Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446

ЭЗГУ ТАШАББУСНИНГ ҲАЁТБАХШ ОДИМЛАРИ

14.08.2024   6758   4 min.
ЭЗГУ ТАШАББУСНИНГ ҲАЁТБАХШ ОДИМЛАРИ

Маънавий юксалиш

Ҳар бир ҳожи — маънавият ва эзгулик тарғиботчиси

 

Жорий йилги ҳаж мавсуми ҳам доимгидек кўтаринки кайфиятда ўтди. Айни дам муқаддас ҳаж зиёратига борувчилар ҳаётида янги давр бошланди. Энди ҳажга бораётган киши қайтиб келгач, жамият ҳаётида муҳим ўрни борлигини ҳис этиб, сафарга ҳозирлик кўради.

 

Шу йил ҳаж мавсумида Президентимиз ҳожилар ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилгани тарихий воқеа бўлди. Бундай қувончдан руҳланган ҳожилар Мино, Арафот ва Муздалифада юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун дуолар қилди. Улар бир овоздан маънавият тарғиботчиси бўлиш ташаббусини илгари сурди. Сўнг ҳожилар Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида эзгу ташаббус лойиҳасини ишлаб чиқди ва “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида фаолият юритишга бел боғлади. Мазкур ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш ишлари республикамизнинг барча ҳудудида бирдек бошланди. Дастлаб республика ишчи гуруҳи томонидан маҳалла раислари, фаоллар, имом-хатиблар ва ҳожиларга маҳаллаларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича тушунтиришлар берилди, семинар-тренинглар ташкил этилди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳар бир ҳудудда ҳожилар ўз маҳалласидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотинч оилалар, ажрим ёқасида турган фуқароларга бириктирилди.

Ҳозир ҳар бир ҳожи жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ҳисса қўшмоқда. Улар ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат ва намуна кўрсатиб, маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, маҳаллалардаги айрим фуқаролар адашиб, эгри йўлга кириб қолмаслиги  чораларини кўрмоқда. Бунинг учун маҳаллаларда ҳожилар ва имом-хатиблар иштирокида тадбирлар ўтказилмоқда. Унда аҳолига аҳил-иноқлик, оилалар тотувлиги, ватанга садоқатнинг асл моҳияти содда, халқчил тилда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда. Бундай тадбирлар ҳожилар маънавият тарғиботчиси бўлишидек эзгу ташаббус нақадар тўғри ва ўз вақтида билдирилганини яна бир карра тасдиқлайди.

Хайрли тадбирлар бошланганига ҳали икки ой ҳам бўлмади. Ана шу қисқа вақтда ҳожилар иштирокида 10 мингдан зиёд маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилди. Улар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 37 мингдан ортиқ аҳоли билан дилдан суҳбат қилинди. Натижада ­оилавий низоларни бартараф этиш, ажрашиш ёқасидаги инсонларни яраштириш, нотўғри йўлга кириб қолган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш каби масалалар ижобий ҳал этилди. Қолаверса, ишсиз фуқароларга муносиб иш жойлари топишга кўмаклашилмоқда. Қувонарлиси, шу ишлар доирасида эҳтиёжманд оилаларга 825 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Шунинг ўзиёқ биргина ташаббуснинг кўлами, самараси қанчалик кенг эканини кўрсатади.

 

Сўз — ҳожилар, яъни маънавият ва эзгулик тарғиботчиларига:

Шарифжон ҳожи ота Дармонов Норин туманидан:

— Биз ҳаж ибодати давомида халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида кўп бора дуо қилдик. Мана, бугун ўзимиз ҳам маънавият, эзгулик тарғиботчиси бўлиб, маҳалламиздаги хонадонларга кириб, аҳоли билан мулоқот қиляпмиз. Учрашувларда бу ёруғ кунларнинг қадрига етиш, Аллоҳ берган чексиз неъматларга шукрона айтиш ҳақида ҳаётий ўгитлар асосида сўз юритмоқдамиз. Мақсад — ёшларимизни ҳаётда қоқилмай, ўз йўлини топиб кетишига оз бўлса-да ёрдам бериш. Зеро, фарзандларимиз бекорчи нарсаларга чалғимай, ўқиб-ўрганиб, оёққа туриб кетар экан, бундан нафақат маҳалламиз, балки бутун юртимиз фойда топади. Ҳадисларда таъкидланганидек, яхшиликка далолат қилган киши уни амалга оширган инсондек савобга эга бўлади. Демак, бугунги учрашувларимиз ҳам айни савобли амалдир.

Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби:

— Ҳожи мақомини олган инсон эзгулик тарғиботчисиман, ўзим яшайдиган кўча, маҳалла ва туманда ёшларга яхшиликда ибрат бўламан, дея мақсад қилиши қандай ажойиб иш! Ислом дини таълимотига кўра, ҳаж амали қабул бўлган инсонлар онадан туғилгандай гуноҳлардан покланади. Ибодат вақтидаги, ватанга қайтгандан кейинги дуолари ҳам ижобат бўлади. Ана шундай табаррук инсонларнинг сўзини барча жон-дили билан тинглайди, насиҳатларига оғишмай амал қилади.

Бугун пойтахтимизнинг барча маҳалла­ларига Тошкент шаҳридан ҳаж ибодатини адо этиб қайтган фуқароларимиз билан кириб бориб, уларнинг ҳол-аҳволини ўрганяпмиз, муаммоларига ечим топиш чораларини кўряпмиз.

“Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз” деган улуғвор шиор бежиз ўртага қўйилмади. Ҳақиқатан, хайрли ишларда бирлашсак, ҳамжиҳат бўлсак, ҳар қандай маррага етамиз, иншааллоҳ.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Сардор ТОЛЛИБОЕВ тайёрлади.


#gazeta

Бошқа мақолалар

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК АЗИЗ УСТОЗЛАР

1.10.2024   3031   1 min.

ОБИДХОН ДОМЛА ИКРАМОВ
Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари