2016 йил 29 ноябрь куни Россиянинг Екатеренбург шаҳридаги муфтиётда Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси иштирокида ўзаро мулоқот бўлди. Унда Свердловск вилояти муфтийси Абдул-Қуддус Ашарин, Урал тоғ-кон университети диншунослик кафедраси мудири Старостин Алексей ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, делагация раҳбари Иброҳим Иномов сўзга чиқиб, Свердловск вилояти ҳокимлиги ва муфтиётига ташкил этилган самимий учрашув ва суҳбатлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти номидан миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида Абдул-Қуддус Ашарин ҳам Ўзбекистон ҳукуматига ва диний идора раҳбариятига ташаккур билдириб, ўз сўзида бундай деди:
– Террорчи гуруҳларга қарши курашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва амалда татбиқ этиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Биз улардан керакли сабоқ ва малака ўргандик ва ўрганмоқдамиз. Келгусида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан янада кенг ва самарали ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга умид билдирамиз.
Тадбир сўнгида Свердловск вилояти муфтиёти томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятига шаҳодатномалар тақдим этилди.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати