Саҳобаларнинг баъзилари жангдаги қаҳрамонлиги билан танилган бўлса, баъзилари илм тарқатиш ва тақвоси билан ном қозонганлар. Фарзандлари сабаб тарихга муҳрланганлари ҳам бор.
Шулардан бири хазражлик саҳоба Башир ибн Саъд ибн Саълаба ибн Хилос ибн Зайд ибн Молик асли мадиналик бўлиб, Бадр жангида иштирок этган. У ўғли Нўъмоннинг исми билан “Абу Нўъмон” кунясини олган. Онаси Унайса бинти Халифа ибн Аъдий ибн Амр ибн Имриул Қайс. Башир Аъмра бинти Равоҳа деган аёлга уйланиб, Нўъмон деган фарзанд кўришди. Бу аёл ҳам Исломга кириб, Расулуллоҳ алайҳиссалом йўлига эргашган. Бу аёл машҳур саҳобий шоир Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг синглиси эди.
Башир ҳижратдан олдин Мадинаи мунавварада мусулмон бўлган. У нубувватнинг ўн иккинчи йили ҳаж мавсумида Хазраж ва Авс вакиллари билан Расули акрамни бориб кўришган эди. Иккинчи Ақабада ҳам байъат қилиб, Мадинага қайтиб кетди.
Башир ибн Саъд жоҳилият даврида ёзишни яхши биларди. Ўша вақтда хат-саводли одамлар жуда кам бўлган.
У Расулуллоҳ алайҳиссалом қаерга борсалар, у зотга мулозим бўлган. Расули акрам иштирок этган жанглар ва ғазотларда ёнларида турган. У иниси Симок билан Бадр ғазотида, Уҳуд, Хандақ ва ундан кейинги жангларда ҳам қатнашди.
Хандақ ғазотида унинг ўзига хос ўрни бор. Расули акрам Башир ибн Саъд ҳижрий еттинчи йил шаъбонда Фадакка ўттиз кишилик сарияга бош қилиб жўнатдилар. Сўнг Водил қуро томонга шаввол ойида яна бир сарияга бош қилиб юборилган эди.
Башир саҳобий, фозил ва солиҳ киши эди. Расули акрам унга алоҳида эътибор бериб муомала қилардилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқнинг халифа бўлишида биринчилар қаторида қўллаб-қувватлади.
Ибн Асокир айтишича, муҳожирлар ва ансорлар ўтирган бир мажлисда Умар ибн Хаттоб бундай деди: “Биласизларми, баъзи ишларга (енгил қараб) рухсат берсам, нима қилган бўлардингиз?” Ҳамма жим қолиб индамади. Бу гапини икки ё уч марта такрорлади. Башир ибн Саъд деди: “Агар шундай қилсангиз, ўқни қандай тўғриласак, сизни ҳам шундай тўғрилаган бўлардик”, деди. Ҳазрати Умар уни бу гапи учун мақтади.
“Саҳиҳ”да Абу Масъуд Ансорийдан мана бу гапи собит бўлган: «Биз Саъд ибн Убода билан суҳбатлашиб ўтирганимизда Расули акрам келиб қолдилар. Башир ибн Саъд у зотдан: “Ё Расулуллоҳ, бизлар сизга салавот айтишга буюрилдик. Салавотни қандай айтамиз?” деб сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом сукут қилдилар. Бизлар қанийди бу саволни бермаса эди, деб хижолат бўла бошладик. Сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад ва ала оли Муҳаммад, кама соллайта ала Иброҳийма ва борик ала Муҳаммад ва ала оли Муҳаммад, кама барокта ала Иброҳийма фи оламийн. Иннака Муҳаммад мажийдун. Вас-салому кама аълимтум”, дедилар».
Ибн Ҳишом, Ибн Саъд ва Воқидий Баширнинг қизи олиб борган баракали хурмо қиссасини бундай ҳикоя қиладилар: «Башир ибн Саъднинг қизи айтади: “Онам Умра бинти Равоҳа мени чақириб, этагимга бир идиш хурмони тўкиб, эй қизим, буни отанг ва тоғанг Абдуллоҳ ибн Равоҳага олиб бор. Мен хурмони олиб бораётиб Расулуллоҳ алайҳиссалом олдиларидан ўтдим. Мен одамлар орасидан отам билан тоғамни излаётган эдим. Шунда Расули акрам менга: “Бу ёққа кел, эй қизим, сен нимани олиб юрибсан?” дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, бу хурмо, отам Башир ибн Саъд ва тоғам Абдуллоҳ ибн Равоҳага онам бериб юборди”, дедим. У зот: “Бу ёққа олиб кел”, дедилар. Мен Расулуллоҳ кафтларига озгина хурмо бердим. Сўнг бир кийим хурмо учун тўшалди. Бир дона хурмо кийим устига думалаб кетди. Шунда у зот бир кишига Хандақ аҳлини хурмога келинглар деб чақиришни буюрдилар. Хандақ аҳли хурмо дарагини эшитиб биз турган жойга етиб келишди. Ҳар бирлари хурмодан олиб едилар. Қанча киши еганида ҳам хурмо камайиш ўрнига зиёда бўлиб борарди. Ҳатто Хандақ аҳли ўрнидан туриб кетдилар. Қарасам, кийим атрофида хурмо доналари қолиб кетган эди.
Башир ибн Саъддан ўғли Нўъмон ибн Башир ҳадис ривоят қилган, ўғли Нўъмондан Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилган.
Башир ибн Саъд иниси Симок билан ҳижратнинг ўн иккинчи йили Ироқда ҳалок бўлган. Башир Ислом ва иймон нури у ерга етиб бориш йўлида жон фидо этган эди.
Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.
Манбалар асосида
Бобомурод ЭРАЛИ
тайёрлади.
Қиёмат қоим бўлишининг яна бир белгиси – мусулмонларнинг Қуддусни фатҳ этиши саналади.
Сийрат ва тарих илми бўйича мутахассислар Қуддус фатҳи Умар розияллоҳу анҳу даврида ҳижрий 16 йилида якунланганини қайд этишган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шахсан ўзлари Қуддусга маҳаллий аҳоли билан тинчлик шартномаси тузиш учун борадилар ва у ерда масжид қурилади.
Имом Аҳмад Убайд ибн Адамдан унинг Каъбул Ахбор билан суҳбатини келтиради:
“Умар розияллоҳу анҳу сўрадилар:
- Намозни қаерда ўқиганим яхши, деб ўйлайсиз?
Каъб айтади:
Умар розияллоҳу анҳу дедилар:
- Йўқ, бу яҳудийларникига ўхшаш бўлиб қолади. Мен намозимни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам адо этган жойда ўқийман.
Кейин Умар розияллоҳу анҳу қибла томонга қараб намоз ўқидилар, сўнг ридоларидан чангларни қоқиб ташладилар.
Шу ўринда Каъбул Ахбор раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида тўхталиб ўтсак. У аҳли китобларнинг буюк олимларидан бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида Исломни қабул қилган. Умар розияллоҳу анҳу даврида Мадинага кўчиб ўтган. Сўнгра Шомда яшади ва Усмон розияллоҳу анҳу даврида вафот этган.
Маълумки, салибчилар Қуддусни 100 йил давомида эгаллаб турди. Ниҳоят бу муборак жойни буюк жангчи ва ҳимоячи Султон Салоҳиддин раҳимаҳуллоҳ фатҳ этган.
Аллоҳ таоло унга Умар розияллоҳу анҳунинг ғалабасидек ғалаба берди. Ғалаба кўлами бўйича унга тенг келадигани Константинополни забт этган Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ эди.
Муҳаммад Фотиҳ (ҳижрий 832-886 / милодий 1432-1481) – 1444 ва 1451-1481 йилларда Усмонли султони. У фатҳ сиёсатини фаол олиб борди. Усмонли қўшинининг 26 та юришига раҳбарлик қилган. Константинополни 1453 йил қўлга киритди ва уни Усмонли халифалигининг пойтахтига айлантирди.
Византия мавжудлигига нуқта қўйди, кейин Сербия (1459), Мореа (1460), Требизонд империяси (1461), Босния (1463), Эвбеяни (1471) фатҳ этди.
Караман подшоҳлиги (1471), Қрим хонлиги ва Албанияни бўйсундирди (1475), Албания (1479). Оққўюнли давлати ҳукмдори Узун Ҳасан билан муваффақиятли урушлар олиб борган.
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.