Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

10.09.2024   4400   30 min.
Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар: 

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z «Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди» (Бақара сураси 2/31 оят);

 

Z «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси 39/9 оят).

 

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯  «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!

Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!

Гўзал хулқли кишига — Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

¯  «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

¯  «ОТА-ОНАга дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

 

¯  «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

 

¯  «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:

–     Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;

–     Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;

–     ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган». 

 

УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:

 

Þ    Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари томон бораётган экан, ушбу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.

Þ    Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, устозидан билим олаётганлар ҳам бор.

Þ    Тўғри, инсон ота-онасини, устозини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин ОТА-ОНАСИГА, УСТОЗИГА эҳтиром-ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!!!

Þ    Азозилни эслайлик. Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ! Чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди! Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва ҳайдалган.

Þ    Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган "ақлли"лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар ота-онасига, устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.

Þ    Одобнинг асли – ўзини нуқсонли, бошқани – комил кўрмоқликдир.

Одоби кам бўлган – ўзини комил, бошқаларни – нуқсонли кўради.

Þ    Банда шу тўрт нарса билан юксалади:

- илм;

- одоб;

- омонат;

- иффат.

Þ    Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир.

Þ    7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмайди.

Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган!

Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:

1) эркак – аёл;

2) эр – хотин;

3) ота-она – фарзанд;

4) катта – кичик;

5) илмли – илмсиз;

6) устоз – шогирд;

7) раҳбар – ходим.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.

Þ    Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Þ    Дедилар: "Дунёда асли ким азиз?"

Айтдилар: "Устоздир! Устоз, бегумон!"

Тағин айтдиларки: "Азиз, шубҳасиз,

Устозлар қадрига етолган инсон!"

Þ    Жоҳиллар даврасида ҳам, олимлар даврасида ҳам уларни тинглашни ўрганинг! Жоҳилни тинглаганда – сабрингиз, олимни тинглаганда – илмингиз ортади.

Þ    Илм эгаллаш асносидаги энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарур нарса – вақтдир.

Þ    Инсониятнинг ЭНГ Биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса (Қуръони карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида ЭНГ Буюк Устози – Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса ЭНГ Биринчи Устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Þ    Шараф сизга, олқиш сизга, азиз устозлар!

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур! (Алишер Навоий).

Þ    Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръони каримдаги энг биринчи хабар: «Ўқинг!» даъвати билан бошланиши бежиз эмас!

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

è «Ота-она рози – Худо рози!»;

 

è «Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»;

 

è «Уста бўлсанг, устозингни унутма!»;

 

è «Сабр таги – сариқ олтин»;

 

è «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,

Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга»;

 

è «Гул тикансиз бўлмас,

Дур – садафсиз»;

 

è «Устозингга тик қарасангтўзасан,

Ҳурмат қилсангаста-аста ўзасан».

 

 

 

Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосан

уламоларимиз белгилаб берган

УСТОЗГА нисбатан муомалаю маданият”даги

 

илм ўрганувчининг 77 та одоби:

 

1)    ҳар бир ишида ОТА-ОНАНИНГ дуоларини олишлик;

2)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР юзларига тик қарамаслик;

3)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ ранжитмаслик;

4)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сўзларини икки қилмаслик;

5)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА гап қайтармаслик;

6)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР айтганларини ерда қолдирмаслик;

7)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА ҳурмат ва итоатда бўлиш шарт;

8)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА барча ишларда бўйсуниши лозим;

9)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан тавозеъли бўлмоқ даркор;

10)    ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ УЛАР йўқ пайтларда ҳам ҳурматлаши лозим;

11)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА биринчи бўлиб салом беришлик;

12)    ОТА-ОНА, УСТОЗ ўрниларидан турдими, сиз ҳам туринг!;

13)    ОТА-ОНА, УСТОЗ олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!;

14)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан гаплашганда ўрнидан туриб гаплашишлик, ҳатто телефон орқали бўлганда ҳам;

15)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР олдиларида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирмаслик;

16)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА савол беришдан олдин рухсат сўрашлик;

17)    иложи бўлса таълим бераётган инсонга исм-шарифи билан эмас, балки "МУАЛЛИМ!" ёки "УСТОЗ!" деб мурожаат қилиш;

18)    УСТОЗ сўрамаган нарсалардан тилни тийишлик;

19)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗНИНГ гапларига ёки жавобларига эътироз билдирмаслик;

20)    ОТА-ОНА, УСТОЗ хатосини айтиб, билимдон эканлигини кўрсатмаслик;

21)    ОТА-ОНА, УСТОЗ олдиларида ён шериги билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир;

22)    ОТА-ОНАНИ, УСТОЗИНИ ҳурмат қилган инсон ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА қаратади;

23)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;

24)    ОТА-ОНА, УСТОЗ бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;

25)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «УСТОЗ?!», «УСТОЗЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;

26)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА, УСТОЗ телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;

27)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефонда гудок ташланмайди;

28)    агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;

29)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали гаплашганда УЛАРНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;

30)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;

31)    телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА, УСТОЗ телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;

32)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН телефон орқали келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;

33)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам УЛАРНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; ўзимиз юбормоқчи бўлган шахсий табрикномалар – мустасно;

34)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз;

35)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;

36)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;

37)    ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;

38)    телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;

39)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;

40)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;

41)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН узр сўралади;

42)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;

43)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН рухсат сўраш; агар УЛАР рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;

44)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;

45)    бошқа одам ОТА-ОНАМИЗНИ, УСТОЗЛАРНИ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз берилмайди;

46)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;

47)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;

48)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;

49)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;

50)    гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қўнғироқ қилинмайди;

51)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;

52)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;

53)    ОТА-ОНА, УСТОЗ билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;

54)    ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;

55)    ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқишга кетишдан олдин ҳамда ўқишдан келгандан кейин, бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳам ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб, “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим;

56)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;

57)    УСТОЗЛАРГА юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади;

58)    илм қалбга ўрнашади. Қалб тоза ва пок бўлса, унга илм мустаҳкам ўрнашади ва баракали бўлади;

59)    шу сабаб аввало – қалбини поклаш. У ҳар хил қалб касалликларидан соф ва пок бўлиши лозим. Қалбни кибр, риё, манманлик, менсимаслик, ғийбат, ёлғончилик, бировни кўраолмаслик ва бошқа зарарли иллатлардан халос этиш керак;

60)    тўғри ва чиройли ният қилиш. Киши олаётган илми орқали илмига холис амал қилишни, инсонларнинг қалбига маърифат зиёсини улашишни, халқнинг манфаати учун хизмат қилишни қасд қилиши лозим;

61)    ўзини бутунлай илмга бағишлаш. Толиби илм туну кун умрининг ҳар бир лаҳзасини илм олишга сарфлаши лозим. Зеро уламоларимиз: “Сен илмга борингни бермагунча, у сенга ҳеч нарса бермайди”, деганлар;

62)    бўш вақтларида Аллоҳнинг зикри билан, Пайғамбаримиз алайҳис саломга салавот айтиш билан, ўзининг қалбидаги орзу-тилакларини Худодан сўраб, дуо қилиш билан банд бўлиши даркор. Зеро илм – Аллоҳнинг нуридир! Аллоҳ таоло нурини Ўзи истаган бандасигагина беради;

63)    уйга берилган вазифани имкон қадар Қибла томон юзланиб бажаришлик;

64)    кўп ва тартибсиз овқат емаслик;

65)    бадантарбия билан шуғулланишлик;

66)    уйқуни меъёридан оширмаслик;

67)    доим баҳоли имкон батаҳорат бўлиб юришлик;

68)    киядиган либосларини покиза тутишлик;

69)    устоз танлашда шошмаслик. Бунда ҳам ОТА-ОНА билан маслаҳат қилиш. Улуғларимиз: “Илм – бу диндир, шунинг учун уни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар!” – деганлар;

70)    илм ўрганишдаги шерикларини ҳам ҳурматларини жойига қўйиш. Улар илм йўлида орттирган дўстлари ҳисобланади;

71)    илм ўрганишда дўстларига ҳам кўмак бериш;

72)    ўз тажрибаси орқали ўрганганларини бошқа илм ўрганувчилар билан баҳам кўриши ва имкони борича ёрдам бериши ҳам гўзал одобдир;

73)    илм олишига сабаб бўлаётган китоб, дафтар, қалам ва бошқа ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, оёқ остига қўймаслик ва, албатта, ҳар жойда эътиборсиз қолдирмаслик лозим;

74)    чиройли ёзиш;

75)    олаётган билимларини ёзиб бориш керак. Чунки ёзиш оқибатида илм мерос сифатида кейингиларга қолади;

76)    илмни яширмаслик. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига илмдан бирор насиба берган бўлса, ўша кишининг зиммасида олган илмини ўзгаларга етказиш вазифаси туради;

77)    ўрганган илмини яширмай, имкон қадар ўзгаларга етказишда, икки фойда бор:

- илмни етказгани учун савоб;

- илмни ўзгаларга ўргатган сари кўникма ва тажриба ҳосил бўлиши.

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган, Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илмни устоздан олиш шарт-ми? ёҳуд илм устозсиз бўлмаслигига 33 асос

30.09.2024   23   17 min.
Илмни устоздан олиш шарт-ми? ёҳуд илм устозсиз бўлмаслигига 33 асос

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ, у тўғри ва тартибли олинмаса кўзланган натижаларга эришилмайди. Бугунги кунда тобора кўпайиб бораётган ҳар ким ўзича илм ўрганиш иллати ҳақиқий билимларни йўқ қилишга сабаб бўлмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқ тизимларининг ривошланиши ҳам бу офатга ўз "ҳисса"сини сезиларли даражада қўшди.

Кириш

Ҳар бир соҳада юксак малакали, ўз касбининг чинакам мутахассисидан илм олиш лозим ва лобуддир. Акс ҳолда, бундан бошқа услублар адашишга олиб келади. Биробарин, устоздан илм ўрганиш тартибига барча замонларда, ҳатто Пайғамбарлар алайҳимуссалом ва ўтган жамики солиҳлар амал қилган. Зеро, бу ишончли билимга эга бўлишнинг ягона йўли саналади. Яна илмни устоздан ўрганишнинг афзал жиҳати шундаки, талаба олимларни қандай ҳурмат қилишни ўрганади (Қаранг: "Адаб ал-ихтилаф" Шайх Муҳаммад Аввома, 162-бет ва "Маъолим Иршодийя", 159-бет).

Ўтган салафи солиҳлар қоғозни шайх (устоз) қилиб олишдан Аллоҳдан паноҳ сўраб дуо қилардилар (Шайх Муҳаммад Аввома. "Маъолим Иршодия", 179-бет).

Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далиларни келтирамиз.


Қуръони карим оятларидан далиллар

  1. Бу дунё ҳаётида биладиганларнинг ҳам, билмайдиганларнинг ҳам бўлиши табиий ҳолатлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди :

﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾

"Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар" (Анбиё сураси, 7-оят).

2. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади:

﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

"(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик" (Наҳл сураси, 44-оят).

Ушбу оят бу масалада энг кучли ва энг аниқ далилдир.


Ҳадислардан далиллар

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди", дедилар (Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар).

"Саҳиҳ ал-Бухорий"га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бундай изоҳлайди: "Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир".

Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган. Юқоридаги икки муҳаддис ҳам бу ҳадисни ҳасан (яхши) деб ҳисоблаганлар.

4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили ушбу ҳадисдир: "Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натидажа адашадилар ва адаштирадилар", деганларини эшитдим"» (Имом Бухорий ривояти. 100-ҳадис).

Яна бундай ёзади: "Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ" ("Адаб ал-ихтилаф", 174-бет).

5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг "Муснади"дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: "Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир" ("Фатҳул-борий").


Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисоллар

6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар (Тафсир ал-Қуртубий(.

7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: "Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради" ("Жомиъу баёнил илм"; "Маъолим иршодия", 164-бет).

8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссалом билан бирга бўлганлари маълум ва машҳур .

9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссалом билан бирга бўлганлар.


Салафи солиҳларнинг сўзлари

10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Қаранг: Имом Муслимнинг "Саҳиҳ" асарининг кириш қисми).

11. V асрнинг машҳур муҳаддиси Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ўзининг "Тақйидул-илм" асарида бундай ёзади: "Классик даврнинг кўплаб олимлари вафот этганларида ўзларининг китобларини йўқ қилишди ёки бошқаларга ҳам шундай қилишни буюрдилар. Улар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишларидан қўрқиб шундай қилдилар".

Кейин бу ишни қилган мумтоз олимларнинг номларини санаб ўтди. Улардан: Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Киляба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ (61-62 бетлар).

12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда ҳалқа (доира)да ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: "Уларнинг раҳбари (ўқитувчиси) борми?" деган саволларига "йўқ" деган жавоб бўлганда: "Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар" деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. "Адаб ал-ихтилаф", 164-бет ва "Маъолим иршодия", 163-бет; "Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ", 2-жилд, 83-бет).

13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан "Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?" деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: "Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади" ("Адаб ал-ихтилаф", 165-бет; "Маъолим Иршодия", 163-бет).

14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Қадимги замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож" ("Адаб ал-ихтилоф", 174-бет; "Маъолим иршодия", 174-бет).

15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак" ("Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ", 2-жилд, 83-бет; "Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис", 259-бет).

16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат" ("Адаб ал-ихтилаф", 178-бет).


Ўтган салафи солиҳларнинг тутган йўли

Ўтмиш олимларининг ҳаётини ўрганган киши улар узоқ вақт сарсон-саргардонликда ва ўз устозлари даврасида ўтказганларининг гувоҳи бўлади.

Бу саҳобалар, тобеъинлар ва уларга эргашганларнинг ҳаётида яққол намоён бўлувчи ҳолатдир. Улар илмни ўзларидан олдингилардан олганлар. Бинобарин тобеъин бу номни фақат саҳобалар билан алоқа қилгандан кейин олиши мумкин эди. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) "мулозама" – қатъиятлилик ҳисобланмайди (Қаранг: "Маолим иршодия"даги изоҳлар, 177-бет).

17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган" ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

 

10 та мисол :

1. Нуъайм Мужмир раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳузурида 20 йил яшади ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

2. Собит Бунони раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳу билан 40 йил яшади ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

3. Нофиъ ибн Абдуллоҳ айтадилар: "Мен 40 йил давомида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг дарсларида қатнашдим" ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).

4. Каънабий ҳам Имом Молик раҳимаҳумуллоҳ ҳузурида 20 йил ўтказдилар ("Тартибул мадарик").

5. Имом Абдураҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ Имом Молик розияллоҳу анҳу билан бирга 17 йил яшадилар ("Тартибул Мадарик"; Қаранг: "Сафаҳат мин сабрил улама", 116-бет).

6. Муҳаммад ибн Жаъфар 20 йил Шуъба раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлдилар ("Хуласатул Хазрожий", 330-бет).

7. Абу Сафвон, Абдуллоҳ ибн Абдумалик Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ билан 10 йил бирга бўлган ("Саҳиҳ Муслим" 3353-ҳадис).

8. Муҳаммад ибн Башар 20 йил Яҳё Қаттон раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлди.

9. Салама ибн Шабиб 40 йил Имом Абдураззоқ раҳимаҳуллоҳ ҳузурида бўлди ("Ал-Жомиъу ли ахлақир-ровий", 2-жилд, 265-бет).

10. Имом Муслим Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга олти йил ҳамроҳлик қилди ("Сияр аълам ан-Нубала").

19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бунинг сабабини баён қилади: "Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди" ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).

20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган" ("Адаб ал-ихтилаф", 176-бет).


21. Илм йўлидаги сафарлар.

Бу ерда муҳокама қилинадиган яна бир нуқта, салафларнинг сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир. Китоб билан қаноатланиш инсонни сафарга чиқиб, мусофирликда узоқ юртларда қолишга мажбурламайди.

1. Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди ("Сафоҳат мин сабрил улама", 60-бет).

2. Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйдан узоқда ўтказдилар ("Сафоҳат мин сабрил улама", 65-бет).

3. Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: "Мен 35 йилдан бери сафардаман", деганлар ("Сафоҳат", 61-бет).


22. Ер юзи бўйлаб илм излаган олимлар

Толиби илмлар сафарлари чоғида бирор олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдирмадилар.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: "Муснад"ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган ("Саид ал-Касир"; "Сафаҳат мин сабрил улама", 54-бет) .

Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим" ("Сафоҳат мин сабрил улама", 64-бет).


23. Фақат битта устоз эмас!

Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.

1. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: "Мен 1080 та устоздан ҳадис ёздим", деганлар ("Ҳадю ас-сарий", 670-бет).

2. Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим" ("Тазкиратул-хуффоз", 3-жилд, 921-бет).

3. Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди ("Тазкиратул-хуффоз", 3-жилд, 1032-бет).

4. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 мингта устоздан илм олган ("Тазкиратул-ҳуффоз", 1-жилд, 276-бет).

5. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устозлари борлиги хабарлардан келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий "Ал-Хайратул-ҳисон"; Қаранг: "Асорул-ҳадис", 176-бет(.

6. Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: "У зот: "6 минг шайхдан ҳадис ёздим", дедилар ("Сафоҳат"га изоҳ, 64-бет).

24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ "Адабул ихтилоф" китобида алоҳида таъкидлаб бунай ёзади: "Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди".

25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: "Овозингни ўчир! Сизнинг устозингиз йўқ" ("Адаб ал-ихтилаф", 164-бет).

26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан ташкил топган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ" ("Олтин қўлланма", Англия, 8-бет; "Маъолим иршодия", 160-бет ва "Адаб ал-ихтилаф", 164-бет).


Хатоларнинг ўзгаришлари

27. Имомлар Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар ("Тақйид ал-Илм", 61-бет ва унга оид эслатмалар).

28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди" ("Тақйид ул-илм", 64-бет).

Бошқа ривоятда бундай дейилади: "... китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!" ("Сунани Доримий", 467-ҳадис).


Эслатма!

Олдинги икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлашдир. Асл одоби бу китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганишдир. Биз ўз олдимизга китоблар обрўсини туширишни мақсад қилиб қўймаганмиз.

29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: "Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади" ("Адаб ал-ихтилоф", 172-бет; "Маъолим иршодия", 172-бет).

30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди" ("Фатво Ҳадисия"; Қаранг: "Адаб ал-ихтилаф", 165-бет).

31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган) ("Адаб ал-ихтилаф", 176-бет).


Хулоса

32. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз "фатво" ёки "мақола"ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.

33. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз :Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида машғулотлар" ("Адаб ал-ихтилоф", 162-бет; Қаранг: "Маъолим Иршодия", 174-бет).

Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини узун қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар