Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Ҳаддидан ошган

10.09.2024   1486   2 min.
Ҳаддидан ошган

Динимиз мусулмонларни ҳар ишда мўътадил бўлишга чақиради. Биноба­рин, кишининг ҳар бир ишда меъёрни билиши уни саодатга элтади. У хоҳ бойлик, хоҳ меҳнат бўлсин, барчасининг меъёри бор. Ҳатто динда ҳам чуқур кетмаслик лозимлиги таъкидланади.

Бугун мана шу меъёрни билмай, динда чуқур кетиб адашганларни ҳам, бойликка ружу қўйиб кибрга кетганларни ҳам, эртадан кечгача меҳнат қилиб соғлиғини йўқотларни ҳам кўряпмиз. Интернету ижтимоий тармоққа муккасидан кетганларни айтмаса ҳам бўлади. Ўзганинг ҳаётини тармоқларда кузатаман деб ўз ҳаёти қолиб кетганлар қанча. Телевизору турли ўйинларга берилиб ёши ўтиб кетаётганлар ҳам етарлича. Уларни кўриб, умри беҳудага зое бўлаётганидан эзиласан киши.

Гоҳида давраларда, ўзаро мулоқот­ларда меъёридан ортиқ гапириш ҳам кишига оғир ботади. Кўп гапириш нутқнинг таъсир қувватини камайтиради. Натижада ўз ҳаддини билмаган киши қадрсизланади. Худди шундай ўта сертакаллуфлик ҳам хушомадга йўйилади. Шунинг учун киши ҳар ишда мўътадилликни ушлаши лозим.

Мўътадиллик борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ҳам барчага дастуриламал­дир. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қо­лишидан хавф қилиб, уларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. Пайғамбаримиз умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом мўминнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Сўзлаганда ҳам барчани эътиборга олиб сўзлар, ҳеч ким малолланмас эди. Мўътадиллик ҳақида у зот бундай дейдилар: “Албатта, дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Яъни, одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари, тоқати кўтармайдиган амалларга мажбурласа, охирида малолланиб, ҳаммасини ташлаб қўйиши мумкин.

Яна бир бошқа ҳадиси шарифда: “Иш­ларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, де­йилади. Шу боисдан Набий алайҳисса­лом са­ҳобаларни ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин, ўртача бўлишга чақирганлар.

Шунингдек, Қуръони каримнинг Қасос сураси 77-оятида: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма", дея таъкидланган. Бу оятдан дунё ва охират ишларида, ибодат масалаларида мувозанатни сақлаш лозимлигини англаш мумкин.

Ҳаётда меъёри тайин этилмас нарсалар ҳам бор. Булар илм, одоб, касб эгаллаш ва солиҳ амал. Сиз қайси йўлдасиз? Солиҳ ишлардами ё беҳуда амалларда?!

Анвар ҒУЛОМОВ,

Меҳнат фахрийси, Самарқанд шаҳри

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қайғуларингизни кичик хурсандчиликлар билан қувинг!

30.09.2024   441   2 min.
Қайғуларингизни кичик хурсандчиликлар билан қувинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига сурур бахш этадиган, жонларига оро кирадиган амалларни, ғам-ташвишлар қуюндек ёпирилганда қайғуларини аритиш учун талпинадиган бир қанча амалларни айтганлар. Бу эса у зотнинг биз умматларига улкан ҳадяларидан биридир.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бу дунёда менга жуфти ҳалолларим ва ёқимли ифорлар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қувончи эса намоз бўлди».

Ушбу набавий ҳадисни яхшилаб мулоҳаза қиладиган бўлсак, қисқагина бўлса ҳам, унда қайғуларни муолажа қиладиган улкан, нафис қоидалар, бахтли ҳаёт учун гўзал намуналар мужассам.

Буни сизга қуйида баён қилиб бераман:

Биринчидан, юқоридаги ҳадисни эшитганингизда хаёлингиздан нималар ўтди? Балки «Ҳадисда айтилган уч нарса бу дунёда Расулуллоҳга маъқул бўлган экан. Хўш, мен-чи? Бу дунёда мен нималарни ёқтираман, нима қилганимда роҳатланаман?» деган ўринли савол туғилгандир?

Мана, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бу дунёда ёқтирган нарсаларини санаб, айтиб бердилар. Келинг, биз ҳам Расулуллоҳга уммат ўлароқ эргашиб, ўзимиз учун бу дунёда маҳбуб бўлган, ҳалол бўлган, бажарганда завқ туядиган ишларни қалбимиз тубидан қидириб, уларни аниқлаб олайлик!

Иккинчидан, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирадиган уч нарса ҳақида озгина тафаккур қилсак, бу уч нарса уч жиҳатни ўз ичига олишини кўрамиз. Масалан, хушбўйлик моддий нарсаларни ифодаласа, аёллар ижтимоий ва шахсий ҳаётни тасвирлайди, намоз эса ибодат жумласидан.

Учинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёқтирадиган, қалблари таскин топадиган нарсаларни билардилар. Шунинг учун қийинчилик ва мусибат вақтида қайғуларини енгиллатиш учун шулар томон ошиқар эдилар. Масалан, у зот намозни севардилар, чунки намозда Аллоҳ таолога яқинлашиш бор. Шуннг учун қачон қайғуга ботсалар, намозга ошиқардилар.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бирон нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ранжитса, у зот намоз ўқирдилар».

Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан хафа бўлсалар, намоз ўқирдилар», дейилган.

Демак, Расулуллоҳ бирор нарсадан ранжисалар ёки қайғуга ботсалар, аввало намозга талпинар эканлар.

Мақолалар