Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзалликнинг барчаси ато қилингани ҳадисларда зикр қилинган. Фақат бу гўзаллик иккита асосий нарсага биноан бўлган.
1. Жалолий (буюк) ҳайбат.
2. Порлаб турган нур.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар чиройларига мафтун бўлиб қолмасди, Юсуф алайҳиссаломдаги гўзаллик бунинг акси бўлиб, у зотга чиройнинг ярми берилган эди. Шу боис, у кишини аёллар кўрганида, чиройларига мафтун бўлиб, қўлларини кесганлар ва: “Во ажабо! Бу инсон эмас, фариштанинг ўзи-ку”, дейишган эди. Шоир айтади:
Гар кўрса эди Юсуфни, Зулайҳонинг дугоналари
Қўлларидан кўра юракларини кесишга ҳам рози бўлар эди.
Жалолий ҳайбат
Расулуллоҳнинг улуғворликлари, ҳайбатлари ҳақида Ҳинд ибни Абу Ҳола ул зотни сифатлаб, шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматга эга киши эдилар”[1].
Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким Расулуллоҳга беҳосдан йўлиққанида, у кишини Расулуллоҳнинг салобати босар эди”.[2]
Яна бошқа бир киши айтади: “Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида инсонларнинг энг виқорлиси эдилар[3].
Бир куни Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир киши кириб келди ва Расулуллоҳнинг ҳайбатларидан ўзини йўқотаёзди. Расулуллоҳ бу ҳолатни кўриб унга: “Тинчлан”, дедилар”[4].
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида шундай дейди: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг салобатларидан икки кўзим ила у зотни тўйиб кўролмаганман. Шунинг учун ҳам бирор киши мендан ул зотни сифатлаб беришимни сўраса, тавсиф қилиб беролмас эдим. Чунки, ул зотни икки кўзим ила тўлиқ кўролмаган эдим”[5].
Ибн Абу Ҳола Расулуллоҳни сифатлаб шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар гапирсалар, мажлисда ўтирганларнинг барчаси худди бошларида қуш қўнгандек жим ўтирардилар”[6].
Ҳақиқатдан ҳам саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак ҳайбат ва виқорлари туфайли у зотга чуқур назар ташлай олмасдилар. Шунинг эътиборидан Пайғамбаримизни фақатгина саҳобаларнинг ёшлари ёки пайғамбарлик келишидан олдин у зотнинг қарамоғларида тарбия кўрган Ҳинд ибн Абу Ҳола, Алий розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сифатлаб берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайбатларининг буюклиги ва виқорларининг комиллигидан, ким ул зотнинг ҳузурларида ўтирса, уни салобатлари босар эди. Баъзан бу Муҳаммадий ҳайбатдан бирга ўтирган кишини қаттиқ титроқ босар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ уларнинг қўрқувлари босилсин, деб уларга юмшоқ муомала қилиб уларга нисбатан мулойим бўлардилар.
Қойла бинти Мухримадан ривоят қилинади, у: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чўккалаб ўтирганларини кўрганимда, қўрқувдан чўчиб тушдим. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, бечора аёл қўрқиб кетди”, деди. Расулуллоҳ орқаларида турган ҳолимда, менга қарамасдан: “Эй мискина! Хотиржам бўл”, дедилар. Расулуллоҳ шу гапларини айтганларидан сўнг, Аллоҳ таоло ичимдаги қўрқувни кетказди”, деди.
Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Кунларнинг бирида мен хизматчимни ураётганим эдим, бир пайт ортимдан: “Билиб қўй, эй, Абу Масъуд!”, деган товушни эшитдим. Шунда ғазабимдан ортимга ўгирилиб ҳам қўймасдан, давом этавердим, кейин мени бир нарса ўраб олгандек бўлди. Шундай ортимга ўгирилсам, рўпарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар. У зотни кўрганимда, ҳайбатларидан қўлимдан қамчим тушиб кетди. Менга қараб: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло бу ишни қилишга сендан кўра ҳақлироқдир”, дедилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, бундан кейин ҳеч қачон бирон бир хизматчимни урмайман”, дедим”.
Порлаб турувчи нурлари
Набавий гўзаллик тўла намоён бўладиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурларига келсак, юқорида шарафли юзларини сифатлаганимизда, юзларидан нур сочиб турганига далолат қиладиган бир қанча сифатларни зикр қилган эдик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги нур аслий ҳисобланади. Бу нур борлиқдаги бутун нурлар ичида яратилган энг биринчи нурдир. Машҳур[7] ҳадисда шундай дейилган: “Эй Жобир, Аллоҳ таоло энг биринчи бўлиб, пайғамбарингнинг нурини яратган”.
Зарқоний айтадилар: “Байҳақий ҳам мазкур ҳадисни озгина бошқачароқ зикр қилган”. Имом Термизийнинг: “Аллоҳ таоло энг биринчи яратган махлуқи қаламдир”, деб ривоят қилган ҳадиси мазкур ҳадисга зид эмас. Чунки, бу иккала ҳадисни қуйидагича тушунсак бўлади:
Қалам биринчи бўлиб яратилган, дегани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нурларидан бошқа нарсаларга нисбатан биринчи яратилган ёки баъзилар айтганларидек, барча нарсалардаги биринчилик ўз жинсига нисбатан бўлган. Шунинг эътиборидан мазкур ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: “Аллоҳ таоло нурлар (жинси)дан биринчи бўлиб менинг нуримни яратди”.
Бу Муҳаммадий нурни Алий ибн Ҳусайн оталаридан, оталари боболаридан ривоят қилган ҳадис тасдиқлайди: “Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен Роббим ҳузурида нур эдим”, дедилар”. Ушбу ҳадисни ҳофиз Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Қаттон ўзининг “Аҳком” асарида зикр қилган. Ваҳоланки, Ибн Қаттон ҳадис мунаққидларидан[8] ҳамда ҳадис бобида моҳирлиги машҳур бўлган кишилардан эди. Шу билан бирга ривоятга, ҳифзга ва бу борада пухта бўлишга энг кўп эътибор берадиган олимлардан эди.
Яна бу нуронийликни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасининг мазмуни ҳам тасдиқлайди:
“{ قد جاءكم من الله نور وكتاب مبين } [المائدة/15]،”
“Дарҳақиқат, Aллoҳдaн сизлaргa нур вa рaвшaн китoб кeлди”. Чунки кўплаб олимлар: “Ушбу оятдаги “нур”дан мақсад, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”, деб айтганлар. Имом Табарий, Ибн Абу Ҳотам ҳамда Қуртубийларнинг тафсирларида худди шундай тафсир қилинган.
Қатода айтади: “Ушбу оятдаги нурдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляпти”.
Пайғамбар алайҳиссалом туғилган пайтларида, оналари нурни кўрганлари ва бу нур Расулуллоҳ билан бирга чиқиб, Шом қасрларини ёритгани ҳақида собит бўлган кўпгина ривоятлар ҳам Пайғамбаримиз ҳақиқатдан ҳам нуроний бўлганларини қўллаб-қувватлайди.
Яна ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нуроний эканларини Табаронийнинг ҳадисида зикр қилинган жумлалар тасдиқ этади, ҳадисда шундай дейилган: “Биз Пайғамбар алайҳиссалом (гапирсалар) оғизларидан худди нур чиқаётганини кўрган эдик”, дейилган. Бу ҳадисни Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадис қувватлайди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар гапирсалар, нур тишларининг орасидан порлаётгандек кўринар эди”. Зарқоний бу ҳадисни Имом Термизий ва Доримий ривоят қилганини айтган.
“Шамоил”да Имом Термизий Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда ул зотни сифатлаб шундай дейилган: “Расулуллоҳда ўзларини улуғвор қилиб кўрсатадиган нурлари бор эди”.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Бир куни ўтирган эдим, Пайғамбар алайҳиссалом эса оёқ кийимларини таъмирлаб ўтирган эдилар. Шунда пешоналари терлай бошлади, терлардан эса нур пайдо бўла бошлади. Буни кўриб ҳайратланиб қолдим. Расулуллоҳ: “Сенга нима қилди, ҳайратланиб қолдинг?” дедилар. Мен: “Пешонангиз терлай бошлади кейин терлардан нур пайдо бўлди, агар Абу Кабир Ҳузалий сизни (шу ҳолатингизда) кўрганида эди, айтган шеърига сиз ҳақлироқ эканингизни билар эди”, дедим”. Чунки, Ҳузалий ўз шеърида шундай деган эди:
У пок бўлган эди, барча аёлнинг чангидан, бузуқлигу касаллигидан
Гар боқсанг унинг юзига, порлар эди у, юзларининг чақнашидан.
Баъзи илмсизлар (мазкур ҳадислар ва маълумотларни ўқиб) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нур бўлганларининг маъносини ул зот нур чиқарувчи жисм эдилар, деб тушунадилар. Бу эса нотўғри тушуниш, хато фикр. Улар бу хато ўйлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўёки, чироқ ёки электр лампочкасига чиқариб қўядилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ бундай жисмли бўлишлари мумкин эмас, у зот юксак, буюк, улуғ мартабага эгадирлар. Тўғри, биз ҳам нур чиқарувчи жисмлар қандай ёритадиган бўлса, худди ана шундай нур гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам кўринганини инкор қилмаймиз. Лекин бундай ҳолат доимий равишда бўлмаган. Балки, қачон ўша нарсага эҳтиёжлари туғилса, шунда пайдо бўлар эди, худди бошқа ғайритабиий мўжизалари каби. Ҳолбуки, бундай ҳолатлар даражалари Расулуллоҳдан пастроқ бўлганларда ҳам кузатилган. Масалан, улуғ саҳобий Усайд ибн Ҳузайрда содир бўлган воқеа каби.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Усайд ибн Ҳузайр билан Аббод ибн Бишр қоп-қоронғу кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдилар. Гаплашиб бўлганларидан кейин чиқиб кетдилар. Шунда бирларининг таёқлари чарақлаб йўлни ёриштирди. Улар таёқнинг ёруғлигида юриб борардилар. Бир-бирларидан ажралган вақтларида, ҳар бирининг таёғи нур чиқариб атрофни ёриштирди. Улар ҳам унинг ёғдусида кетдилар”. Имом Бухорий ўз саҳиҳларида зикр қилган.
Шунингдек, бундай ҳолат “Зин-нур” (яъни, нур эгаси) деб аталувчи улуғ саҳобий, давслик Туфайл ибн Амрда[9] ҳам содир бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келади ва (ўз юртидаги) қавмини ислом динига даъват қилмоқчи, бўлиб: “Мени уларга юборинг ва улар ишонишлари учун менга бир белги қилиб беринг”, дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим унда нур пайдо қил”, деб дуо қиладилар. Ўшанда икки кўзи орасида нур порлайди. Туфайл ибн Амр: “Эй Роббим, қавмим мени мусла[10] бўлибди, деб ўйлаб қолишларидан қўрқаман”, деганида, шу заҳотиёқ ана шу нур қамчисига кўчиб, зулматли кечада йўлни ёриштиради.
Муҳаммад
(соллаллоҳу алайҳи васаллам)
комил инсон
китобидан таржима
Баратов Ғиёсиддин
[1] Имом Термизий ривояти.
[2] Имом Термизий ривояти (Шамоилда)
[3] Абу Довуд ривояти. (Насимур-риёз, яъни “Боғ шамоли” китоби, 2\117)
[4] Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан муъаллақ ҳолда ривоят қилган бўлса, Ибн Можа уни муттасил ҳолатда ривоят қилган. (Насимур-риёз, яъни “Боғ шамоли” китоби 2\104).
[5] Имом Муслим ривояти. (Саҳиҳларида 3/127, Нававий шарҳи).
[6] Имом Термизий (Шамоилда), ҳамда Ибн Саъд ва Табароний ривоятлари.
[7] Одамларнинг тилларида машҳур бўлганлиги эътиборидан.
[8] Чуқур ўрганадиган, нозик қирраларигача эътибор берадиган, керакли ўринларда танқид қиладиган киши.
[9] Ибн Ториф ибр Ос ибн Саълаба ибн Салим ибн Фаҳм ибн Ғонам ибн Давс.
[10] Инсонни таҳқирлаб аъзоларини кесиб, майиб-мажруҳ қилишга мусла дейилади.
(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.
Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.
Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.
Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.
Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.
Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!
Қадрли дўстлар!
Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.
Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.
Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.
Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.
Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?
Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.
Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.
Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Муҳтарам юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.
Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.
Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.
Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.
Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.
Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.
Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Азиз ватандошлар!
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.
Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз
ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.
Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Қадрли дўстлар!
Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.
Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.
Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.
Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.
Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.
Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!
Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!
Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.
Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.
Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.
Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.
Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.
Азиз дўстлар!
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.
Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.
Қадрли юртдошлар!
Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.
Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.
“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.
Азиз ватандошлар!
Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.
Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.
Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.
Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.
Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.
Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.
Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.
Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.
Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.
Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!
Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!
Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!
Яшасин Ўзбекистон Республикаси!
Яшасин Ўзбекистон халқи!