Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига сурур бахш этадиган, жонларига оро кирадиган амалларни, ғам-ташвишлар қуюндек ёпирилганда қайғуларини аритиш учун талпинадиган бир қанча амалларни айтганлар. Бу эса у зотнинг биз умматларига улкан ҳадяларидан биридир.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бу дунёда менга жуфти ҳалолларим ва ёқимли ифорлар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қувончи эса намоз бўлди».
Ушбу набавий ҳадисни яхшилаб мулоҳаза қиладиган бўлсак, қисқагина бўлса ҳам, унда қайғуларни муолажа қиладиган улкан, нафис қоидалар, бахтли ҳаёт учун гўзал намуналар мужассам.
Буни сизга қуйида баён қилиб бераман:
Биринчидан, юқоридаги ҳадисни эшитганингизда хаёлингиздан нималар ўтди? Балки «Ҳадисда айтилган уч нарса бу дунёда Расулуллоҳга маъқул бўлган экан. Хўш, мен-чи? Бу дунёда мен нималарни ёқтираман, нима қилганимда роҳатланаман?» деган ўринли савол туғилгандир?
Мана, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бу дунёда ёқтирган нарсаларини санаб, айтиб бердилар. Келинг, биз ҳам Расулуллоҳга уммат ўлароқ эргашиб, ўзимиз учун бу дунёда маҳбуб бўлган, ҳалол бўлган, бажарганда завқ туядиган ишларни қалбимиз тубидан қидириб, уларни аниқлаб олайлик!
Иккинчидан, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирадиган уч нарса ҳақида озгина тафаккур қилсак, бу уч нарса уч жиҳатни ўз ичига олишини кўрамиз. Масалан, хушбўйлик моддий нарсаларни ифодаласа, аёллар ижтимоий ва шахсий ҳаётни тасвирлайди, намоз эса ибодат жумласидан.
Учинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёқтирадиган, қалблари таскин топадиган нарсаларни билардилар. Шунинг учун қийинчилик ва мусибат вақтида қайғуларини енгиллатиш учун шулар томон ошиқар эдилар. Масалан, у зот намозни севардилар, чунки намозда Аллоҳ таолога яқинлашиш бор. Шуннг учун қачон қайғуга ботсалар, намозга ошиқардилар.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бирон нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ранжитса, у зот намоз ўқирдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан хафа бўлсалар, намоз ўқирдилар», дейилган.
Демак, Расулуллоҳ бирор нарсадан ранжисалар ёки қайғуга ботсалар, аввало намозга талпинар эканлар.
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати