بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб этади. Бунда эса, инсонларнинг ўзаро самимий муносабатда бўлишлари муҳим ўрин тутади. Динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, аввалда ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган. Масалан, Нуҳ а.с. ўз қавмига хитоб қилар экан:
أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ
яъни: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман...”, деган (Аъроф сураси, 62-оят). Солиҳ а.с. ҳам ўз қавмини азобдан огоҳлантирганида шундай деган:
وَقَالَ يَا قَوْمِ لَقَدْ أَبْلَغْتُكُمْ رِسَالَةَ رَبِّي وَنَصَحْتُ لَكُمْ وَلَكِنْ لَا تُحِبُّونَ النَّاصِحِينَ
яъни: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз” (Аъроф сураси, 79-оят). Бошқа пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган.
Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар;
عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رضي الله عنه : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"الدِّينُ النَّصِيحَةُ . قُلْنَا لِمَنْ ؟ قال : لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ"
(رواه البخاري ومسلم)
яъни: Тамим ад-Дорий р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в.: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир.
Насиҳатнинг маъноси ўзгаларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш, демакдир. Шу маънода Пайғамбаримиз с.а.в. насиҳат кимларга бўлишини бирма-бир санаб ўтдилар.
Биринчиси, Аллоҳга насиҳат бу – Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда холис ибодат қилмоқлик, Унга мудом итоатда бўлиб, осий бўлишдан сақланмоқлик, унинг ато этган неъматларига шукр қилиб куфрони неъмат қилмаслик, Аллоҳга бўлган имонини мустаҳкам тутиб, ҳар бир ишда унга таваккул қилмоқлик ва Ўзидангина мадад тиламоқлик.
Аллоҳга насиҳат жумласига тақдирнинг яхшисини ҳам ёмонини ҳам Аллоҳдан деб билиб, унга рози бўлиш ҳам киради. Баъзилар тақдирдан норози бўлиб, умидсизликка берилиши, тушкунликка тушиши оқибатида, ҳатто ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳга ҳам қўл уриб қўядилар.
Иккинчиси, Унинг китобига насиҳат бу – Қуръони каримни Аллоҳнинг каломи эканлигига чин имон келтирган ҳолда ундаги хабарларни тасдиқлаш, унинг аҳкомларига амал қилиш, қайтарганларидан қайтиш, уни тўғри тиловат қилиб, унда ғулувга кетмаслик, унинг муташобиҳ оятларига имон келтириш билан тасдиқламоқлик.
Баъзилар бу борада ҳам хатога йўл қўйиб, оқибатда залолатга кетганлар. Илмсизлик билан Қуръоннинг муташобиҳ оятлари устида баҳс юритиб, турли бузғунчи тоифаларнинг чиқишига сабаб бўлганлар.
Учинчиси, Унинг расулига насиҳат бу – Муҳаммад с.а.в.ни Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари эканлигига чин имон келтирган ҳолда У зотнинг Аллоҳдан келтирганларига эргашиш, қайтарганларидан қайтиш, ахлоқларидан ибрат олиш, саҳиҳ суннатларига риоя қилиш ва уларни бидъатдан ҳимоя қилиш.
Баъзи тоифалар фақат Қуръонни тан олиб, Пайғамбарнинг суннатларини тан олмайдилар, яна баъзилари суннатга амал қиламиз деган даъво замирида мўътабар фиқҳий мазҳабларни инкор этадилар. Ваҳоланки, тўртала мазҳаблар ҳам уламоларнинг ижтиҳодлари асосида Расулуллоҳнинг суннатларига таянгандир.
Тўртинчиси, мусулмонларнинг имомларига насиҳат. Дунёвий ишлардаги раҳбарларни ҳам, диний ишлардаги уламоларни ҳам бир сўз билан имом дейилади. Демак, мусулмонларнинг имомларига насиҳат бу – давлат раҳбарларига садоқат билан итоат этмоқлик, уларнинг амру фармонларини бажармоқлик, бошқарув ишларида уларга кўмаклашмоқлик, уларга қарши исён қилмаслик, уламоларга эргашмоқлик, улар ҳақида яхши гумонда бўлмоқлик, уларни пайғамбарларнинг меросхўри деб эҳтиром қилмоқлик. Чунки, давлат раҳбарлари мусулмонларнинг дунёвий ишларини юргизадилар, уларнинг хавфсизлигини, мол-мулки, ҳақ-ҳуқуқи, обрў-эътиборининг дахлсизлигини таъминлайдилар. Диний уламолар эса, мусулмонларни ҳалолликка чақирадилар, ибодат ва амаллари тўғри ва мақбул бўлиш йўлларини кўрсатадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарадилар, бир сўз билан айтганда дунё ва охират ободлиги йўлларига чорлайдилар.
Раҳбарларга итоат қилмаслик фисқу фасоднинг кўпайиши, инсон ҳуқуқи ва ҳурмати поймол бўлиши, қонлар тўкилиб, моллар талон-тарож қилинишига олиб келса, уламоларни эҳтиром қилмаслик эса уларнинг ваъз насиҳатлари ва фатволарига беэътибор бўлиш, гуноҳ ва маъсиятлардан ҳазар қилмаслик, умуман динга нисбатан ҳурматсизликни пайдо бўлиши, фитна ва ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлади.
Тарихда ҳам, хозирда ҳам раҳбарларига исён қилинган, уламолари билан ихтилофга борилган юртларда тинчлик ва барқарорлик йўқолганлиги, турли хил эътиқодий тоифалар кўпайиб кетганлигига гувоҳмиз.
Бешинчиси, мусулмонлар оммасига насиҳат бу – барча мусулмонларга бирдек яхши муносабатда бўлиш, киши ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўрмоқлик, ўзига ёқмаган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмаслик, уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилишликдир.
Шунингдек, уларни дунё ободлиги ва охират фойдаларига йўллаш, бу борада ёрдам қилиш, уларни эҳтиёт қилиш, улардан турли зарар ва офатларни бартараф қилиш, уларга юмшоқлик ва ихлос билан амри маъруф қилиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиб, шафқат қилиш, катталарини ҳурматлаб, кичикларини иззат қилиш ва раҳмдил бўлиш, мол-дунё, обрў-эътибор ва номусларини ҳимоя қилиш, уларни юқорида зикр этилган барча гўзал ахлоқлар билан хулқланишига қизиқтириш кабилар.
Аллоҳ таборака ва таоло инсонларга ўз ҳабиби Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламни пайғамбарларнинг охиргиси қилиб юборди ва уни гўзал одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват, олижаноб фазилатлар соҳиби қилди.
Алоҳ таоло марҳамат қилиб айтди:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
яъни: “Албатт, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам ўзларининг чиройли хулқ одоблари билан барча умматга намунадирлар. Зеро, у зот ҳадисларнинг бирида марҳамат қилиб айтганлар:
قال عليه الصلاة والسلام:"إِنَّمَا بُعِثتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الأَخلَاقِ"
رواه البخاري
و الحكم و البيهقي
“Мен энг яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” (Бухорий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш, ҳожатларини чиқариш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, адашганларига тўғри йўл кўрсатиш, яхши-ёмон кунида ёнида туриш мусулмонларга нисбатан самимийликнинг ёрқин кўринишларидир. Бугунги кунда жамиятимизда бундай ишлар давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисмини ташкил этиб, кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда.
Азиз жамоат! Хабарингиз бор шу йилнинг 10-11 март кунлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрганида вилоятда “Мир Араб” олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Ҳозирда ушбу олий мадраса ташкил қилиниб, 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари кетмоқда. Шубҳа йўқки, ушбу олий мадрасада ҳам халқимиз учун етук дин пешволари таълим олиб чиқиб, халқимиз маънавиятининг янада юксалишига сабабчи бўладилар, албатта.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзаро меҳру оқибатда ҳаёт кечирмоғлигимизга муваффақ айлаб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда қилсин. Омин!
Илова: Муҳтарам имом-домла! Тагига чизиб ажратилган сатрларни мисоллар билан кенгроқ баён этишингизни сўраймиз.
(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.
Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.
Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.
Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.
Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.
Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!
Қадрли дўстлар!
Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.
Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.
Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.
Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.
Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?
Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.
Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.
Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Муҳтарам юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.
Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.
Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.
Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.
Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.
Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.
Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Азиз ватандошлар!
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.
Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз
ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.
Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Қадрли дўстлар!
Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.
Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.
Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.
Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.
Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.
Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!
Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!
Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.
Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.
Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.
Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.
Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.
Азиз дўстлар!
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.
Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.
Қадрли юртдошлар!
Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.
Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.
“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.
Азиз ватандошлар!
Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.
Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.
Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.
Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.
Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.
Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.
Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.
Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.
Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.
Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!
Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!
Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!
Яшасин Ўзбекистон Республикаси!
Яшасин Ўзбекистон халқи!