу муносабат билан сиз азизларга бугунги жума мавъизамизда ҳижрий йилнинг бошланиш тарихи ҳақида маълумот бермоқчимиз.
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида бевосита тақвимга эҳтиёж сезади. Тарихий воқеаларни аниқлашда, келажакдаги ишларни режалаштиришда тақвимга мурожаат қилинади, албатта. Шу нуқтаи назардан ҳижрий-қамарий тақвимнинг жорий бўлиши Ислом динининг воқеий, яъни ҳаёт билан ҳамнафас, дин эканлигига ёрқин мисол бўла олади.
Ислом дини келишидан олдин араблар йиллар ҳисобини тарихда бўлиб ўтган бирор муҳим воқеага боғлаб олиб борар эдилар. Масалан, Абраҳанинг Қаъбага филлар билан қилган юриши муносабати билан номланган “Фил йили” маълум вақт йил боши сифатида фойдаланилган. Ҳатто, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺ нинг таваллуд саналарини аниқлашда Фил йили билан боғланганлиги тарих китобларида зикр этилган. Ислом дини келгандан кейин ҳам мусулмонлар йил ҳисобларини шу зайлда олиб боришда давом этдилар. Масалан, вабо тарқаган йилни Вабо йили, қурғоқчилик бўлган йилни Рамода (кул) йили, деб номлаб, йил саналарини шу вақтларга нисбатан аниқлар эдилар.
Ҳазрати Умар رضي الله عنه даврларига келиб Ислом диёри кенгайиши муносабати билан турли воқеа ва ҳодисаларнинг тарихини қайд этиб бориш, ўзаро ёзишмалар ва расмий хатларда саналарни қайд қилишда муаммоларга дуч келинди ва бу ҳолат ўз навбатида мунтазам тақвим жорий қилишни тақозо этди. Муаммони ўз вақтида англаб етган Ҳазрати Умар رضي الله عنه зудлик билан уламоларни жамладилар ва ўртага мусулмон тақвимини жорий этиш ва уни қайси санадан бошлаш маъқул эканлиги масаласини қўйдилар. Барчанинг фикри эшитиб кўрилгач, ниҳоят Ҳазрати Али رضي الله عنه нинг мусулмон тақвимини Пайғамбар ﷺ нинг ҳижрат қилган йилларидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақидаги фикрлари бир овоздан маъқулланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон رضي الله عنه нинг Муҳаррам ойини мусулмон тақвимининг биринчи ойи бўлиб қолиши ҳақидаги таклифлари инобатга олинди.
Мусулмон тақвимида йил ҳисоби Ойнинг ўз буржлари бўйлаб бир йилда айланиб ўтган вақтига қараб олинади.
هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاءً وَالْقَمَرَ نُورًا وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللَّهُ ذَلِكَ إِلَّا بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ (سورة يونس/5
яъни: “У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир. Буни Аллоҳ фақат ҳақ (ҳикмат) билангина яратди. Билувчи қавм учун оятларни (У) батафсил баён қилур” (Юнус сураси, 5-оят). Ойнинг ўн икки буржи ва йигирма саккизта манзили бор. Буржлар – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут. Ҳар бир буржда иккию учдан бир манзил бўлиб, ой ҳар кеча шу манзиллардан бирига тушиб ўтади.
Араб тилида Ой “қамар” дейилади. Шу тариқа Пайғамбар ﷺ нинг ҳижратларидан кейин ўн етти йил ўтиб, Ҳижрий-қамарий мусулмон тақвими жорий этилди. Эслатиб ўтиш лозимки, бугун 2017 йил 22 сентябрдан бошлаб ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби бўйича 1439 ҳижрий йил кирди.
Мусулмон тақвимининг биринчи ойи Муҳаррам деб аталиб, Аллоҳ таоло бу ойда уруш қилишни ҳаром қилган. Бу ойда қилинган яхши амалларга кўплаб савоблар ато этилади, гуноҳ қилиш эса зулм ҳисобланади. Бу ойнинг ўнинчи куни алоҳида фазилатга эга бўлиб, бу кунни Ашуро куни дейилади. Инсоният тарихида Ашуро кунида бир қанча муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий e ўзларининг “Танбеҳул ғофилин” номли китобларида Икрима رضي الله عنه дан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни – Одам j нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ j кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган в а шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”.
Ашуро куни нафл рўза тутишлик суннат амал ҳисобланиб, Ибн Аббос رضي الله عنه дан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضى الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَدِمَ الْمَدِينَةَ فَوَجَدَ الْيَهُودَ صِيَامًا يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ لَهُمْ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا هَذَا الْيَوْمُ الَّذِي تَصُومُونَهُ؟" فَقَالُوا هَذَا يَوْمٌ عَظِيمٌ أَنْجَى اللَّهُ فِيهِ مُوسَى وَقَوْمَهُ وَغَرَّقَ فِرْعَوْنَ وَقَوْمَهُ فَصَامَهُ مُوسَى شُكْرًا فَنَحْنُ نَصُومُهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "فَنَحْنُ أَحَقُّ وَ أَوْلَى بِمُوسَى مِنْكُمْ" فَصَامَهُ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ" (رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ Мадинаи Мунавварага келганларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва: “Сизлар рўза тутаётган бу кун қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу улуғ кун. Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо j ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ этгандир. Шунинг учун Мусо j бу куннинг шукронасига рўза тутганлар. Шу сабабли биз ҳам рўза тутмоқдамиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “Сизлардан кўра Биз Мусо j га ҳақлироқмиз”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Муҳаррам ойида саналган фазилатга рўза амали ила эришилади. Чунки Пайғамбаримиз ﷺ рўза тутишга тарғиб қилиб, унинг улуғ фазлига эришишлик йўлларини чиройлик ва батафсил йўл ила кўрсатиб бердилар. Биз бу кунни ҳар сониясини ёддан чиқармасдан эътибор бериб ўтказамиз. Рўза масаласида Баззор ва Абу Хурайра رضي الله عنه ривоятига кўра, Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар: “Ашуро сиздан аввалги бир Пайғамбарнинг байрамидир. У кунни рўза билан ўтказинг”. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه Ашуро кунининг фазли ҳакида сўраганда, ушбу муборак хабарни бердилар: “Пайғамбаримиз ﷺ Ашуро куни рўзасини бошқалардан афзал кўриб тутганларини, Рамазон ойи рўзасини соғингандек бошқа кун ва ой рўзасини соғинганларини кўрмадим”, деб жавоб бердилар. Абу Ҳурайра رضي الله عنه дан ривоят қилинади Пайғамбаримиз ﷺ: “Рамазон ойидан кейин рўзанинг афзали Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунгги намоздир”, – дедилар. Яна бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз ﷺ: “Бир кунни бошқа кунда рўза тутишдан ҳеч қандай устунлиги йуқ яъни ҳаммаси тенгдир. Лекин Рамазон ойи ва Ашуро куни бундан мустасно”, – дедилар. Пайғамбаримиз ﷺ дан сўрашди. У вақт Ҳазрати Али رضي الله عنه ҳам шу ерда эдилар.
Эй, Расулуллоҳ ﷺ Рамазондан бошқа бир вақт рўза тутиш тавсия қилинса қайси ойни тавсия қилган бўлар эдингиз?
Пайғамбаримиз ﷺ: “Рамазондан бошқа бир ойда рўза тутишни истасанг Мухаррам ойида тут. Чунки Муҳаррам ойи Аллоҳнинг ойидир. Харом ойлардандир. Шу сабабли бу ойда тут. Бу ойда бир кун борки Аллоҳ Аввалги қавмлардан баъзи инсонларни тавба қилишни муяссар қилгани каби бошқа инсонларни тавбасини қабул этишни муяссар қилди”, – деб жавоб қилдилар (Имом Термизий ривояти).
Мазкур ҳадисдан қуйидагича хулоса қилиш мумкинки, қайси бир киши бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, унинг шукронасига, ҳеч бўлмаса, бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар, саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида, У зот: “Мен шу кунда туғилганман ва шу куни пайғамбар бўлганман”, – деб жавоб берганлар.
Азизлар! Бундан ташқари Ашуро кунининг фазилати борасида қуйидаги ривоят ҳам мавжудки:
يُرْوَى عَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ مُحَمًّدٍ بنِ المُنتَشِر، عَنْ أَبِيهِ أَنَّهُ قَالَ: "بَلَغَنَا أَنَّهُ مَنْ وَسَّعَ عَلَى أَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ" قَالَ سُفْيَانُ بْنُ عُيَيْنَةَ: "جَرَّبْنَاهُ مُنْذُ سِتِّينَ عَامًا فَوَجَدْنَاهُ صَحِيحًا"
яъни: Иброҳим ибн Муҳаммад ибн ал-Мунташирдан, у киши отасидан ривоят қилиб айтадики: “Бизга келган хабарга кўра, ким Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло унга йил давомида кенгчилик қилиб қўяди”. Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Биз бу хабарни олтмиш йилдан бери тажриба қиламиз ва унинг тўғрилигини топганмиз”.
Дарҳақиқат, инсон ўз аҳли оиласига ҳар қанча кенгчилик қилиб берса ярашади. Айниқса, йилда бир келадиган ушбу фазилатли Ашуронинг ўн кунида киши ўз оиласига зарур бўладиган егулик ва бошқа эҳтиёжларини имкон қадар муҳайё қилса, йил давомида бу оилани файз-барака ва кўплаб яхшиликлар асло тарк этмайди. Шунга кўра шодиёна кунларига алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳадиси шарифда марҳамат қилинган:
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرة رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ في سَبيلِ اللهِ وَ دِينار أنْفَقْتَهُ في رَقَبَةٍ وَ دِينارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ وَ دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ أعْظَمُهَا أجْراً الَّذِي أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسلِمُ
яъни: Абу Ҳурайра رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Аллоҳ йўлида қилган бир динор инфоқинг, қул озод этиш учун қилган бир динор инфоқинг, мискинга қилган бир динор садақанг ва аҳлингга қилган бир динор нафақанг, буларнинг ичида савоби энг улуғи аҳлингга қилган нафақангдир” (Имом Муслим ривояти).
Муҳтараж азизлар! Бу жума кунимизнинг Фиқҳий масалалари:
Азон айтиш тартиби:
Намознинг ташқаридаги фарзлари 6 та дир:
Намознинг ичидаги фарзлари 6 та дир:
Муҳтарам жамоат! Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан хижрий 1439 йил учун янги тақвим нашрдан чиқди. Уларни жойлардаги дўконлардан харид қилишингиз мумкин.
Аллоҳ таоло ушбу янги ҳижрий 1439 йилни тинчлик, файзли ва барокатли айласин! Омин!
(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.
Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.
Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.
Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.
Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.
Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!
Қадрли дўстлар!
Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.
Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.
Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.
Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.
Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?
Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.
Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.
Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Муҳтарам юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.
Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.
Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.
Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.
Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.
Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.
Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Азиз ватандошлар!
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.
Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз
ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.
Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Қадрли дўстлар!
Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.
Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.
Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.
Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.
Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.
Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!
Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!
Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.
Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.
Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.
Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.
Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.
Азиз дўстлар!
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.
Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.
Қадрли юртдошлар!
Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.
Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.
“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.
Азиз ватандошлар!
Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.
Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.
Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.
Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.
Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.
Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.
Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.
Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.
Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.
Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!
Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!
Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!
Яшасин Ўзбекистон Республикаси!
Яшасин Ўзбекистон халқи!